Участка сайлов комиссиялари аъзолари ўқитилмоқда

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган дастур асосида айни пайтда ҳудудларда муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқув семинарлар ўтказилмоқда. 

Бир неча босқичларда ташкил этилган мазкур ўқувларда дастлаб участка сайлов комиссиялари раис, ўринбосар ва котиблари ўқитилди. Эндиликда комиссия аъзолари сайлов қонунчилиги, Ўзбекистон Президенти сайловини ўтказишнинг тартиблари, сайлов куни амалга ошириладиган ишлар, овоз бериш жараёнларини ташкил этиш каби масалалар батафсил тушунтирилмоқда.

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд сайлов округи ҳудудида ҳам бугундан навбатдаги ўқувлар бошланди.

Хусусан, Нарпай туманида тўрт секторда участка сайлов комиссиялари аъзолари учун ўқув-семинар ташкил этилди. 

Тошкент давлат юридик университети профессори Шуҳрат Ҳайдаров ва 7-Самарқанд округ сайлов комиссияси аъзоси Мадина Ўроқова участка сайлов комиссиялари фаолиятининг асосий жиҳатлари, сайловда овоз берувчи фуқароларнинг рўйхати билан ишлаш, муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов куни овоз бериш жараёнларида эътибор қаратиш лозим бўлган масалалар, овозларни санаб чиқиш ва натижаларни эълон қилиш, кузатувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида комиссия аъзоларига тушунча берди. 

– Олдинги сиёсий жараёнларда ҳам иштирок этганман, – дейди Нарпай туманидаги 491-участка сайлов комиссияси аъзоси Адҳам Эшонқулов. – Лекин ҳар бир сайлов жараёнининг ўзига хос томонлари бор, масъулияти жуда катта. Шунинг учун бу каби семинарларда сайловга оид билимларимизни мустаҳкамлаяпмиз, билмаганларимизни ўрганяпмиз. Аввалги сайловларда дуч келган муаммоли масалалар юзасидан саволларимизга жавоб оляпмиз.

 

7-Самарқанд округ сайлов комиссияси матбуот маркази.