Туркиялик журналистлар меҳмонимиз
Туркиянинг Кастамону шаҳридаги “Хабар36” нашри журналистлари Самарқандга саёҳати чоғида “Зарафшон” газетаси ва zarnews.uz сайти фаолияти билан танишди, вилоят матбуоти тарихи музейини кўздан кечирди.
– Самарқандга сафаримиз таассуротларга бой бўлмоқда. Шунинг учун яна бир неча кун қолиб, лавҳалар тайёрлайдиган бўлдик, - дейди газета бош муҳаррири Гулай Ажар хоним. - Чунки биргина “Боқий шаҳар” мажмуасида кўрганларимиз бир олам. Мажмуадаги миллий ҳунармандлик устахоналари ва маҳсулотлари, шарқона бозор ва миллий чойхоналар ҳақида соатлаб гапириш мумкин. Аҳолининг меҳмондўстлиги ва самимийлиги ҳам бизни ҳайратлантирди. Биз ота юртимизда меҳр ва эътибордан баҳраманд бўлаётганимиздан жуда хурсандмиз.
110 йиллик тарихга эга “Зарафшон” газетасининг музейи ҳам биз учун кутилмаган маскан бўлди. Яна уч кун давомида Самарқандда қолиб, турли мавзуларда лавҳалар тайёрлаймиз, қардош халқ турмуш тарзи, маданияти, қадриятлари билан яқиндан танишмоқчимиз.