“Янги нафас”: Пастдарғомлик спортчилар бу йилги мусобақада ҳам ғолиб бўлди
«Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказида ҳаваскорлар ўртасида анъанавий “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди.
Унда беш минг нафардан зиёд иштирокчи 3 километр масофага югурди.
Ўтган йилги мусобақада ҳам ғолиб бўлган пастдарғомлик спортчи Комил Фозилов марра чизиғини яна биринчи бўлиб босиб ўтди. Яна бир пастдарғомлик спортчи Темур Аҳматуллаев иккинчи, оқдарёлик Намозбек Бобомуродов учинчи ўринни эгаллади.
Қизлар ўртасида ҳам 1-ўринни пастдарғомлик Элноза Маҳмарайимова қўлга киритди. Кейинги ўринлар оқдарёлик спортчилар Фарангиз Абдубакирова ҳамда Сабрина Омоновага насиб этди.
Пара спортчилар ўртасида оқдарёлик Шоҳруҳ Рўзиқулов биринчи, тойлоқлик спортчилар Эъзозбек Омонов ва Суннат Бобомуродов иккинчи, Ургут тумани вакили Дилбек Тугалов ҳамда Самарқанд туманидан Равшан Алиев учинчи ўринни банд этди.
Қизлар ўртасидаги баҳсда Самарқанд туманидан Сафина Зодаева мутлақ ғолиб деб топилди.
Шунингдек, мусобақада «Энг кекса иштирокчи», «Энг ёш иштирокчи» ва турли номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Мусобақа ғолиблари диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.