ТИРИЛГАН МУРДА: Муҳожир муҳожирга қарши

Трамп маъмуриятининг иммиграция сиёсатига қарши Калифорния штатида бошланган норозилик намойишлари Техасга ва кейинчалик Американинг бошқа шаҳарларига ҳам кенг ёйилди. Норозилик чиқишларидан хавотирга тушган АҚШ президенти Доналд Трамп намойишларни бостириш учун миллий гвардия ва денгиз пиёдаларини Лос-Анжелесга юборишга буйруқ берди. Бу эса норозиликларнинг янада авж олишига сабаб бўлди.

Қизиғи, Трампнинг ота-бобоси ҳам бир пайтлар Америкага ночор муҳожир бўлиб борган. Америка воқелигининг яна бир хусусияти - у ерга муҳожир бўлиб борганлар то оёққа туриб олгунича демократ бўлади. Пуллари кўпайиб, обрў-еътибор қозониб олгач, бир юмалаб республикачига айланади. Доналд Трамп ҳам бир пайтлар демократик партия фаолларидан бири бўлган. У ҳам қийинчилик поғоналаридан ўтиб олиб, катта бой бўлгач, демократик қарашларидан воз кечиб, республикачилар партиясининг йирик арбобларидан бирига айланди ва бу унга катта сиёсат сари йўл очиб берди. Аммо нима бўлганда ҳам, унинг сиёсатчи арбоб сифатида шаклланишида демократик партиянинг катта ҳиссаси бор. Энди у кунда бўлмаса-да, кун ора демократик фирқа ва унинг арбоблари, айниқса, собиқ президент Жозеф Байден устидан мағзава ағдаришдан эринмаяпти. Унинг гапи бўйича ҳаётда қанақа камчилик бўлса, ҳаммасига Байден айбдор, қанақа ютуқ бўлса барисига ўзи сабабчи. Бу борада унга устози Владимир Путин чинакам раҳнамо бўлса, ажаб эмас. Трамп Путиннинг иш услубига, шон-шуҳратига астойдил ҳавас қилади. Путиндек машҳур бўлгиси, у сингари узоқ-узоқ йиллар давр-даврон сургиси келади. Унга ўхшаб халқини қўрқитиб олишни, "гаҳ" деса қўлига қўнадиган бўлишини истайди. Аммо Америка жамияти озодлик таъмини татиб кўрган, қолаверса, дунёдаги зулм, адолатсизлик, йўқсиллик иллатларидан чора излаб, ўз юртини тарк этган эркпарвар инсонлар ва уларнинг авлодларидир. Улардаги эркинлик ва ҳурфикрлилик кўникмаларини йўқотиш учун бир вақтлар собиқ СССРда бўлганидек, миллионлаб эркпарвар одамларни қириб йўқотиш лозим.

Яхшиямки, АҚШ президентларининг ҳукмдорлик муддати қатъий тўрт йил қилиб чегаралаб қўйилган. Бу эса авторитаризм ва тоталитаризм иллатларига қарши энг яхши иммунитетдир. Агар Трамп президентлик давомида худди Путинга ўхшаб, конституцияга ўзгартириш киритиб, сиёсий умрини узайтиришга эришса, ана унда иш жиддийлашиб, Американинг ер юзидаги гегемонлигига буткул барҳам берилади ва мамлакат кўпқатори оддий бир империяга айланиб қолади. Чунки АҚШ жамиятига ҳаётий қувват бериб турган нарса мамлакатда устувор бўлиб турган демократик тизим ва қонун тамойилларидир. Бундан чекинган жамият эртами ёки кеч ҳалокат хавфи билан юзма-юз бўлади. Чунки одамлар йўқчиликка ҳам, қийинчиликка ҳам, қимматчиликка ҳам чидаб бериши мумкин. Аммо адолатсизликка чидолмайди. Айнан шу боис ҳам намойишлар, қўзғолонлар, инқилоблар ҳали у ерда,  ҳали бу ерда содир бўлиб тураверади. Ҳатто, фаровон ва доруламон мамлакатлар ҳам бундан мустасно эмас. Буни биз бугун Америка мисолида яққол кўриб турибмиз. Бугунги АҚШ алғов-далғов бўлиб ётган ҳаёт қозонига ўхшаб қолди. Президент Трамп чиқараётган телба-тескари фармонлар оқибатида Америка жамиятида ва умуман, дунёда катта-кичик нохушликлар юзага келмоқда. Халқаро майдонда АҚШ яккаланиб қолди. Турли мамлакатлар билан орада жиддий зиддиятлар пайдо бўлди. Оқибатда, дунёда Американинг нуфузи, Трампнинг обрўси ҳам  пастлагандан пастлаб бормоқда. Сўнгги сўров натижаларига қараганда, июнь ойида унинг умумий рейтинги энг паст даражага: 34-36 фоизга тушиб қолган.

Айниқса, Илон Маск билан бўлиб ўтган можаро унинг ўрта синф вакиллари орасидаги обрўсига жиддий путур етказди. Гарчанд, Маск кейинроқ ундан кечирим сўраган бўлса-да, кекчи Трамп у билан ярашишни истамади. Оқибатда Илон Маск Американи тарк этганлиги айтилмоқда. Айтайлик, Хитой уни жон-жон деб, қучоқ очиб кутиб олади. Чунки Илон билими ва фикрий қуввати билан бутун дунёни қойил қолдирган инсон. Афсуски, Трамп ҳақида бундай деб бўлмайди. Яқинда бўлиб ўтган матбуот анжуманида у оддий географияни ва Калифорния штати суғориш тизимини яхши билмаслигини фош этиб қўйди. Шу маънода, Доналд Трамп яхши бизнесмен ва шоумен бўлса-да, дунё илмларидан узоқ, ўртамиёна оддий бир бакалавр эканлиги аён бўлиб қолди. Америкадек буюк давлатни бошқариш учун эса жуда катта билим ва тажриба захираси зарур. Бунда аллақачон ўз умрини ўтаб ўлиб бўлган, тарих ахлатхонасига улоқтирилган ярамас қадриятларга суяниш баайни ўзи ўтирган шохни кесиш билан баробар.

Худойберди КОМИЛОВ,

сиёсий шарҳловчи.