Товламачикда жабрланувчининг эрки синдирилади, фирибгарликда эса эрк янглиштирилади
Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ҳақ тўламай эгаллашда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради ёки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият яратади.
Жиноят кодекси 168-моддаси диспозициясига мувофиқ фирибгарликда алдаш деганда, айбдор томонидан, билиб туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар хабар қилиниши ёки иш ҳолати бўйича мулкдор, мулкнинг бошқа эгасига маълум қилиниши лозим бўлган ҳақиқий фактларни яшириш ёхуд бундай шахсларни янглиштиришга қаратилган қасддан содир этилган ҳаракатлар тушунилади.
Фирибгарликда ёлғон маълумотларга жабрланувчини янглиштиришга олиб келиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатлар, жумладан, юридик факт ва воқеалар, мулкнинг сифати, нархи, айбдорнинг шахси, унинг ваколати, нияти (масалан, айбдор шахс ўзини мансабдор шахс ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими сифатида кўрсатиши) тааллуқли бўлиши мумкин.
Фирибгарликда жабрланувчини янглиштиришга қаратилган қасддан содир этиладиган ҳаракатлар жумласига, масалан, битим ёки тўлов предметини сохталаштириш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ўйнаш чоғида алдов усулларини қўллаш кабилар киради.
Фирибгарликда ишончни суиистеъмол қилиш деганда, айбдорнинг мулкдор, мулкнинг бошқа эгаси ёки мулкни учинчи шахсларга бериб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли бошқа шахслар билан ишончли муносабатлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиши тушунилиши лозим. Ишончга турли ҳолатлар, масалан, айбдор шахснинг хизмат мавқеи ёки унинг жабрланувчи билан шахсий ёки қариндош-уруғлик муносабатлари сабаб бўлиши мумкин.
Фирибгарлик натижасида олинган, шунингдек, иш бўйича ашёвий далил, деб эътироф этилган жабрланувчига тегишли пул ва бошқа қимматликлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодекси 211-моддаси тўртинчи бандига кўра, ўз эгасига қайтариб берилиши лозим. Пул ва бошқа қимматликлар улар эгасининг ташаббуси билан, билиб туриб, пора предмети сифатида берилган ҳоллар бундан мустасно. Пул ва бошқа қимматликлар топилмаган ҳолларда уларнинг суммаси ёки пул бирлигидаги қиймати суд томонидан жабрланувчи фойдасига ундирилади.
Фирибгарликни иқтисодиёт соҳасидаги қатор жиноятлардан, шу жумладан, ўзганинг мулкини талон-торож қилишнинг бошқа шаклларидан фарқлаш керак.
Фирибгарликнинг ўғриликдан фарқи шундаки, фирибгарликда айбдор мулкни ўзганинг эгалигидан олиб қўймайди, балки у томонидан янглиштирилган жабрланувчининг ўзи мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқни беришига эришади.
Товламачиликдан фирибгарлик шу билан фарқланадики, товламачикда жабрланувчининг эрки синдирилган бўлади ва у қўрқув таъсири остида ҳаракат қилади. Фирибгарликда эса алдов натижасида жабрланувчининг эрки янглишади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасининг биринчи қисмида фирибгарлик ҳолати, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Иккинчи қисмида фирибгарлик ҳолати анча миқдорда, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки компьютер техникаси воситаларидан фойдаланиб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилинади.
Учинчи қисмида фирибгарлик ҳолати кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Тўртинчи қисмида фирибгарлик ҳолати жуда кўп миқдорда, ўта хавфли рецидивист томонидан ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг 400 бараваридан 600 бараваригача миқдорда жарима ёки саккиз йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шерзод ТУРСУНОВ,
жиноят ишлари бўйича Булунғур тумани суди девонхонаси мудири.