"Yangi nafas"да янги номлар аниқланди
Юртимиз бўйлаб "Бир Ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда - бирга югурамиз" шиори остида "Yangi nafas" оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди.
Мазкур мусобақада 7 мингга яқин самарқандлик спортга ҳавасманд ёшлар ҳам фаол қатнашди.
Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Р.Қобилов ва Х.Очилов иштирок этиб, барчага омад тилади.
"Ипак йўли" халқаро туризм марказида ёшлар куни муносабати билан ўтказилган ушбу оммавий югуриш мусобақасида иштирокчилар 3 километр масофада ўзаро баҳслашди.
Халқаро олимпия кунига бағишланган "Olympic day" мусобақасида эса иштирокчилар 1,61 километр масофага югурди.
"Yangi nafas" мусобақасида Паст Дарғом туманидаги 1-сон спорт мактаби тарбияланувчиси Алишер Аҳматиллаев 1-ўринни қўлга киритди. Мусобақанинг қизлар баҳсида ғолиблик Самарқанд давлат университети талабаси Камола Аблаевага насиб этди.
"Olympic' day" мусобақасида белгиланган масофани биринчи бўлиб ТАТУ Самарқанд филиали талабаси Алишер Сафаров босиб ўтди. Ушбу масофада қизлар ўртасида биринчи ўринни пастдарғомлик Фарангиз Алимова қўлга киритди.
Мусобақаларда ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Шунингдек, "Энг кекса иштирокчи", "Энг ёш иштирокчи", "Энг фаол иштирокчи" номинациялари бўйича ғолиблар тақдирланди.
Фазлиддин Рўзибоев.