Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тил софлигига ҳар биримиз масъулмиз

Ҳар бир миллат ўз она тилининг тараққиёти ҳақида қайғурмаса, у тил бора-бора истеъмолдан чиқиб кетади, яъни унинг ўрнини бошқа тиллар эгаллайди. Шунинг учун ҳам ҳар бир миллат ўз она тилини қадрлаши, унинг ривожига ҳисса қўшиши лозим. 2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзо чекди. Унга биноан, “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинган куннинг тарихий ўрни ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда, 21 октябрь санаси юртимизда “Ўзбек тили байрами куни” деб белгиланди.

Байрам арафасида вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерали ТЕМИРОВ билан тилимизнинг ютуқ ва камчиликлари ҳақида суҳбатлашдик.

- Авваллари тилимизга русча сўзлар кириб келган бўлса, эндиликда инглизча сўзлар истеъмолда ишлатиляпти. Масалан, пресс-конференция (матбуот анжумани), фейк хабар (ёлғон хабар), эксперт (мутахассис), линк (ҳавола) каби сўзлар барча оммавий ахборот воситаларида қўлланиляпти. Ушбу сўзларнинг ўзбек тилида муқобили бўлгани ҳолда инглизча сўзларни тилимизга кириб келаётганига қандай қарайсиз?

- Биласизми, тарихдан маълумки, тиллар доимо ўзаро алоқада бўлади ва шу алоқа орқали бир-бирининг луғат таркибини  бойитиб боради. Бироқ, бунда ҳам маълум меъёр бўлиши керак. Агар кириб келаётган янги сўзнинг тилимизда муқобили бўлмаса, уни қабул қилиш табиий ҳол деб қаралиши керак. Аммо пресс-конференция, фейк хабар, эксперт, линк кабиларнинг тилимизда матбуот анжумани, ёлғон хабар, сохта хабар, мутахассис, ҳавола, илова каби улар ўрнида қўллана оладиган муқобилларини ишлатиш мумкин бўлгани ҳолда бошқа тилдагисини қўллаш, менимча,  нотўғри. Ўзбек тили дунёдаги энг кўп шевали тил. Бу тилда сўзловчилар ҳам кам эмас, дунё бўйича 50 миллиондан кўпроқмиз. Шундай экан, тилимизга кириб келаётган ҳар қандай янги сўз ёки иборани Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш департаменти ҳузуридаги махсус комиссия ўрганиб чиқиши, муқобилини топиши, муқобили топилмаса, унинг истеъмолга киритилиши бўйича хулоса бериши керак, деб ўйлайман.

- Кўчаларда жой номлари ҳали ҳам ажнабий тилда ёзилганига гувоҳ бўляпмиз. Назаримда, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари амалда сезиларли ишламаётгандек...    

- Бу масалада мутлақо ҳақсиз. Тўғрисини айтадиган бўлсак, жой –  географик объектлар (кўчалар, хиёбонлар, ресторанлар, ошхоналар, қаҳвахоналар, кичик корхоналар, дўкон ва бошқалар)га ном қўйишда кўпроқ тадбиркорларнинг таъби билан иш кўрилаётганга ўхшайди. Тўғри, тадбиркор ўзи очаётган объектига ном танлаш ҳуқуқига эга. Бироқ танланган ном ўзбек халқи менталитетига мос бўлиши, тарихимизга, маънавиятимизга, қадриятларимизга таянилган ҳолда танланиши мақсадга мувофиқдир. Айрим тадбиркорлар харидор ёки мижозларни ўзига жалб қилади, деб ўйлаши тўғри эмас. Аксинча, чет элдан келган сайёҳлар кўпроқ миллий номланган жойларга интилади, маҳаллий сайёҳлар ҳам бундай емакхона ва савдо мажмуаларидан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилади. Жой номлари танлашда тадбиркорларда ташаббускорлик етишмаётган экан, ҳокимликлар уларга яқиндан ёрдам бериши, замон талабини тушунтириши керак.

- Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига 28 йилдан буён имиллаб ўтяпмиз. Бу ҳолат катта ёшлиларнинг кирилл ёзувида, ёш ва ўрта ёшлиларнинг лотин ёзувидан фойдаланишига сабаб бўлди. Фақат таълим тизими тўлиқ лотин ёзувига ўтди, бироқ бошқа соҳалар ҳамон кирилл ёзувидан фойдаланмоқда. Биргина ёзувни ўзгартириш шунча вақтни талаб этса, кирилл ёзувида қолган яхши эмасми?

- Бу жуда мураккаб масала. Кирилл алифбосининг тақдири 1992 йил сентябрь ойида “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши билан узил-кесил ҳал этилган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг қабул қилинган “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонун ўз вақтида ва тўғри қабул қилинган эди. Алифбога мос имло қоидалари ҳам ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Бироқ 1995 йил май ойида бу қонунга киритилган тузатиш ва қўшимчалар туфайли уни амалга тўлиқ татбиқ этиш сусайиб кетди. Бу алифбодаги ўзгаришлар саводхонлигимизнинг ошишига хизмат қилиши керак эди. Афсуски, бундай бўлиб чиқмади. Шунинг учун ҳам “Давлат тили ҳақида” ҳамда “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида”ги қонунларнинг ҳаётга тўлиқ татбиқ этилиши муддатлари бир неча бор узайтирилиб, натижада уларнинг охири кўринмай қолди. 2019 йилга келиб Президентимиз бу масалага жиддий эътибор қаратиб, бир неча қарор ва фармонларга имзо чекди. Ҳозир барча мактабгача таълим ташкилотларида, ўрта умумтаълим мактаблари, академик лицейлар, коллежлар, олий таълим муассасалари, кўпгина муассаса, ташкилот ва корхоналарда таълим-тарбия, иш қоғозлари юритиш давлат тилига ва янги алифбога ўтказилган. Баъзиларида давлат тилига ва янги алифбога ўтказиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 10 февралида Вазирлар Маҳкамасининг “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 61-сонли қарори қабул қилинди. Унда 21 банддан иборат “йўл харитаси” ишлаб чиқилган. 2023 йил 1 январдан бошлаб ташкилий-ҳуқуқий соҳасидан қатъий назар барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиёти тўлиқ жорий этилади.

