Тойлоқ ўзини гўшт ва сут билан таъминлай олади. Бунинг сири нимада?

Тойлоқ тумани бугунги кунда ўз аҳолисининг гўшт ва сутга бўлган эҳтиёжини тўла қондириб, республикамизнинг бошқа минтақаларига ҳам ушбу маҳсулотларни етказиб бераётган ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Айни пайтда туманда қорамолчилик йўналишида 5568 бош қорамол парваришланаётган 16 та, паррандачилик йўналишида 1 миллион 704 минг бош товуқ боқилаётган 3 та, балиқчилик йўналишида 8 та, асаларичилик йўналишида 1 та йирик субъект фаолият юритиб келмоқда.

– Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси билан ҳамкорликда ўтган йил чорвачиликни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 48 миллиард 411 миллион сўмлик 7 та лойиҳа ишга туширилган бўлса, бу йил 51 миллиард 280 миллион сўмлик 6 та лойиҳа амалга оширилади, – дейди Тойлоқ тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шерзод Ҳайдаров. – Жумладан, қорамолчилик йўналишида 920 бош қорамол бўлган 3 та лойиҳа, паррандачиликда парранда бош сони 396 минг бош бўлган 2 та лойиҳа ва асаларичилик йўналишида умумий қиймати 500 миллион сўмлик 1 та лойиҳа ишга туширилади. Бу ишлар натижасида барча тоифадаги хўжаликларда қорамоллар бош сони 120 мингга етказилади.

Ҳоким ўринбосарининг қайд этишича, 2016 йилда ҳудуд аҳолисининг гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаби ички имкониятлар ҳисобига 60-70 фоизга қонидирилган. Эндиликда эса бу турдаги маҳсулотлар, ҳатто бир неча баробар кўп ишлаб чиқарилмоқда.

Хусусан, ўтган йил туман аҳолисининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун 9 минг тонна гўшт, 69 минг тонна сут ва 46 миллион дона тухум талаб этилгани ҳолда амалда 25 минг тонна гўшт, 91 минг тонна сут ҳамда 68,5 миллион дона тухум ишлаб чиқарилган. Жорий йилда бу рақамлар яна ҳам ошиши кутилмоқда. Биргина паррандачилик йўналишида тадбиркорлик субъектларининг давлат томонидан фаол қўллаб-қувватланиши, субсидиялар ажратилиши ва бошқа имтиёзлар берилиши туфайли бу йил барча тоифадаги хўжаликларда парранда бош сонини 2,75 миллион бошга, тухум ишлаб чиқаришни 74 миллион донага ва парранда гўштини 69,7 тоннага етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, балиқчилик бўйича 3 гектар экстенсив сунъий сув ҳавзаларини интенсивлаштириш ҳисобига балиқ етиштириш 4-5 баробарга оширилади.

Туманда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва бозорда нарх барқарорлигини таъминлашда “Сиёб Шавкат Орзу”, “Акмал Тошпўлатович”, “Машҳура Собира Голд”, “Тойлоқ" фермер хўжаликларининг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Бугунги кунда нафақат ушбу туман, балки республикамиздаги йирик кўп тармоқли фермер хўжаликларидан бирига айланган “Сиёб Шавкат Орзу” фермер хўжалигида 3400 бош қорамол, 1,7 миллион бош парранда парваришланиб, йилига 25 минг тонна гўшт, 10 минг тонна сут ва 25,5 миллион дона тухум ишлаб чиқарилмоқда. Корхона сут маҳсулотлари, парранда гўшти ва тухумни ички бозордан ташқари Тожикистон ва Афғонистонга ҳам экспорт қилмоқда.

Бундай йирик хўжалик қаторига эндиликда қорамол бош сони 1000 бошдан ошган “Акмал Тошпўлатович” фермер хўжалиги ҳам қўшилмоқда.

