Тинчлик қадри

Касбимиз тақозоси билан кўп марта Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари билан суҳбатлашиш, улар ҳақида мақолалар тайёрлашга тўғри келган.

Уруш иштирокчилари билан ўтказилган тадбирлардан, учрашувлардан ахборотлар берганмиз. Ўша материалларда кўп ҳолларда “фахрийлар фронтдаги қирғинбарот жанглар ҳақида гапириб берди”, “уруш йилларини хотирлади”, “жангларда кўрсатган қаҳрамонликларини ҳикоя қилди” каби одатий жумлаларни қўллаганман. Ҳаётнинг жуда оғир синовларини енгиб ўтган, ўлим билан юзма-юз бўлган инсонларнинг ҳикоялари кўпинча кўз ёши билан тугашини ўзимча қариликка йўйганман ёки сафдошлари ёдига тушди, деб ўйлаганман. Ёки уларнинг уруш ҳақида гапиришни истамасликларини ҳам бошқача тушунганимиз рост. Албатта, ҳар сафар уруш қатнашчилари билан суҳбатдан маълум бир хулосалар чиқарганман, сабоқ олганман.

Аммо яқинда Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан МДҲ мамлакатлари ахборот агентликлари журналистлари учун Россия ва Беларусдаги беш қаҳрамон шаҳар – Москва, Брест, Минск, Санкт-Петербург ва Волгоград бўйлаб ўтказилган “Ғалаба йўллари” номли халқаро медиа-турда қатнашгач, уруш ва уруш қатнашчилари ҳақидаги фикрларим ўзгарди. Уларнинг биз учун қизиқ бўлган ҳикоя ва хотираларни ёдга олишлари яна ўша даврга қайтишдек ғоят машаққатли эканлигини ҳис қилдим.

Россия Федерацияси ахборот агентлиги (ТАСС) ташаббуси билан ташкил этилган медиа-турда Россия, Арманистон, Беларусь, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғиз Республикаси ахборот агентликлари вакиллари иштирок этди.

Ғалаба юзи – сизу бизнинг аждодларимиз сиймоси

Москва шаҳридаги Ғалаба музейи нафақат Россия, балки дунёдаги Иккинчи жаҳон урушига бағишланган энг йирик музейлардан бири ҳисобланади. Бу ерда урушда собиқ иттифоқ халқлари кўрсатган жасорат,  фашизмга қарши мардонавор кураш ҳақида ҳикоя қилувчи қимматли экспонатлар, ноёб ашёлар мавжуд. Ва, энг муҳими, бу экспозициялар ҳар йили бойитиб, маълумотлар тўлдириб борилмоқда.

Бу йил Ғалабанинг 80 йиллигига биз ҳам ўзига хос совға сифатида М.Греков номидаги ҳарбий рассомлар студияси ижодкорлари асарлари асосида "Ғалаба сари йўл" номли тарихий-мультимедиа экспозицияси яратдик, дейди Россия Федерацияси маданият вазирлиги Ғалаба музейи директори Александр Школьник. Олти бўлимдан иборат кўргазма Москва учун жанг тафсилотлари акс этган мультимедиали лавҳа билан бошланади. Унда пойтахт учун душман томонидан тайёрланган операциянинг собиқ иттифоқ қўшинлари томонидан барбод этилиши ва Москва учун мардонавор кураш ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, мазкур экспозицияда Сталинград жанги, Ленинград қамали, Курск қалъаси, Днепр дарёси учун бўлган жанговар ва ғалаба сари дадил қадам бўлган курашлар ҳақидаги маълумотлар фильм, тарихий ашёлар ва мультимедиали тасвирлар орқали кўрсатиб берилган. Экспозиция Берлинга ҳужум номли бўлим билан якунланади.

Ушбу экспозицияларини томоша қилиш жараёнида бир жиҳат эътиборимизни тортди – ҳар бир бўлимда музей ходимлари ўша экспозицияга мос либосда, яъни ҳарбий кийим кийган ҳолда сизни кутиб олади ва маълумот беради. Уларнинг юз ифодаси, ҳикоялари ҳам сизни бир зумга бўлса-да, ўша даврга олиб киради ва гўё уруш даҳшатларини ҳис қиласиз. Залдан чиқишингиз билан эса тинчликнинг қанчалик буюк неъмат эканлигини англайсиз. Назаримда, ҳар қандай музей, тарихдан оладиган энг катта сабоқ шу бўлса керак.

