“Топилмалар столи” тақдири, хорижга чиқиш паспорти олиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш: ДХМдаги хизматлар ҳақда маълумот берилди

Самарқанд шаҳар давлат хизматлари марказида 2021 йил ноябрь ойидан буён 10 мингдан ортиқ фуқароларга ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадагисига алмаштириб берилган. Марказда шу ва бошқа масалалар юзасидан журналистларга маълумот берилди.
Ҳусан Туробов, марказ бош мутахассиси:
- Ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш учун фуқаролик паспортининг асл нусхаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва талоннинг асл нусхаси керак бўлади. Ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш муддати 2023 йилнинг охиригача деб белгиланган. Ҳозирда гувоҳномани алмаштиришда йиллар кесимида ҳеч қандай чеклов йўқ. Фуқаролар ўз хоҳиши билан алмаштириб олишлари мумкин. Аммо бу бепарво бўлиб, келаси йилнинг охиригача кутиб ўтириш керак, дегани эмас.
Эски ҳайдовчилик гувоҳномаларининг 2010 йилгача берилганлари – 2023 йил 31 мартгача, 2010-2012 йилларда берилганлари - 30 июнгача, 2013-2015 йилларда берилганлари – 30 сентябргача, 2015 йилдан кейин берилганлари – 2023 йил 31 декабргача бўлган муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилади.
Шунингдек, давлат хизматлари марказида фуқароларга ID-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспорти бериляпти.
Марказ бош мутахассиси Ҳазратжон Мелиқуловга кўра, бир кунда марказда ўртача 30-40 нафар фуқаролардан мурожаатлар бўлади. Шу кунгача 3 минга яқин ариза тушган бўлса, 2700 нафарига паспорт берилган. Янги паспорт 10 иш кунида тайёр бўлади.
Ички ишлар вазирлиги тизимидаги “Топилмалар столи” фаолияти тугатилиб, 2022 йил 1 мартдан туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари томонидан йўқолган ва топиб олинган ашёларни қабул қилиш, сақлаш ва эгаларига қайтариш ёки тегишли давлат ташкилотларига топшириш бўйича давлат хизматлари кўрсатила бошлади. Бунда йўқолган ашёларни топиш бўйича жисмоний шахслар ёки юридик шахсларнинг вакиллари марказга шахсан келиб ёки ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.
Топиб олинган ашёлар марказда 6 ой давомида сақланади.
Агар бу вақт ичида топилмани олишга ҳақли бўлган шахс аниқланмаса, ашёни топиб олган шахсга унинг ашёга нисбатан мулк ҳуқуқи вужудга келганлиги тўғрисида хабар берилади. Ашёни топиб олган шахс уни қабул қилиб олишни рад этган тақдирда, ашё давлат мулкига ўтади ҳамда 3 иш кунида “E-auksion” савдо майдончасида электрон аукционга қўйилади.
Шунингдек, 2021 йилнинг 1 октябридан мазкур бинода юридик хизмат кўрсатиш маркази ҳам фаолият бошлаган.
– Марказ томонидан туман ва шаҳарлар миқёсида турли ташкилотларда ҳужжатлар юритилиши тизимлаштириляпти, - дейди Самарқанд шаҳар юридик хизмат кўрсатиш маркази раҳбари Санжар Чўлиев. - Ҳозирда туман молия бўлими, халқ талими,тиббиёт билашмалари, мактабгача талим каби 12 та қуйи бўғинлардаги ташкилотларга юридик хизматлар кўрсатиляпти. Бундан асосан ҳужжатларини тартибга солиш, қонун ҳужжатлари бузилишини олдини олиш мақсад қилинган. Тизимда ҳужжатлар электрон ҳаракатланади ва уч иш кунида кўриб чиқилади.