Тоза ҳавода юриш ва эрталабки бадантарбия организмнинг бир маромда ишлаши, иммунитетнинг ошишига хизмат қилади
Эрта тонгдан Самарқанд шаҳрида “Соғлом ҳаёт учун 5 минг қадам” шиори остида юриш марафони ҳамда эрталабки бадантарбия машғулотлари ўтказилди.
Тадбирларга Самарқанд давлат университетининг физика факультети биноси олдидан старт берилди. Иштирокчилар белгиланган масофани босиб ўтгач, Рудакий майдонида енгил бадантарбия машқларини бажаришди.
- Юриш ҳар қандай касалликнинг олдини олишда самара беради, - дейди 80 ёшли спорт фахрийси Убайдулла Қосимов. - Соғлом турмуш тарзини кўпчилик фақат тўғри овқатланиш, гигиеник талабларга риоя қилишда, деб тушунади. Тоза ҳавода юриш ва эрталабки бадантарбия машқларини бажариш ҳам инсон организмининг бир маромда ишлаши ҳамда иммунитет ҳосил бўлишига хизмат қилади. Саломатлигингиз учун эрталаб 10-15 дақиқа спорт билан шуғулланишни тавфсия этаман.
Оммавий юриш марафонида вилоят ҳокими ўринбосари Х.Очилов иштирок этди.
Ҳусан ЭЛТОЕВ.