– 2006 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтини битириб, фермер хўжалиги ташкил этиб иш бошлаганман, – дейди “Акмал Тошпўлатович” фермер хўжалиги раҳбари Дилшод Муҳаммадиев. – Дастлаб ғалла ва сабзавотчилик билан шуғулланган бўлсак, 2015 йилда Польшадан 4 бош наслли қорамол олиб келиб, чорвачиликни ҳам йўлга қўйдик. Чорва – барака манбаи, деб бекор айтишмаган экан. Ишимиз юришиб, хориждан яна 33 бош қорамол келтирдим. Давлатимизнинг соҳани ривожлантириш учун берган имтиёз ва имкониятларидан фойдаланиб, чет давлатларга бориб, наслли қорамол боқиш ва кўпайтиришни ўргандим. 2018 йилга келиб, чорва сони 500 бошга етгач, хўжалигимиз қошида сутни қайта ишлаш цехи очдик, ҳозир 2,5-3 тонна сутни қайта ишлаб, тайёр маҳсулот сифатида бозорга чиқаряпмиз. 2024 йилда гўшт йўналишида чорва боқишни йўлга қўйгач, омухта ем ишлаб чиқаришни бошладик. Ҳозир хориждан келтирилган 600 бош буқа парваришлаяпмиз. Қисқа вақт ичида 135 тонна гўшт ишлаб чиқаришга эришдик ва бу йил бу кўрсаткичимиз анча юқори бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, 1 гектар сув ҳавзасида балиқчилик билан ҳам шуғулланяпмиз. Кўп тармоқли бўлгандан кейин ҳамма соҳада ишлашимиз керак-да. Худога шукр, даромадимиз меҳнатимизга яраша – йилига 30-40 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаряпмиз. Хўжалигимизда 130 киши доимий, 50 киши мавсумий иш билан банд.

Кўп тармоқли фермер хўжалиги кейинги йилларда аутсорсинг тизимини йўлга қўйиб, мактабгача таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларга сабзавот ва полиз, гўшт ва сут маҳсулотлари етказиб бермоқда.

Вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси маълумотларига кўра, ҳозирда вилоятнинг Тойлоқ, Булунғур, Жомбой ва Каттақўрғон туманларида ҳудуд аҳолиси эҳтиёжидан ортиқ гўшт, тухум ва сут маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Вилоят бўйича эса аҳолининг чорвачилик маҳсулотларига бўлган талабини қондириш учун 180 минг тонна гўшт, 1,3 миллион тонна сут ва 875 миллион 400 минг дона тухум ишлаб чиқаришни режалаштириб, амалда 206 минг тонна гўшт, 1,4 миллион тонна сут ҳамда 1,3 миллиард дона тухум тайёрланган. Тухум ва парранда гўшти ички бозор эҳтиёжидан ортиб, хорижга ҳам экспорт қилинмоқда.

– Ҳозирги вақтда вилоятимиздаги барча тоифалардаги хўжаликларда 1,7 миллион бош, жумладан, 742 та фермер хўжаликларида 102 минг бош чорва моллари парваришланмоқда, – дейди вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Одилхон Бақоев. – Ўтган йил чорвачиликни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 600 миллиард 674 миллион сўмлик 82 та лойиҳа амалга оширилиб, улар бўйича хориждан 8 минг бош наслли, 20 минг бош гўшт йўналишида чорва моллари олиб келинди. Умуман, 2024 йилда вилоятга хориждан 2 минг 742 бош қорамол ҳамда 10 минг бош майда шохли ҳайвонлар, жумладан, 3 минг 680 бош наслли қўй келтирилган.

Жорий йилда вилоятда чорвачиликни ривожлантириш бўйича умумий қиймати 400 миллиард 897 миллион сўмлик 85 та лойиҳани ишга тушириш ва 730 та янги иш ўрни очиш режалаштирилган. Хусусан, қорамолчилик йўналишида мол бош сони 4 минг 822 та бўлган 37 та, қўй ва эчкичилик йўналишида қўй бош сони 7 минг 300 та бўлган 7 та лойиҳа, паррандачилик йўналишида 1 миллион 628 минг бош парранда бўлган 19 та лойиҳа амалга оширилади. Шунингдек, балиқчилик йўналишида 15 та, қуёнчиликда битта лойиҳа кўзда тутилган. Бу лойиҳалар ҳамда аҳоли шахсий хўжаликларидаги чорвани кўпайтириш ҳисобига қорамоллар бош сони 1 миллион 805 мингтага, қўй-эчкилар сони 2 миллион 724 минг бошга, парранда эса 16 миллион 200 минг бошга етказилади.

Ғ.Ҳасанов,

А.Исроилов (сурат).