Тўқилмаган ҳикоя ёхуд зиёрат
1974 йилнинг кузи. Пахта йиғим-терими мавсумида нуроталиклар, шу жумладан мактаб ўқувчилари Пайариқ туманига сафарбар этилди. Мактабимиз жамоаси Мани қишлоғига жойлашди.
Кунлар ўтиб, шундайгина ёнимизда улуғ зиёратгоҳ борлигини, у Имом Бухорий номи билан аталишини ва қабри мавжудлигини эшитдик. Эшитувчилар бу зот ҳақида ҳеч нарса билмагани каби маҳаллий аҳоли ҳам деярли шу даражада эди.
Ўша йилларда Нурота тумани халқ таълимига раҳбарлик қилган Очилбой Наврўзов яшаш шароитимиз билан танишгани Манига келди. У кишига Нурота шаҳридаги 1-ўрта мактаб директори Баҳриддин Рустамов ҳамроҳ эди.
Наврўзов пайтини топиб, директоримиз Истам Бобоёровдан зиёратгоҳ ҳақида суриштирди. Қисқаси, Наврўзов билан Рустамовнинг асл нияти зиёрат эканлиги англашилди. Айрим мулоҳазалардан кейин Имом Бухорийнинг 1200 йиллиги тантанали ўтказилганлиги, унга 28 давлатдан меҳмонлар ташриф буюргани, шундан буён дарвоза ва эшиклари барча учун очиқлигига тўлиқ ишонч ҳосил этилгач, иккиланмай зиёратга отланишди. Уларга тарих фани ўқитувчиси Ҳайит Исломов ва мен қўшилдик.
Зиёратгоҳдан анча нарида уловдан тушиб, икки томонига гул экилган йўлдан нақшин ёғоч дарвозагача пиёда бордик. Дарвозанинг ҳар икки томонидаги лавҳадан арабча ва ўзбекча ҳарфларда “Имом ал-Бухорий” мажмуаси деган ёзувни ўқиб, “Имом бўлган эканлар” деган тушунчада ичкарига кирдик.
Мажмуа ходимларидан бири таҳорат олишимиз лозимлигини эслатди. Баҳриддин Рустамов бу масалада “таълим” берди ва қабрларига рўбарў бўлдик.
Шу ерда хизмат учун ўтирган мажмуа ходимларидан кексароқ бир отахон Қуръон тиловат қилди. Дуодан кейин атрофни томоша қилишни бошладик.
Қабрлари устига қурилган мақбара деворида кириллча ҳарфда ёзилган рамка ичидаги ёзув эътиборимизни тортди. Ундан тўлиқ номлари Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ибн ал-Муғийра ибн Бардизба эканлигини ўқидик. Аммо номлари Муҳаммад, оталари Исмоил эканлигини айтиб беришгандан кейин билиб олдик.
Лавҳада “Ҳадис илмининг пешқадами” деган ёзув ҳам бор эди. “Ҳадис” қанақа илм?: бир-бировимизга савол бердик. Биров бир нарса дея олмади. Бизнинг гумроҳлигимиз дарҳол сезилди, аммо шу ерда тиловат қилиб турган отахон ҳам “билмаслигини” бўйнига олди ва қисиқ кўзларини ярим юмиб, “домла билсалар керак”, деганича биздан узоқлашди...
Домланинг исм-шарифлари Усмонжон Раҳимжонов экан. Хизмат сафарларида эканлиги сабабидан учрашолмадик. Савол ҳам жавобсиз қолди...
Бошқаларни билмадиму, мен 1990 йилда Тошкентда “Фан” нашриётида чоп этилган “Ахлоқ одобга оид ҳадис намуналари” китобчасини ўқиб, ундан кейингина, орадан ўн олти йил ўтиб савол жавобини топгандай бўлдим...
Қарангки, шу зиёратда иштирок этган бешаламиз ҳам маърифат ва маънавият вакиллари эдик...
Ҳа, у йиллар бу кунларга ўхшамас эди...
Суюндиқ Мустафо НУРАТОИЙ.