“Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасида пастдарғомлик спортчилар ғолиб бўлди
Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда — бирга югурамиз” шиори остида ўтказилган марафон ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мусобақа якунига кўра, эркаклар ўртасидаги баҳсда биринчи ва учинчи ўринларни пастдарғомлик спортчилар Алишер Аҳматиллаев ва Алишер Сапаров қўлга киритди. Иккинчи ўрин эса Самарқанд шаҳридан Бунёд Муҳитдиновга насиб этди.
Қизлар баҳсида марра чизиғини пастдарғомлик спортчилар Камола Аблаева, Фарангиз Олимова ҳамда Элноза Маҳмаочиловалар бирин-кетин босиб ўтди.
Айтиш жоизки, пастдарғомлик йигит-қизлар “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасининг ўтган йили ва жорий йилда ташкил этилган баҳсларида кетма-кет ғолибликни қўлга киритиб келмоқда.
Марафонда “Энг фаол иштирокчи”, “Энг ёш иштирокчи" ва “Энг ёши катта иштирокчи” номинациялари бўйича ҳамда ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида ҳам ғолиблар аниқланди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.