Туманларда ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари энди қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозимини эгаллайди
Президент қарори билан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий раҳбарлари ҳоким ўринбосари лавозимини эгаллаши белгиланмоқда. Вазирликнинг ҳудудий таркибий бўлинмаларида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга масъул ходим лавозими жорий этиляпти.
Президентнинг шу йил 2 декабрь куни «Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра:
- Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари тузилмаларига — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раисининг ва вилоятлар ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири, вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи лавозими;
- туман ҳокимликлари тузилмаларига — ҳокимнинг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари — туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи лавозими киритилади.
Улар, асосан, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини модернизациялаш, диверсификация қилиш ва барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий инвестиция капитали оқимини кўпайтириш орқали соҳада давлат иштирокини камайтириш ва инвестициявий жозибадорликни ошириш механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратади.