Тошкент шаҳридаги яна 2 та коронавирусни даволашга ихтисослашган марказлар ёпилди

ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, Юнусобод туманидаги “Ўзэкспомарказ”нинг 3- ва 4-павилионларидаги ҳамда “Универсал” спорт мажмуасидаги саралаш ва тақсимлаш марказларига коронавирусга чалинган ва унда гумон қилинган беморларни қабул қилиш тўхтатилди.

Маълум қилинишича, бу муассасаларда даволанаётган беморлар Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохоналарига кўчирилади. Ушбу вақтинчалик шифохоналарда фаолият юритаётган тиббиёт ходимлари билан меҳнат шартномалари тегишли тартибда бекор қилиниб, улар аввалги иш жойларига қайтарилади.

Ҳозирда мамлакатда пандемия хавфи нисбатан камайгани туфайли коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан шуғулланадиган 159 та тиббиёт муассасасидан фақат 32 таси фаолият юритмоқда.