Туғруқхонанинг 2-қаватидан 2 нафар чақалоқни пастга улоқтирган аёл устидан жиноий иш қўзғатилди

Кеча, 9 сентябр куни соат тахминан 04:30 ларда Наманган тумани тиббиёт бирлашмасининг туғруқ мажмуасига қарашли бинонинг орқа ҳовлисидан фуқаро Д.Х. (1996 й.т.) ва М.Т.(1997 й.т.)ларнинг 02.09.2019 йилда туғилган қиз чақалоқлари тирик ҳолда топилиб, жонлантириш бўлимига ётқизилган. Бироқ шифокорлар томонидан кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан чақалоқлар вафот этган.

Аниқланишича, 09.09.2019 йил соат тахминан 03:30 ларда фуқаро Д.Х. 02.09.2019 йилда туғилган фарзандининг олдига кириб, уни оёқлари нотекис (нуқсонли) туғилганлигидан аччиқланиб, ундан қутулиш мақсадида ўз чақалоғи билан биргаликда қилмиши фош бўлиб қолишининг олдини олиш мақсадида шу хонада ётган М.Т.нинг қиз чақалоғини ҳам дераза ойнаси орқали туғруқ мажмуасининг 2-қаватидан пастга улоқтирган. Оқибатда чақалоқлар оғир тан жароҳати олган.

Мазкур ҳолат юзасидан 09.09.2019 йилда туман прокуратураси томонидан фуқаро Д.Х.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “а,в” бандлари ҳамда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ мажмуаси масъул шахсларига нисбатан 116-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Д.Х. процессуал тартибда ушланган.

Бош прокуратура хабарига кўра, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.