Тойлоқда банан етиштирилади
Тойлоқ туманида янги даромад манбаларини яратиш ҳамда юқори рентабелли маҳсулот етиштиришни кенгайтириш мақсадида 20 та фермер хўжалигида жами 5 гектар майдонда, Катта Равот маҳалласидаги 100 та хонадонда иссиқхона шароитида банан етиштиришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Тумандаги “Ворсин” агрофирмасида ўтказилган амалий семинарда ҳудудда бананчиликни ривожлантириш, ушбу йўналишда замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш ҳамда юқори даромадли маҳсулот етиштириш имкониятлари муҳокама қилинди.
– Тупроқ ва иқлим шароитимиз иссиқхона шароитида банан етиштиришга имкон беради, – деди семинарда қатнашган туман ҳокими Беҳзод Раҳматуллаев. – Вилоятимизнинг бир қатор ҳудудларида янги экин турини парваришлашни ўзлаштириб, натижага эришаётган тадбиркорлар, томорқа эгалари бор. Катта Равот маҳалласида ҳам бу борада яхши тажриба тўпланган. Энди буни кенг оммалаштириш, бу сердаромад маҳсулотни етиштиришни кенгайтириш керак. 2027 йилда ушбу йўналишда янги лойиҳаларни амалга оширишга киришамиз. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда янги имконият ҳисобланади.
Семинарда мутахассислар томонидан маҳаллий шароитда банан етиштириш имкониятлари, банан навларининг ҳудуд иқлимига мослашувчанлиги, ҳосилдорлиги ҳамда парваришлашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида батафсил тушунтириш берилди. Айни пайтда бу борада натижага эришаётган томорқачилар тажрибасига эътибор қаратилди.