Тўйда овқатдан заҳарланган фуқаролар бўйича расмий маълумот берилди

Аввалроқ Самарқанддаги тўйда одамлар овқатдан заҳарлангани юзасидан хабарлар тарқалган эди. Вилоят ИИБ ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Унга кўра, Жомбой туманида яшовчи 19 нафар фуқаро тиббиёт бирлашмаларига тўй базмида овқатдан заҳарланганлиги юзасидан мурожаат қилган.

Шулардан 14 нафари соғлигининг ҳолати қониқарли эканлиги сабабли амбулатор шароитда даволанишга юборилган. 5 нафари тиббиёт бирлашмасида даволанмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хабарда мазкур заҳарланиш ҳолати айнан қайси ҳудуддаги қайси ресторанда содир бўлгани ҳақида маълумот берилмаган.