Уч боғчада уч хил шароит
– Муассасамиз 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни пайтда 6 гуруҳда 100 нафардан ортиқ бола тарбияланмоқда, – дейди МТМ мудираси Насиба Валиева. – Биномиз эски бўлишига қарамай, болалар учун шароит яратишга ҳаракат қиляпмиз. Кўриб турганингиздек, хоналарни иситиш тизимида камчиликлар бор. Ҳовли саҳнидаги ўйин майдончаларининг ҳам аҳволи аянчли. Жорий йил муассаса биносини таъмирлаш бўйича ариза берганмиз.
Ҳақиқатан ҳам муассаса хоналари талаб даражасида иситилмаган. Табиий газ йўқлиги сабаб иситиш тизими учун ўтин ишлатилмоқда. Хоналарга қўлбола электр иситиш печлари ўрнатилган. Биз гуруҳлардаги таълим-тарбия жараёнини кузатишни бошлаганимиздан сўнг тарбиячилар машғулотларни бошлади.
Тарбияланувчилар ташқи ҳожатхонадан фойдаланишар экан. Қишнинг совуқ кунлари бу болаларга қийинчилик туғдирмайдими?
Болалар таомномаси ҳам ёдимиздан чиққани йўқ. Ҳар тугул бу масалада аҳвол унчалик ёмон эмас. Таомнома белгиланган тартиб асосида тузилган. Ошхона ҳам озода. Омборхона ҳам тоза, маҳсулотлар махсус идишда сақланмоқда.
Ота-оналар талаби – икки ҳисса масъулият
Тумандаги 3-МТМ ҳовлисининг асосий дарвозаси қулфланган. Бу каби хавфсизлик қоидалари кўча юзида жойлашган боғча учун керак, албатта. Атрофи тоза, озода. Кузатув камералари ўрнатилган. Боғча ҳовлиси чиройли безатилиб, хоналар талаб даражасида жиҳозланган. Асосийси, хоналар иссиқ. Шароит яхшилигидан хурсанд бўлдик. Мудира хонасига кирар эканмиз, бир четда 10-15 тувакдаги лимон кўчатларига кўзимиз тушди.
– Ҳовли четида ота-оналар билан ҳамкорликда 21 сотих майдонга иссиқхона ташкил этганмиз, – дейди боғча мудираси Раъно Очилова. – Ушбу кўчатлар иссиқхонага экиш учун мўлжалланган. Аммо бу йил кеч қолдик. Ўрнига саримсоқпиёз ва кўкат экканмиз. 2015 йилда биномизнинг том қисми ва иситиш тизими, ўтган йил ошхона ва деворлари жорий таъмирдан чиққан. Эндиликда ўйин майдончалари қуриш ва хона полларини янгилаш учун ҳаракат қиляпмиз. Биласизми, бугун ота-оналар анча талабчан. Улар фарзандининг ҳар бир дақиқасини назоратга олади. Шунинг учун болаларнинг кунлик ишлари файл папкаларга жойлаштирилиб, хонага кираверишда ташкил этилган ота – оналар бурчагига қўйилади. Бу уларга болаларнинг кунлик машғулотларини доимий текшириб, кузатиб туриш имкониятини яратади. Бизнинг масъулиятимизни оширади.
Муассасамиз 140 ўринга мўлжалланган. Айни кунда 6 та ўзбек ва битта рус гуруҳи фаолият юритади. Атрофимиздаги 33-умумтаълим мактаби билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳафтада икки бор инглиз тили ўқитувчиси болаларга сабоқ беради.
Боғчадаги ютуқлар билан бирга, камчиликлар ҳам бисёр. Бу ерда ҳам болалар ташқи ҳожатхонадан фойдаланишар экан. Ўтган йил ошхона биноси таъмирланганига қарамай, хоналарнинг торлиги ва идишларнинг етишмаслиги, асосийси, тартиб йўқлиги яққол кўзга ташланади. Кунлик таомнома илиб қўйилмаган. Тушлик вақтида борганимиз учун берилган овқатлар эрталаб тасдиқланган таомномага мос эмаслигига гувоҳ бўлдик.
Намунали МТМда таомнома ҳам намуналими?
Тумандаги Қорақўйли маҳалласида яқинда мукаммал таъмирдан чиққан 8-МТМ намунавий боғча типида қурилган ва жиҳозланган. Ихчамгина, етмиш ўринли. Иссиқлик таъминоти ҳам кўнгилдагидек. Болаларга яратилган шароит ҳавас қилгулик. Асосийси, икки боғчада кўнглимизни хижил қилган ҳожатхона муаммоси бу ерда бартараф этилган. Овқатларни сақлаш шароити ҳам, ошхона жиҳозлари ҳам талаб даражасида. Аммо бу даргоҳда ҳам болаларнинг овқатланиши билан боғлиқ камчиликлар бисёрлиги маълум бўлди.
Таомномадаги гўштли барак ўрнига дастурхонга макаронли бўтқа тортилган. Мавжуд шароитни ҳамшира бир кун олдин ошпазнинг қўли кесилгани (!), шу сабаб таомномага ўзгартириш киритилгани, аммо бу жадвалда энди ўз аксини топиши билан изоҳлади.
Туманда 11 та МТМ қурилади
– Иштихон туманида 22 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 2600 нафар бола тарбияланади, – дейди Иштихон туман мактабгача таълим муассасалари бўлими мудири ўринбосари Фурқат Абдураҳмонов. – 2018 йилда тумандаги Шейхларкент маҳалласидаги 4-МТМ, Митан шаҳарчасидаги 9-МТМ жорий таъмирдан, Қурилиш қишлоғидаги 29-МТМ капитал таъмирдан чиқарилади. Шунингдек, давлат хусусий шерикчилиги асосида туманда 11 та боғча қурилиши режалаштирилган. 2019-2023 йилларда туманда 74 та давлат мактабгача таълим муассасаси қурилиши амалга оширилади. Кадрлар етишмаслиги бугунги куннинг долзарб муаммоси. Логопед ва дефектолог штатларини мавжуд кадрларни сиртқи бўлимларда қайта ўқитиш орқали шакллантирмоқчимиз. МТМларнинг озиқ-овқат тизимини яхшилаш мақсадида марказлашган бухгалтерия бўлимида озиқ-овқат етказиб бериш таъминоти йўлга қўйилган. Рўйхатдаги 23 турдаги маҳсулот ҳафталик қилиб, боғчаларга тарқатилади.
Туманда олиб борилаётган ишлар салмоқли. Аммо камчиликлар ҳам етарли. Бир тумандаги уч муассасанинг иккитаси газ, бири ўтин орқали иситилишини кўрдик. Мавжуд таомномалар ҳам номигагина ёд олинган рақамлар билан тўлдирилишига гувоҳ бўлдик. Чунки МТМларнинг ҳеч бирида маҳсулотларни ўлчаб солиш учун тарозига кўзимиз тушмади.
Насиба ЖОНТЎРАЕВА.
Чамбилтепада боғча қуриладими?
Биз истиқомат қиладиган Булунғур туманининг Кафтархона маҳалласида 14-умумтаълим мактаби филиали қурилди. Ўғлим ҳам ушбу даргоҳда таълим олади. Фарзандларимиз яратилган шароитлардан мамнун.
Ҳозирда эски мактаб биносидан омборхона сифатида фойдаланиляпти. Уни мактабгача таълим муассасаси сифатида реконструкция қилса бўлмасмикан?
Ахир, қишлоғимизга боғча керак-ку!
Э.ИСРОИЛОВ,
Булунғур тумани, Кафтархона маҳалласи.