Музейда янги ташкил этилган “Ғалаба юзи” номли янги экспозиция ҳам диққатни тортади. Мазкур бўлимнинг ўзига хослиги шундаки, унда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақидаги маълумотлар асосан фуқаролар томонидан тақдим этилган ва тўлдирилган. Нафақат Россия ёки собиқ иттифоқ давлатлари фуқаролари, балки Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган ҳар бир халқ ва миллат вакиллари ўз ота-боболари, оналари ҳақидаги маълумотларни бу бўлим учун тақдим этиши ва шу орқали уларнинг номини тарих саҳифаларига ёзиб қолдириши мумкин.

Вояга етмаган асирларнинг кечинмалари

1941 йил 21 июнь куни тонгда Гитлер қўшинлари ҳарбий ҳаракатларни бошлаганда чегарадаги истеҳком сифатида Беларусь Республикасидаги Брест  қалъаси биринчи зарбаларга дуч келган. Бу пайтда қалъада 10 мингга яқин одам, 300 дан ортиқ ҳарбий оила истиқомат қилган.

Маълумотларга кўра, урушнинг биринчи куни тонгда қалъага 500 дан ортиқ бомба ва снарядлар ёғдирилган. Аммо ҳарбийлар, бу ерда яшовчилар жонидан кечса ҳам қалъани ҳимоя қилган. Брест қалъаси қаҳрамонлик, қасамёдга содиқлик ва Ватанга муҳаббат тимсолига айланган ва 1965 йил 8 майда, Ғалабанинг йигирма йиллиги муносабати билан унга “Қаҳрамон қалъа” унвони берилган.

Бу ерда Беларусь Республикасидаги собиқ фашизм вояга етмаган асирлари ассоциациясининг Брест минтақавий ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказилди.

Бизнинг оиламиз 1939 йилда Брест қалъасига кўчиб келиб, яшай бошлаган, - деди Брест қалъаси мудофааси иштирокчиси бўлган ҳарбий хизматчининг фарзанди, Беларусь собиқ фашизм вояга етмаган асирлари ассоциациясининг Брест минтақавий ташкилоти раҳбари Владимир Семочкин. Иккинчи жаҳон уруши бошланганда отам онамга қараб “Таня, бу уруш оғир кечади, омон бўлсак кўришармиз, сен болаларга эҳтиёт бўл”, дегани ёдимда. Ўша пайтда оиламизда икки фарзанд эдик, опам бор эди. Синглим 1941 йил октябрда туғилган ва унга отамни кўриш насиб этмаган. Мендан ташқари катта опам Дина ҳам бор эди. Отам кетиши олдидан мени кўтариб қучоқлаганини, кучли қўлларини эслайман. Кейин уни бошқа кўрмадим.

Қаттиқ жанглар бошланганда биз, болалар, аёллар ва қарияларни ертўлага яширишди. Шиддатли жанглар кетаётганини ертўлада бўлсак ҳам эшитиб турардик. Бир куни қалъа офицерларидан бири олдимизга келиб, “Сизлар таслим бўлишингиз керак. Шундай қилсак,жонингиз омон қолиши мумкин. Бу ерда бўлганингиз учун биз душманга қарши жангга кира олмаяпмиз”, деди. Биз ҳаммамиз зобитлар оиласидан эдик ва бу гап нимани англатишини билардик. Байроқ ясадик ва ташқарига чиқдик. Бизни концлагерга жўнатишди, кейин Брест қамоқхонасига ўтказишди.

Концлагер ва қамоқхонадан сўнг асир болалар ва аёлларни яна узоқроққа кўчирадиган бўлишди.

- Асирга олинганларга, айниқса, болалар ва аёлларга инсоний муносабатда бўлиш шарт, аммо фашистлар бизнинг кўз ўнгимизда қанча оналар ва болаларга шафқатсиз муносабатда бўлгани, отиб ташлаганини кўрганмиз, - дея сўзида давом этади Владимир Семочкин. - Бизни Брест қамоқхонасидан кўчиришаётганда болаларда қизилча эпидемияси тарқалди. Касаллик бошқаларга юқишидан қўрққан немислар қизилчага чалинган болаларни онаси билан йўлга ташлаб кетаверишди. Менда ҳам қизилча пайдо бўлгач, бизни Польшадаги қишлоқлардан бирида қолдиришди. Вайрон бўлган, ташландиқ уйдан бошпана топдик. Бу пайтда Польша фашист қўшинлари назоратида эди. Биз қизил армия келиб Польшани озод қилгунга қадар ўша ерда яшадик.

