Тўгараклар иқтидорли талабаларга имкон

Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти кафедралари қошида 11 та илмий тўгарак фаолият кўрсатиб, уларда 300 га яқин талаба қамраб олинган. “Устоз-шогирд” анъаналари асосида талабалар профессор-ўқитувчилар билан биргаликда турли илмий соҳаларда изланишлар олиб боришмоқда.

Хусусан, агротехнология кафедраси қошида “Ёш тадқиқотчи” ва “Ёш муҳандис” илмий тўгараклари фаолият юритиб, талабаларга замонавий агротехнологиялар ва муҳандислик ечимлари бўйича билимлар берилмоқда. Иқтисодиёт ва бухгалтерия ҳисоби кафедраси ҳузурида “Ёш иқтисодчи” ҳамда “Ёш ҳисобчи” тўгараклари ташкил этилган бўлиб, улар орқали талабалар иқтисодий таҳлил, молиявий ҳисоб-китоб ва бухгалтерия ҳисоби асосларини ўзлаштирмоқда.

Ўсимликшунослик кафедраси қошида “Зироатшунос” илмий тўгараги бўлиб, ўсимликларни етиштириш, агробиологик жараёнлар ва замонавий технологиялар бўйича амалий билимлар берилмоқда. Доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат технологияси кафедраси қошида “Ибн Сино издошлари”, “Ёш чорвадорлар” ва “Ёш технологлар” илмий тўгараклари ташкил этилиб, доривор ўсимликлар, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш технологиялари бўйича билим ва кўникмалар шакллантириляпти.

Рақамли технологиялар, туризм ва гуманитар фанлар кафедраси қошида “Creative students”, “Ёш дастурчи” ва “Гид-туроператорлар” илмий тўгараклари орқали талабалар рақамли технологиялар, дастурлаш, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларига оид замонавий билим ва амалий кўникмаларга эга бўлмоқда.

Илмий тўгараклар фаолияти давомида иқтидорли талабалар ўзларининг стартап лойиҳалари билан иштирок этиб, устозлардан лойиҳа шакллантиришдаги камчиликлар, уларни бартараф этиш ва янада ривожлантириш бўйича муҳим тавсиялар олмоқда. Бу эса талабаларнинг инновацион фикрлашини ривожлантириш ҳамда уларнинг келажакдаги касбий фаолиятига мустаҳкам замин яратмоқда.

Ўтган йил ноябрда Туркманистон қишлоқ хўжалиги институти томонидан ўтказилган халқаро “Агроинновация: Барқарор ривожланиш йўли” лойиҳалар танловида “Ибн Сино издошлари” илмий тўгараги аъзоси Азимжон Ҳамроев ўзининг “Green protein” инновацион лойиҳаси билан иштирок этиб, 3-ўринни эгаллади. “Ёш иқтисодчи” тўгараги аъзоси Жасмина Хуррамова “Қурилиш чиқиндиларидан декоратив буюмлар ясаш” лойиҳаси билан “Мирзо Улуғбек ворислари” республика танловида ғолибликни қўлга киритди.

Сардор УСМОНОВ,

Ёшлар академияси лидери.