Тушларда аён бўлган ибодатхона: Туркиянинг Трабзони нималари билан машҳур?
Аслида шу йилнинг куз ойлари бошида Туркияга, саёҳатчи сифатида бориб, таассуротларимни мақолага жамлагандим. Кўпчиликдан илиқ фикрлар эшитдим. Кўп вақт ўтмай Туркиянинг Самарқанддаги ваколатхонаси бош консули Салиҳ Жанер мақолани ўқиб, жуда хурсанд бўлганини ва умуман Туркиядаги тассуротларим билан қизиқди. Туркия тарихи, маданияти, анъаналари ҳақда суҳбатлашдик. Мақола учун раҳмат айтди. Элчихона томонидан журналистлар учун пресс-тур ўтказилиб турилиши ва мени ҳам улардан бири таркибига қўшишлари мумкинлиги айтилди.
Бош консулнинг мақолага эътиборидан хурсанд бўлиб, ўз ишларимга шўнғиб кетдим яна. Мақоласи газетада чиққан одам “минг йиллик” журналист бўлса-да, кичик бир муносабатдан қанчалик хурсанд бўлишини, гўё катта мукофот олгандай ўзини аъло ҳис қилишини шу соҳада ишлаганлар жуда яхши билади. Шу хурсандчилик сабабми, Туркияга яна, элчихона ташкилотчилигида бориш фикри аллақачон ёдимдан ҳам кўтарилиб кетди.
Аммо кутилмаганда элчихонадан қўнғироқ бўлди ва ўша таклиф аниқ саналари ва дастурлари билан билдирилди. Туркиянинг мен илгари эшитмаган вилояти – Трабзонга қараб йўл олдик. Бир гуруҳ ўзбекистонлик ва қирғизистонлик журналистлар учун ташкил этилган саёҳатда Туркиянинг шимоли-шарқидаги шаҳарлар Трабзон ва Ризе бўйлаб қизиқарли ва кишини ўтмишга чорловчи манзилларга қараб йўл олдик.
Туркияга бу галги сафарим унинг бизнинг тасаввуримиздаги қиёфасини яна бир карра ўзгартириб юборди. Бу ўзгаришлар Туркия тарихининг ранг-баранглиги-ю, жуда олис асрларга бориб тақалиши билан қизиқишингизни орттиради.
Трабзон - Туркиянинг шимоли-шарқидаги шаҳар, Қора денгиз соҳилида, Колат-Тоғ этагида жойлашган. Қадим замонлардан буён йирик савдо маркази ва порт, маданиятлар ва динлар ўртасидаги алоқа ҳудуди бўлган. Трабзон Туркиянинг шимоли-шарқий соҳилидаги энг муҳим шаҳарлардан бири бўлиб, қадимги Византия ёдгорликлари ва ажойиб табиат манзаралари билан ажралиб туради.
Трабзон Мачка дарёсининг соҳилида, Қора денгиз соҳилидаги ўрмонли тоғлар этагида жойлашган. Иқлими субтропик океаник, ёзи иссиқ ва қиши салқин. Йилига 800 мм дан ортиқ ёғингарчилик тушади. Энг ёмғирли ойлар - октябрь ва ноябрь. Қор камдан-кам учрайди.
Туркиянинг Қора денгиз соҳилида ёз иссиқ, аммо иссиқ эмас. Ҳарорат камдан-кам ҳолларда 30 даражадан ошади.
Трабзонга милоддан аввалги VIII асрда синоплик юнонлар томонидан асос солинган. Бу Кичик Осиёдаги энг шарқий юнон мустамлакаси бўлиб, у Трапез деб аталган. Бу ерда катта тижорий аҳамиятга эга бўлган порт қурилган. Кейинчалик Трабзон Понт қироллиги таркибига кирди ва эркин шаҳар мақомини олди. Вақт ўтиши билан у римликлар томонидан босиб олиниб, уни вилоят пойтахти ва Қора денгиз флотининг уйига айлантирди. Рим даврида Трабзоннинг савдо маркази сифатидаги аҳамияти янада ортди.
Милоддан аввалги III асрда шаҳар готлар томонидан вайрон қилинган ва бу унинг гуллаб-яшнашига чек қўйган. VII-VIII асрларда Трабзон Византия вилоятининг бир қисми бўлиб, аста-секин Византия империясининг асосий шарқий “юзи”га айланган. 1204 йилдан бери шаҳар 1461 йилда Усмонлилар қўлига ўтган Требизонд империясининг кичик давлатининг пойтахти эди.
Бу қадим ўлка не-не империялару, шаҳаншохларни кўрмади, дейсиз. Қайси бирлари бу ерларни обод этди, қайси бирлари эса вайрон. Ҳайратланарлиси, ободлиги ва вайронага айланмай, бир неча ўн асрлик тарихий масканлар ҳамон яхши сақланиб қолинган.
Трабзондаги Сумела монастирини олайлик.
Трабзон вилоятидан 50 километр узоқликдаги Олтин дара миллий боғида жойлашган Сумела монастири VI асрда қурилган.
Бу монастирга гўзал табиат ичра боришнинг ўзи кишига завқ бағишлайди. 1500 метр баландликдаги чўққида барпо этилган қадим монастир, ундаги Исо пайғамбар, Биби Марям сувратлари туширилган ибодатхона, роҳиблар хоналарию, ўша пайтларда ошхона, кутубхона, талабалар ўқув хоналари, ҳаммом вазифаларини ўтаган, тошдан ясалган хоналар ҳайратингизни оширади.
Афсоналарга кўра қадим афиналик икки роҳиб бир пайтнинг ўзида бир хил туш кўради. Ушбу тушда уларга Биби Марям айнан шу жойдаги ғорда мўъжизавий икона мавжудлиги айтилади. Улар иккаласи бир пайтда йўлга чиқиб, ғорда учрашишади ва шу ерда ибодатхона барпо этишади.
Қизиғи, ушбу ибодатхона йиллар давомида кенгайиб, минглаб зиёратчиларнинг муқаддас маконига айланади. Империялар алмашса-да, аҳоли бутунлай ўзгариб, бу ҳудудга ислом дини кириб келганда ҳам бу монастир ўз фаолиятини давом эттирган. Ҳатто Усмонлилар подшоҳлари уни асраб қолиш учун молиявий кўмак ҳам берганлиги айтилади. Фақат XX асрнинг бошларидагина, юнонлар бу ҳудудни тарк этганда, у бироз муддат қаровсиз қолган. 2015-2019 йилларда бу ерда реконструкция ишлари амалга оширилиб, бугунги кунда ҳудуд сайёҳлар учун очиқ.
Умуман, Туркиянинг жуда қадим тарихи кишини ҳайратлантиради. Бу ерда шунчалик хилма хиллик ичра турли эътиқодларга, маданият ва қадриятларга нисбатан чексиз ҳурматнинг илдизлари жуда олисларга бориб тақалиши тарихий обидаларига сайр давомида яққолроқ англашилади. Мисол учун масжидда Исо пайғамбар тасвири туширилган фрескаларни ҳамон сақланиб қолинганлиги сиз, азиз ўқувчиларни ҳайратлантирмасмидими?
Келинг, бу ҳақда кейинги мақоламизда тўхталиб ўтамиз.
Гулруҳ МЎМИНОВА.