Бугун Брест вилоятида Владимир Семочкин сингари собиқ концлагер асирлари 619 нафар, Брест шаҳринг ўзида эса 60 киши қолган. Улар фашизмнинг инсоният учун қанчалик даҳшатли иллат эканлигини яхши билишади, буни бошдан кечиришган ва бугун дунё манзараси кун сайин ўзгариб бораётган бир пайтда сайёрамизнинг турли минтақаларида юзага келаётган уруш, нотинчликлар одамлар учун фақат ва фақат фожиали якун бўлишини айтишдан чарчамайдилар.

Қабристонга айланган қишлоқ

Халқаро медиа-тур дастури бўйича Беларусь Республикаси “Хатинь” тарихий-ёдгорлик мажмуасига борганимизда бу ерда ҳам уруш ҳақида ҳикоя қилувчи музейни кўрсак керак, деган ўйда эдик. Аммо Минск шаҳридан 50 километр олисдаги, ўрмон бағрида жойлашган кичик музей билан танишув ва унинг тарихи ҳақидаги маълумотлар наинки ушбу жой, балки умуман, уруш  ва фашизм ҳақидаги тасаввуримизни бутунлай ўзгартириб юборди.

Мазкур мажмуа Иккинчи жаҳон уруши пайтида, 1943 йил 22 март куни фашист босқинчилари томонидан қириб юборилган Хатиньқишлоғи аҳолиси ва уларнинг тимсолида бутун Беларусь Республикасидаги 290 дан ортиқ қишлоқнинг фашистлар жазолаш гуруҳлари томонидан таҳқирланган кишилари хотираси учун 1969 йилда ташкил этилган.

Бу ерда Хатинь қишлоғининг ёқиб юборилган 26 та хонадони ўрнида рамзий маънода фақатгина печларнинг ёнмай қолган мўриси тикланиб, улар тепасида қўнғироқ ўрнатилган. Мажмуа марказида жон бераётган боласини кўтариб турган ота Иосиф Каминский ва унинг ўғли Адам ҳайкали ўрнатилган.

1943 йил 22 март куни гитлерчи босқинчилар Хатинь қишлоғига кириб уйларга ўт қўйишади, - дейди ёдгорлик мажмуаси тадқиқот ва кўргазма бўлими бошлиғи Марина Вашкевич. - Бу пайтда қишлоқда 26 хонадонда 149 киши, жумладан 75 нафар ҳали 16 га тўлмаган болалар бор эди. Уларни қишлоқ марказидаги омборга қамаб, эшикларни орқасидан беркитган ҳолда тириклайин ёқиб юборишган. Ёнаётган омбор эшигини бузиб, ташқарига чиққанларни ҳам эшик олдида аёвсиз отиб ташлашган. Бу хунрезликдан олти нафар гувоҳ - ёқиб юборилганда ҳушини йўқотган Иосиф Каминский ва ота-онаси томонидан ертўла ва бошқа жойларга яширилган беш нафар бола тирик қолган. Иосиф Каминский ярим тунда ҳушига келганда бутун қишлоқни кулга айлантирган фашистлар кетган, атрофда тирик жон қолмаганди. У мурдалар орасидан 12 ёшли ўғли Адамни чалажон ҳолатда топиб кўтариб олади. Адам инграган ҳолда “Онам қани?” деб сўрайди ва отаси қўлида жон беради. Мажмуадаги ёдгорликда ана шу эпизод акс эттирилган.

Хатинь қирғини ҳақидаги тарихий маълумотларни сақлаш, бугунги ва келажак авлодда Иккинчи жаҳон уруши оқибатлари, инсоният бошига солган кулфатлари ҳақида тушунча ҳосил қилиш ва тинчлик қадр-қимматини англатиш мақсадида 2023 йилда бу ерда замонавий технологиялар ва мультимедиа воситалари ёрдамида инновацион музей яратилди.

Бизга мажмуа ҳақида ҳикоя қилиб бериш жараёнида Марина Вашкевичнинг кўзида тез-тез ёш ҳалқаланди ва у буни табиий ҳол сифатида қабул қилишимизни сўради. Унинг айтишича, 15 йилдан буён шу ерда ишласа-да ҳеч қачон Хатинь тарихини кўз ёшсиз гапириб беролмайди.

