Тожикистонда газеталар давлат ҳисобидан чоп этилади
Тожикистонда яшаб, ўзбек тилида самарали ижод қилаётган машҳур журналист, ёзувчи Ўринбой Усмон таҳририятимиз меҳмони бўлди. Табиийки, ҳамкасблар учрашганда суҳбат соҳанинг ютуқ ва камчиликлари, бугунги кунда журналистнинг касбий фазилатлари ва унга не қадар риоя этаётганлиги каби масалаларга бориб тақалади.
Ўринбой Усмон соҳанинг фидойиси сифатида ўзбек-тожик журналистларининг ҳамкорлиги, айниқса, кейинги йилларда бу ҳамкорлик янада юқори чўққиларга чиқаётганига алоҳида тўхталиб ўтди. Адиб ўзбекистонлик ҳамкасблари ижодидан доимий бохабар, чунки у 1968-1973 йилларда Тошкент давлат университетининг журналистика факультетини тугатган.
- Дўстларим орасида доим фикр алмашадиган, ижодини кузатиб борадиган ўзбекистонлик адиблар, публицистлар талайгина, - дейди Ўринбой Усмон таҳририят ходимлари билан суҳбат жараёнида. – Соҳанинг ютуқ камчиликларини муҳокама этамиз. Ўзбекистондаги жуда кўплаб ахборот сайтларини доимий равишда кузатиб бораман. Афсуски, бугун улар орасида енгил шов-шувга учиб, журналистика этикаси риоя этмаган ҳолда ахборотлар берилиши жуда кўпайган. Баъзида ҳали тасдиқланмаган, шубҳа-гумонга йўғрилган ахборотларнинг ҳам чиқиб кетаётгани профессионал журналистикага нисбатан ҳақорат, деб биламан.
Мамлакат матбуотида ўткир чиқишлар пайдо бўлаётганидан хурсандман, аммо яқинда Сирдарё вилоят газетаси ёпилгани ҳақда интернет манбаларидан ўқиб қолиб, хафа бўлдим, тўғриси.
Шунингдек, адиб бугун Тожикистондаги оммавий ахборот воситалари, хусусан, матбуотнинг аҳволи, уни қўллаш учун олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди. Меҳмоннинг айтишича, бугунги кунда Тожикистонда матбуот тўлиқ давлат ҳисобидан чоп этилади, ҳар бир вилоят, туман газеталари салмоқли нусхаларда чоп этилаётганини айтиб ўтди.
Меҳмонимиз ҳақда қисқача маълумот: Ўринбой УСМОН 1951 йилнинг 2 ноябрида Тожикистонда, Суғд вилоятида туғилган. Тошкент Давлат университети журналистика факултетини (1968-1973) тугатган. Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи ва Халқаро журналистлар конфедерацияси аъзоси.
Адибнинг қисса ва ҳикоялари "Шарқ юлдузи", "Паёми Суғд", "Суғд ёғдуси", "Ёшлик", "Ёш куч", "Гулхан", "Нафосат" каби журналлар, "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" ҳафталигида чоп этилган.
Унинг "Спитаменнинг қотили" (Тошкент, Ғафур Ғулом номли адабий-бадиий нашриёт), "Кўргилик" (Хўжанд, "Хуросон" нашриёти), "Синчли уй" (Тошкент, "Янги аср авлоди" нашриёти), "Анқонинг уруғи", "Дарахтга дўнган одам", "Сафо чиғириғи", "Инсон ўзинг, инсон ўзинг" китоблари нашр этилган.
У Ҳожи Содиқ, Самад Ғани, Баҳманёр, Сайф Раҳимзод Афардий, Меҳмон Бахтий, Абдулҳамид Самад, Маъруф Бобожон, Ғайрат Ҳаким, Анвар Олим, Хуршеди Атовулло ва бошқа тожик, шунингдек, Василий Шукшин каби рус адиблари, болгар ва бошқа халқлар ижодкорлари асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ижодкор Ҳожи Содиқ номли ва "Журналистикадаги устуворлиги учун" мукофотлари ҳамда халқаро адабий мукофотга (АҚШ) сазовор бўлган. Шунингдек, Ўринбой Усмон Тожикистон Ёзувчилар иттифоқининг олтин нишони билан тақдирланган. 2022 йилда Ўзбекистондаги «Олтин қалам» миллий мукофотига сазовор бўлган.
Гулруҳ МЎМИНОВА.