Уч минг одам Регистондан театргача оммавий юриш қилди

Самарқанд шаҳрида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ташаббуслигида 15 май - “Халқаро оила куни” муносабати билан оммавий юриш ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги, касаба уюшмаси кенгаши, жисмоний тарбия ва спорт ҳамда халқ таълими бошқармалари ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда уч мингдан ортиқ оилалар, ташкилот ва муассасалар ходимлари, маҳаллалар фаоллари қатнашди. Улар белгиланган Регистон майдони олдидан, вилоят мусиқали драма театри олдигача бўлган масофани босиб ўтди.

Тадбирда иштирок этган бир нечта оилага ва қатнашчиларга оиладаги тинчлик ва тотувлик, баркамол авлодни, етук фарзандларни тарбиялаш, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик тамойилларига эришишдаги оқилона хизматлари билан Ватан оила осойишталигини сақлашдаги фаолллиги учун ташаккурнома ва оила энциклопедияси берилди. 

– Бугунги тадбир саломатлигимизга фойдали бўлиши билан бирга маънавий озуқа ҳам берди, – дейди тадбир ғолиби, Самарқанд шаҳрининг Хўжа соат маҳалласида яшовчи Ҳасан Абдуқодиров. – Шунингдек, оммавий юриш бошқа оила аъзолари билан яқиндан танишиш имконини ҳам яратди. Касбим ўқитувчи, асли қашқадарёликман, талабаликдан Самарқандга меҳрим тушган. Бугунгидек оммавий спорт ва байрам тадбирларга доим қатнашиб келаман. Шу сабаб бўлса керак, оилам билан бошқа иштирокчилардан олдин финишга етиб келдик.

Ҳусан Элтоев.