Тўйларнинг дабдабали ўтишига кўпроқ кимлар сабабчи бўляпти?
Телеграмм каналимизда шу савол билан сўровнома берган эдик. Унда аксарият иштирокчилар "Ота-оналар «орзу-ҳавас» дея шундай йўл тутмоқда", деган фикрда экани маълум бўлди.
Сўровномада 2 минг нафарга яқин фойдаланувчи иштирок этди. Шундан 37 фоизи ана шу жавобда эканини билдирган. Шунингдек, иштирокчиларнинг учдан бир қисми тўйларнинг дабдабали ўтишига сабабчилар "Қариндош-уруғ, маҳаллага ўзини кўз-кўз қилмоқчи бўлганлар", деган жавобда тўхталган.
Қолган иштирокчилар, жумладан, 21 фоиз респондентлар дабдабали тўй қилишни хоҳловчилар -“Мансабдор шахслар”, 12 фоиз иштирокчилар бундай ҳашаматга сабаб “Тўйи бўлаётган ёшлар” деган тўхтамга келган.
Кишилар сўровномада иштирок этиш билан бирга, ўз фикр-мулоҳазаларини ҳам ёзиб қолдиришган. Уларнинг ҳам аксарияти "Гап тўй учун асосий чиқим қиладиган ота-оналарнинг ўзида", деган фикрда эканликларини ёзишган. Масалан, бир фойдаланувчи "2 киши (келин-куёв) рози бўлса бўладиган тўйни ўзимиз (ота-оналар) бутун маҳалла рози бўлмаса бўлмайдиган тўйга айлантириб олганмиз", дея фикр билдиради.
Ўзини Гулзода дея таништирган пастдарғомлик меҳнат фахрийси таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, тўйларнинг дабдабали ўтишига кўпроқ сабабчи бўлаётган ҳолатлар ҳақида фикрларини баён қилди:
- Одамларимизда ҳамон орзу-ҳавас тушунчаси қандайдир баҳонага айланиб қолган. Айниқса, аёлларимиз ичида орзу-ҳавасга интилиш, у ёки бу жараённи кўз-кўз қилиш ва оиласи обрўсини шу билан кўтариш, афсуски, ҳануз бор ҳолат.
Яна бир сабаби тўй пайтидаги олди-берди масаласи баъзи оилаларда мажбурият бўлиб қолганлигида. Агар бу мажбурият бажарилмаса, икки томондан бири қайсидир жиҳатдан камситилади. Кийим-кечак, сарпо масаласи ҳам ҳамон дардли.