Участкаларнинг референдум ўтказишга тайёргарлиги қандай?
Самарқанд вилоятида 1111 та референдум участкаси тузилган бўлиб, энг кўп участка Самарқанд шаҳрида (175 та) жойлашган.
Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 34-референдум участкаси 6-умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган. Мазкур референдум участкасида 1980 нафар овоз берувчи рўйхатдан ўтказилган. Уларнинг 16 нафари илк бор иштирок этаётган ёшлар ва 1 нафари ногирон бўлиб, тегишли тартибда овоз бериши учун шароит яратилган.
- Участкамизда 11 нафар комиссия аъзоси фаолият юритмоқда, - дейди 34-референдум участкаси комиссия раиси Н.Салиев. – Улар билан бирга участкамизга тегишли Сўфи Розиқ ва Кўк масжид маҳаллаларига бориб, янги таҳрирдаги Конституциявий қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти ҳамда референдум куни, вақти, овоз бериш тартиби тўғрисида фуқароларга тушунтиришлар берилмоқда. Айни вақтда референдум ўтказиш учун овоз бериш жойи, комиссия аъзоларининг фаолият юритишлари учун барча қулайлик яратилган. Белгиланган тартибда техник жиҳозлар ва турли қўлланмалар билан таъминланган.