Трамп рақибининг ғалабаси: Нью-Йоркда янги мэр сайланди

Кеча Нью-Йоркда сайлов бошлангани ҳақида хабар берган эдик.

Шаҳар мэри сайловларида 34 ёшли Зохран Мамдани — демократ-социалист ва Трампнинг очиқ рақиби ишончли ғалаба қозонди.

У Трамп қўллаган мустақил номзод Эндрю Куомони ортда қолдирди ва шу билан мамлакатнинг энг йирик шаҳрида Трампнинг сиёсий таъсирига жиддий зарба берди.

Трамп сайловлар арафасида: «Агар коммунист фанатик ғолиб чиқса, Нью-Йоркнинг охири бўлади», деб баёнот берган эди.

Хўш, Мамдани ким ўзи?

Зохран Мамдани Угандада ҳинд оиласида туғилган, кейинчалик Жанубий Африка орқали АҚШга кўчиб келган. 2018 йилда фуқаролик олган. 2020 йилда Нью-Йорк штати ассамблеяси аъзоси этиб сайланган, 2024 йилда эса мэрликка номзодлигини илгари сурган. Ўшанда мутахассислар унинг имкониятларига ишонмаган эди.

Бугун эса у Нью-Йорк тарихидаги биринчи мусулмон мэрига айланди. Мамдани айрим доиралар томонидан Фаластинни қўллаб-қувватлаши ва сиёсий рақибларига нисбатан қаттиқ баёнотлари учун танқид қилинади.

Сиёсатчи бойлар учун солиқларни ошириш ва 2030 йилгача минимал иш ҳақини кўтариш тарафдори. Унинг кампанияси арзон уй-жой, ижара нархларини назорат қилиш, болалар парвариши ва шаҳар транспортини бепул қилиш каби ғояларга асосланган.

Нью-Йорк каби уй-жой нархлари осмонга чиққан шаҳарда бу ғоялар ҳақиқий инқилобий дастур сифатида қабул қилинмоқда.

Г.Холдорова тайёрлади.