– Бу ерда ҳар куни МДҲ мамлакатлари ва бошқа давлатлардан минглаб кишилар, нуфузли меҳмонлар келади. Айниқса, болалар ўз тенгдошларининг аянчли қисмати ҳақидаги ҳикояларни эшитиб, қаттиқ таъсирланади ва урушни лаънатлайди. Шу йил ёзда ўзбекистонлик ўқувчилар ҳам музейимизда бўлди ва уларга мажмуа ҳақида гапириб бердим. Болалар “биз бу ҳақда эшитмагандик, урушда ҳалок бўлган хатинлик болаларни унутмаймиз” деб кўзларига ёш олишди, – дейди у.

Ғалаба йўлларида боболаримиз излари бор

Халқаро медиа-тур давомида қайси манзилга бормайлик, у ердан урушда қатнашган, жасорат кўрсатган боболаримиз, оналаримиз изларини изладик. Музейлар, тарихий ёдгорликларда улар ҳақидаги кўплаб маълумотларга эга бўлдик.

Бинобарин, Иккинчи жаҳон уруши бошланган даврда Ўзбекистон аҳолиси 6,5 миллион киши эдива уларнинг 1 миллион 950 минг нафардан ортиғи фронтга сафарбар этилган. Афсуски, уларнинг 538 мингдан кўпроғи жангларда ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган. 60 минг нафарюртдошимиз урушдан ногирон бўлиб қайтган. 120 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанг майдонларида кўрсатган жасорати учун жанговар орден ва медаллар билан мукофотланган. Уларнинг 301 нафари Совет Иттифоқи Қаҳрамониунвонига, 74 нафари учала даражадаги Шуҳраторденига сазовор бўлган.

Фронтортида ҳам халқимиз фидокорона меҳнат қилиб, жанг майдонларига 2 мингдан зиёд самолёт, кўплаб қурол-яроғлар, ҳарбий-санитария поездлари, жуда катта миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб берган. Уруш ҳудудларидан кўчириб келтирилган 2 миллион инсонни ўз бағрига олиб, ўз нонини улар билан баҳам кўрди. Айниқса, ота-онаси, оиласидан жудо бўлган 250 минг нафар болаларга меҳр-мурувват кўрсатди.

Ана шу маълумотларнинг ўзи Иккинчи жаҳон уруши гарчи юртимиздан олисда кечган бўлса ҳам у ҳар бир оила тақдирига таъсир қилгани, халқимиз қалбида битмас жароҳат қолдирганини кўрсатади. Ва эришилган тарихий ғалабада ўзбек халқининг ҳам муносиб ҳиссаси борлигидан далолат беради. Бу халқаро медиа-тур давомида ҳам кўп марта эътироф этилди.

Жумладан, Беларусь давлат Улуғ Ватан уруши тарихи музейи директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари Римма Рум Беларусь заминини фашист босқинчиларидан озод этишда жасорат кўрсатган 2143 нафар собиқ Совет Иттифоқи Қаҳрамонлари ва 73 нафар “Шон-шараф” орденига сазовор бўлганлар номи битилган Ғалаба залида қаҳрамонлар ҳақида гапириб, улар орасида 17 нафар ўзбекистонлик жангчи борлигини айтди.

Ўзбекистонлик Қаҳрамонларнинг ҳам номи залдаги деворда ёзиб қўйилиши билан бирга улар ҳақидаги батафсил маълумотлар интерактив экран ва музейимиз веб-сайтида мавжуд, - дейди Римма Рум. - Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири биз учун қадрли, уларнинг жасорати олдида бош эгамиз ва хотираси халқимиз қалбида мангу яшайди. Айниқса, партизанлик ҳаракатининг фаол иштирокчиси, фарғоналик Мамадали Топиболдиев номини алоҳида ҳурмат билан тилга оламиз. Уруш йилларида “Казбек” деган ном билан танилган бу инсонни ўзбек ва беларусь халқи фарзанди деб биламиз. Бизда унинг номи қўйилган қишлоқ ва бошқа объектлар бор, унинг жасорати ҳақида фильм суратга олинган. Музейимизда Мамадали Топиболдиев сурати ва унга берилган Совет Иттифоқи Қаҳрамони унвони гувоҳномаси нусхаси сақланади. Урушдан кейин ҳам ҳаётлик чоғида у Беларусга тез-тез келиб турган, халқимиз қаҳрамонни яхши билади. Ўтган йил музейимизга унинг фарзанди ва набираси келганди ва улар қаҳрамон жангчининг айрим буюмларини музейимизга беришини айтганди. Умуман, Иккинчи жаҳон уруши билан боғлиқ тарихни ўрганиш борасида ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Тошкентда ташкил этилган Ғалаба боғидаги “Шон-шараф” музейи экспозицияларини яратишда уларга яқиндан ёрдам бердик.

Санкт-Петрбург шаҳридаги Пискарёв қабристонида 186 та оммавий қабрда 1941 йил 8 сентябрдан 1944 йил 27 январгача  давом этган 900 кунлик Ленинград қамали чоғида ҳалок бўлган 420 минг нафар шаҳар аҳолиси ва 70 минг нафар уруш қатнашчилари дафн этилган. Жумладан, уларнинг 7 минг нафарини ўзбекистонликлар ташкил этар экан. Шунинг учун ҳам бу ерда Ўзбекистон ҳукумати ва халқи номидан қаҳрамон шаҳар мудофаасида қатнашган ўзбекистонлик жангчилар хотираси учун ёдгорлик лавҳаси ўрнатилган.

Иккинчи жаҳон урушида бурилиш нуқтаси сифатида қайд этиладиган, 1942 йили 17 июлдан 1943 йил 2 февралгача давом этган Сталинград жангида кўрсатган жасорат учун минглаб жангчилар қаторида ўзбекистонлик 2738 нафар уруш қатнашчиси “Сталинград мудофааси учун” медали билан тақдирланган.

Сталинград жангида кўп миллатли собиқ иттифоқнинг барча халқлари вакиллари чинакам жасорат ва матонат кўрсатган, дейди Волгоград вилояти губернатори ўринбосари Геннадий Шевцов. Улар мисли кўрилмаган қаҳрамонлик кўрсатиб, шаҳарни, шу билан бирга дунё халқларини фашизм босқинидан халос қилган. Немислар уруш вақтида Европадаги айрим жойларни икки-уч кунда эгаллаб олган. Биздаги Павлов уйини эса жангчиларимиз 58 кун мардонавор ҳимоя қилган. Бу иншоотнинг сўнгги ҳимоячиси ўзбекистонлик жангчи бўлган.Сталинград жангида минглаб ўзбекистонликлар иштирок этгани ва қаҳрамонлик кўрсатганини яхши биламиз.

Умуман, халқаро медиа-тур давомида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалаба собиқ иттифоқ халқларининг умумий ғалабаси эканлиги қайд этилиб, урушда ҳалок бўлган аждодларимизни ёд этиш, уларнинг хотирасига муносиб ҳурмат кўрсатиш, бугун ҳаёт бўлган уруш қатнашчилари ва фронортида фидокорона меҳнат қилган инсонларни эъзозлаш бугунги авлоднинг юксак инсоний бурчи эканлиги қайта-қайта таъкидланди.

Албатта, орадан саксон йил ўтган бўлса-да,Иккинчи жаҳон урушининг дунё халқлари қалбида қолдирган жароҳати ҳали битган эмас, ҳамон у билан боғлиқ тарих, аянчли хотиралар ҳар бир инсон қалбини ўртайди. Урушда фашизм устидан ғалаба қозонилди. Лекин бу ғалаба ниманинг, миллионлаб инсонларнинг қони, жони эвазига қўлга киритилганини ҳам яхши биламиз. Айниқса, бу қонли урушга гувоҳ бўлганлар, фронтортида туриб буни ўз танида ҳис қилганлар учун у кунларни эслаш оғир, хотиралар беихтиёр кўзга ёш келтиради. Балки шунинг учун урушда ғолиблар бўлмайди, икки томон ҳам ўзича мағлуб деган гаплар бордир.Лекин бугун ҳам дунёнинг турли нуқталарида кузатилаётган нотинчликлар, уруш ҳаракатлари инсоният учун икки жаҳон уруши сабоқ бўлмаганини кўрсатаётгандек, гўё. 

Дунёдаги ҳар бир халқ, ҳар бир миллат фаровон ҳаёт кечиришни истайди. Фаровонлик эса тинчлик, осойишталик ҳукм сурган жойда қарор топади. Шукр, биз шундай юртда яшаяпмиз ва унинг қадрига етиб, асраб-авайлашга ҳам масъуллигимизни унутмайлик.

Ғолиб ҲАСАНОВ.