- Сизнингча, ўзбек тилининг софлигини сақлаб қолиш учун курашиш керакми ёки шунчаки тил тараққиёти деб ҳисоблаш тўғрими?        

- Ўзбек тилининг софлигини сақлаб қолиш учун албатта курашиш керак. Бу кураш осонликча бўлмайди. Буюк бобомиз Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари томонидан юзлаб шевалар ичидан танлаб олинган ва адабий тил даражасига кўтарилган, кўплар ўрганишни, гапиришни ҳавас қиладиган она тилимизни ички ва ташқи тажовузлардан ҳимоя қилишимиз, унинг софлиги учун ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Ҳар биримиз ўз нутқимизда имкон қадар ўзбек тилининг грамматик, морфологик, фонетик қонуниятларига риоя қилишимиз, ўзбек тилида қўлланиладиган сержило сўзлар ва ибораларни ишлатишимиз, улар ёрдамида гўзал ифодалар яратишимиз, таъсирчан, ранг-баранг нутқ ирод қила олишимиз лозим. Ана шунда тилимиз ҳам, нутқимиз ҳам тараққий этади, мукаммаллик сари юз тутади.

- Ҳокимликлар қошида ҳокимнинг тил масаласи бўйича маслаҳатчилари штати жорий қилинганига 2 йил бўлди. Шу давр ичида маслаҳатчилар томонидан қандай ишлар қилинди?

- Вилоятдаги туман (шаҳар) ҳокимларининг маслаҳатчилари томонидан давлат тили ҳақидаги қонун ва унинг ижроси бўйича амалга оширилган ишлар вилоят телерадио каналларида, ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситларида кенг ёритилиб борилмоқда. “TIL – MILLAT KO‘ZGUSI” номли ахборот-ижтимоий тармоғи ташкил этилган бўлиб, унда давлат тили ҳақида чиқарилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, вилоятда олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишлари, ўзбек тилининг асосий имло қоидалари, давлат тилида иш юритиш билан боғлиқ материаллар, жой номлари ҳақида маълумотлар мунтазам бериб борилмоқда.

Вилоят бўйича жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоят, шаҳар ва туман ҳокимларининг маслаҳатчилари томонидан шу соҳада қабул қилинган фармонлар ва қарорлар ижроси юзасидан жойларда 300 га яқин тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилди.

Вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари томонидан ўрнатилган ташқи реклама воситаларининг давлат тилига мос келмайдиган жиҳатларини тартибга келтириш борасида 2 йил давомида олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида бугунги кунда 15 мингга яқин ташқи реклама воситалари тартибга келтирилди.

Ўзбекистон Республикасининг “Географик обектларнинг номлари тўғрисида”ги қонуни ижроси юзасидан ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Жумладан: Нарпай туманида номи қонун талабларига зид бўлган 16 та аҳоли пункти, номи маҳаллий ҳужжатларда бор-у, давлат реестр базасида бўлмаган 949 та кўча, 2 та зиёратгоҳ, 96 та қабристон номлари, Жомбой туманида 225 та кўча номлари, Нуробод туманида 1 та янги аҳоли пункти, номи қонун талабларига зид бўлган 99 та кўча номлари экспертизадан ўтказилиб, халқ депутатлари вилоят шаҳар/туман Кенгашлари қарорлари билан тасдиқланди ва давлат реести баъзасига киритилди. Ургут туманида 13 та янги маҳаллалар ташкил этилиб, уларга ном берилди. Бундан ташқари, Нуробод туманида 39 та қабристон, 4 та зиёратгоҳ, 1 та истироҳат боғи, Самарқанд шаҳрида 1 та янги маҳалла номи, номсиз ва номи қонун талабларига зид бўлган 130 та кўча, Каттақўрғон шаҳрида номсиз 68 та кўча, Тойлоқ туманида номсиз 49 та кўча, 18 та қабристон, Оқдарё туманида номсиз 10 та кўча, Иштихон туманида номи маҳаллий ҳужжатларда бор-у, давлат реестр базасида бўлмаган 632 та кўча, Қўшработ туманида номсиз 33 та кўча, Ургут туманида номсиз 10 та кўча, Булунғур туманида номи қонун талабларига зид бўлган 1 та маҳалла, 4 та аҳоли пункти, номи маҳаллий ҳужжатларда бор-у, давлат реестр базасида бўлмаган 484 та кўча, 36 та қабристон, 2 та майдон, 4 та зиёратгоҳ, Каттақўрғон туманида номи қонун талабларига зид бўлган 6 та маҳалла, номи маҳаллий ҳужжатларда бор-у, давлат реестр базасида бўлмаган 134 та қабристон, 452 та кўча, Пайариқ туманида 1390 та кўча, 39 та қабристон номлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлигининг ижобий экспертиза хулосалари олинди.

Лекин бу ишлар билан ҳали мақтана олмаймиз, қилган ишларимиздан қилмаган ишларимиз кўп. Олдимизда қилинадиган ишлар анчагина. Бу борада барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришимиз лозим.

Хуршида Эрназарова суҳбатлашди.