Тил – давлат тимсоли, мулки

“Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни, мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она-Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”.

Шавкат Мирзиёев.

Биз ким ўзбеклар, не-не тарихий синовларни бошидан ўтказган, шонли ўтмишга, қадим-қадимдан ўз давлатига эга бўлиб келаётган халқмиз. Бу халқни бирлаштириб турган маънавий белбоғимиз – она тилимиздир.

Она тили - миллатнинг руҳи. Тил – давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш - миллатнинг юксалиши демак. Конституциямизда давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Тилимиз ҳам қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Тилимиз мана шундай олий даражага эришгунига қадар қанча шонли тарих дарғаларини босиб ўтди. Мен шуни мамнуният билан айтишим мумкинки, ҳар бир даврда она тилимиз сайқалланиб, дунё назарига туша бошлади. XV аср тилимизнинг энг гуллаган даври эди, десам адашмайман. Aбдулла Ориповнинг таъбири билан айтадиган бўлсам:

Темур тиғи етмаган жойни

Қалам билан олди Aлишер.

Тарихга юзланар эканмиз, мустабид тузум даврида ўзбек тилининг мавқейини пасайтиришга уринишлар кўп бўлди. Собиқ иттифоқ даврида она тилига бўлган беписандликка қарамай, халқимиз ўз миллий тилини сақлаб қолди.

1989 йил 21 октябрни тарих зарварақларига “Ўзбекнинг қадри тикланган кун” деб ёзиб қўйса бўлади. Ўша кундан бошлаб тилимизга бўлган эътибор кучайса кучайдики, аммо сусайгани йўқ.

Aйниқса, Президентимизнинг БМТ Бош Aссамблеясининг 75-сессиясида илк марта ўзбек тилида нутқ сўзлаши она тлимизнинг нуфузини янада оширди.

Халқаро ҳамжамият томонидан “Навоий тили” деб эътироф этадиган она тилимизга нисбатан катта ва муҳим воқелик бўлди. Тилимизга бўлган эътибор муҳим даражага кўтарилар экан, яна бир қанча ишлар амалга оширилди.

Жумладан:

- 21 октябрь “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган кун оммавий тадбир тарзида нишонланадиган бўлди;

- Барча давлат структура ходимлари учун мажбурий равишда лотин ёзувини ўрганиш курслари ташкил қилинди;

- давлат бошқарув органларидаги барча ҳужжатлар лотин ёзувида юритилмоқда;

- вилоят, шаҳар, туман ҳокимларига маслаҳатчиси жорий этилди;

- топонимик объект номлари ташқи реклама воситалари тўлиқ хатловдан ўтказилиб, лотин ёзувида ёзилиши йўлга қўйилди.

Бундай юксак жасорат билан қилинган ишларни биз ёшлар давом эттиришимиз керак. Чунки йиллар ўтиб, қайси юртнинг фарзандлари ўқишни тўхтатса, ўша тил йўқолиб кетади. Шу сабабли тилимизни ёт ғоялардан сақлашимиз керак.

Феруза Махамматова,

Самарқанд шаҳридаги

69-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси.