Тоғ бағридаги олтин неъмат
Тоғ бағрида жойлашган Ургутнинг энг ширин неъмати узум ва майиздир. Эл орасида бекорга “Ургут майизига новвот тенг келмас”, деган ибора юрмайди. Чунки бу ерда етиштирилган узумнинг таъми ва сифати, уни қуритиш услуби бошқа ҳудудларникидан фарқ қилади.
Ургут иқлими узум ва мевани қуритишга жуда қулай: қуёшли кунлар кўп, ҳаво мўътадил ва тоғ шамоллари барқарор. Шу сабабли узум ва майизчилик туман иқтисодиётининг драйверларидан бирига айланган.
Бу ерда 30 дан ортиқ узум навлари парвариш қилинади. Улар орасида, айниқса, “Оқ кишмиш”, “Қора кишмиш”, “Сўғдиёна”, “Ҳусайни”, “Ризамат ота”, “Тойифи”, “Қоражанжал”, “Доройи”, “Чиллаки”, “Шакаранги”, “Бахтиёр” каби навлар харидоргир ҳисобланади. “Чиллаки”, “Доройи”, “Тойифи”, “Шакаранги”, “Ҳусайни” каби навлардан хўраки, “Қора мускат”, “Оқ мускат”, “Баён ширин”дан вино ва шарбат, “Оқ кишмиш”, “Қора кишмиш”, “Қоражанжал”дан майиз тайёрланади.
Ургутда майиз тайёрлашнинг бир қанча усулларидан фойдаланилади. Масалан, илгари ҳудудларда узум сомонли лой билан сувалган том ёки очиқ майдонларда ёйилиб, қуёш нури остида бир ҳафта-ўн кун давомида қуритилган. Бу усул маҳсулотнинг табиий ранги ва ширасини сақлаган. “Обжўш майиз” шу тариқа тайёрланган.
Ҳозирда бу усул бирмунча такомиллашди: узум дастлаб махсус эритмада — каустик сода аралаштирилган қайноқ сувга 3–6 сония чўктирилади. Кейин совуқ сувда чайиб олинади. Бу жараёнда узум пўстлоғида майда ёриқлар ҳосил бўлади ва бу маҳсулот тез қуришига ёрдам беради. Қуритиш жараёни 10 кунча давом этади. Бу усулда тайёрланган майизнинг ранги тилладек товланиб, таркибидаги табиий шира сақланиб қолади, таъми эса ниҳоятда хушхўр бўлади.
“Калифор” усулида узум қайнатилган сувга 3-5 сония ботирилиб, сўнгра совуқ сувда чайилиб, айвонлардаги махсус ёғоч мосламаларда ипга осилади. Айвон имкон қадар шамол эсиб турадиган, атрофи очиқ, қуёш нуридан сақланган бўлиши керак. Мосламаларга осилган узум совимасдан туриб, плёнкага ўралиб, ярим соат давомида олтингугурт кукуни билан буғланади ва кейин очиб ташланади. Майиз 7-10 кунда тайёр бўлади.
“Сояки” усулидаги майиз “Қора кишмиш” ёки “Қоражанжал”дан тайёрланади. Бу усулда узумга ҳеч қандай ишлов берилмайди, табиий ҳолда том ва чордоқларга, шифер ва тунука остига осиб чиқилади. Шу ҳолатда майиз тайёр бўлади.
— Бизда майиз тайёрлаш фақат узумни қуритиш эмас, балки санъат даражасига кўтарилган мароқли юмуш ҳамдир, — дейди Чумчуқли маҳалласида истиқомат қилувчи моҳир боғбон Абдуҳаким Шодмонов. — Ҳар бир оқ кишмиш обжўш сувидан ўтади ва шамол эсиб турадиган сояли айвонда махсус чўпдан ясалган қурилмаларда ипларга осиб қуритилади. Майиз мавсумида қишлоғимизга келсангиз, барча уй ва хонадонларда кўзга ташланадиган ажойиб манзаралардан дилингиз завққа тўлиши аниқ.
Ургут майизи нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам “Premium class golden raisin” (олий навдаги олтин майиз) сифатида қадрланади. Маҳаллий деҳқонлар буни майизнинг кўриниши, сифати ва мазаси билан изоҳлашади.
Испанза, Камонгарон, Вағашти, Мўминобод, Ғиждувон, Мирзабоғлон, Чеп, Чумчуқли, Ғўс, Равот, Қатағон, Терак, Бешёғоч, Хўжа Абдол каби қишлоқлар Ургутдаги энг йирик токзорларга эга ҳудудлар сирасига киради. Бу қишлоқлардаги ҳар бир хонадонда обжўш қозони бор. Ҳар бир оилада майиз тайёрлаш жараёни ўзига хос маросимдек ўтади: узумни узиш, эритмани тайёрлаш, том ва сўриларга осиб ёки ёйиб қўйиш, саралаш, бозорга олиб чиқиш...
Сўнгги йилларда бу соҳада замонавий қайта ишлаш корхоналари ҳам кўпаймоқда “Urgut Ufa Invest”, “Spectrum Dried Fruits”, “Zuhriddin Golden Fruits” каби корхоналар халқаро стандартлар асосида майизни саралаш, ювиш ва қадоқлаш жараёнларини йўлга қўйган. Корхоналарда асосан хотин-қизлар ва ёшлар иш билан банд бўлиб, тайёр маҳсулот Қозоғистон, Грузия, Россия ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинади.
“Lord Fruits” МЧЖ ва “Ургут яшил олмалари” фермер хўжалиги томонидан “Даладан – экспортгача” тамойили асосида ташкил этилган лойиҳа орқали фермерлар, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари томонидан етиштирилган 14 турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, жумладан, узумни қайта ишлаш орқали тўғридан-тўғри экспорт қилиш йўлга қўйилган. Лойиҳада кўплаб ургутликларнинг доимий ҳамда кунлик ва мавсумий бандлиги таъминланган.
— Ургут майизи қуёш, тупроқ, иқлим ва ҳалол меҳнат уйғунлигидан яралган неъматдир, — дейди “Ургут яшил олмалари” фермер хўжалиги раҳбари Бобур Раҳимов. — Шунинг учун ҳам маҳсулотларимизга талаб ва эҳтиёж доимо юқори. Бугун ургутликлар тайёрлаган майиз тоғ бағридан дунё дастурхонига йўл олган ҳақиқий “Ўзбекистон олтини” сифатида баҳоланаётгани биз учун ниҳоятда қадрлидир.
Бугун Ургут туманида 9713 гектар токзор мавжуд бўлиб, шундан аҳоли хонадонларида 1660 гектар, фермер хўжаликларида 8053 гектар майдонда узум етиштирилмоқда. Мавжуд ҳосилли узумзорлардан 122,5 минг тонна узум, 25,5 минг тонна майиз олинади. Ҳосилдорлик гектарига ўртача 150 центнерни ташкил этмоқда.
Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда артезиан қудуқлари ва насос агрегатлари ҳисобига ҳосилдорлик ва даромадни 25-30 фоизга ошириш имкони яратилди.
Президентимизнинг тегишли қарорига асосан, кам даромадли 2870 гектар ғалла ва 5027 гектар тамаки майдони ўрнида интенсив боғ ва токзор ташкил этиш белгиланган. Бу келгуси 5 йилда қўшимча 118 минг тонна узум ва мева маҳсулотлари олиш ҳамда 15794 та янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Ургутдаги токзорлар ҳам янгиланяпти. Томчилатиб суғориш тизимлари, шпалерли экилмалар ва инвитро усулида кўчат етиштириш амалиётга жорий этилди. Бу узум сифатини яхшилаб, ҳосилдорликни 20-30 фоизгача ошириш имконини бермоқда.
Яқинда “Самарқанд майизи” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Энди “Ургут майизи” брендини халқаро сертификат билан мустаҳкамлаш навбати келди.
Ҳар йили ҳосил пайтида Ургутдаги қишлоқлар байрам кайфиятига тўлади. Қайси хонадонга кирманг, ҳовлида узум ва янги майизнинг ифорини ҳис этасиз. Бу манзара Ургут халқининг меҳнати ва анъанасининг жонли тасвири бўлса, ажабмас.
Нусрат Бобоев.