Тунда қурол кўтариб, "дайди итларни овлаб" юрган шахслар аниқланди
Кеча, 15 апрель куни Янгийўл шаҳар, Наврўз даҳасида жойлашган 4-уй олдида 3 нафар нотаниш шахслар дайди итларни отиб кетишмоқда изоҳи билан ижтимоий тармоқларда хабар тарқатилди.
Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Тошкент вилояти ИИББ ЖҚБ ва Янгийўл шаҳар ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор суриштирув ишлари давомида ушбу нотаниш шахслар аниқланди. Улар: Янгийўл шаҳар Наврўз даҳасида яшовчилар, 1976 йилда туғилган Д.С., 1982 йилда туғилган А.Х. ва 1983 йилда туғилган А.К. эканлиги аниқланган ва улардан 2 дона спорт пневматик (тир) милтиғи, ҳужжатлари билан далилий ашё сифатида расмийлаштирилиб олинган. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.
Шунингдек, улар суҳбат жараёнида ўзларига тегишли бўлган спорт пневматик (тир) милтиқларини Тошкент шаҳридаги “Динамо” спорт дўконидан ҳужжатлар асосида расмийлаштириб олганлигини ва карантин даврида ёш болалари уйда бўлганлиги сабабли хавфсизлик юзасидан ушбу қуролларни таниши “Улуғбек” исмли шахснинг уйига олиб кетаётганлигини ва ҳеч қандай жониворларга қарата ўқ отмаганлигини маълум қилишган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Янгийўл тумани ИИБ томонидан тезкор суриштирув ишлари олиб борилмоқда.