Тойлоқ “электросеть” ходими ташкилотда ёнғин хавфсизлиги талаблари бажарилмагани учун судда жавоб берди
Жиноят ишлари бўйича Тойлоқ тумани судининг туман ИИБда бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида шу масала муҳокама қилинди.
Маълум бўлишича, туман фавқулодда вазиятлар бўлими ходимлари жорий йил 20-21 октябрь кунлари Тойлоқ тумани электр таъминоти корхонасида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш юзасидан ўтказилган текширувда қатор камчилик аниқлаган.
Хусусан, корхонада ёнғинга қарши резервуарлар, сиғимларни зарур сув сатҳи, сув олиш воситалари мавжудлиги ва уларнинг созлиги, қияликлар, ёнғин-қутқарув машиналари, шамоллатиш мосламалари ва бошқа жиҳозларни ўрнатиш учун кириш йўллари ва майдонлар мавжудлиги, сув ҳавзасини (резервуарни) атроф муҳитнинг салбий ҳароратида ишлатилиши таъминланмаган.
Яъни, ушбу чоралар кўрилмасдан, ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузилган.
Бу ҳолат электр таъминоти корхонаси омбор мудирининг эътиборсизлиги оқибатида содир бўлган, деб топилган. Чунки корхонанинг ички фармойишига асосан унга ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгарлик юклатилган.
Судда у “содир қилган қилмишидан пушаймонлигини, келгусида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишини, оиласида ягона боқувчилиги, қарамоғида 2 нафар фарзанди борлигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўраган”.
Суд маъмурий жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмас деб ҳисоблаб, жавобгарга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми миқдорида - 135 минг сўм жарима жазоси тайинлаган.
P/s: Савол туғилади, ўзи бирорта туман “электросет”ида ёнғин хавфсизлиги қоидалари таъминланганмикан?
Бундан ташқари, аниқланган камчиликларни бартараф қилишга бир омбор мудирининг имконияти, салоҳияти етадими?