Украина – Россия зиддияти: сўнгги тафсилотлар 

Украинадаги бир қатор шаҳарларда якшанба куни ҳам ўқ овозлари тинмади. Киев турар жой уйлари ва тинч аҳоли ўқ остида қолганини даъво қилмоқда – Москва эса фақат ҳарбий нишонларга зарба берилаяпти, демоқда. Украина томонига кўра, Киевдан унча узоқ бўлмаган Ирпин шаҳрида одамлар эвакуация қилинувчи йўл ўққа тутилган. Бу ҳақда воқеа жойида ишлаётган хорижлик мухбирлар ҳам хабар бермоқда. Газ қувурига снаряд теккани сабабли шаҳар газ таъминотидан узилган.



- Мариуполь ва Волновахадан тинч аҳолини эвакуация қилишга уриниш ҳарбий ҳаракатлар сабаб яна муваффақиятсизликка учради. Бу ҳақда Украина ички ишлар вазирлиги хабар берди. 

- Тан олинмаган Донбасс республикалари вакиллари Мариуполдан 300 кишини олиб чиқишга муваффақ бўлганликларини айтиб, Украина томонни сукут сақлаш режимига риоя қилишни кафолатлашдан бош тортишда айблади. Қамал қилинган шаҳар сув ва электр энергиясидан маҳрум бўлган.

- Украинадаги Винница шаҳрига ҳам ракета зарбалари берилгани хабар қилинди. Бир неча соат олдин Зеленский Россия кучлари Одесса порт шаҳрини ўққа тутмоқчи эканини айтган эди:

- Кейинроқ, шунингдек, Россия самолётлари Харьковдаги телеминорага урилгани ва маҳаллий аҳоли учун трансляция узилгани ҳақида хабарлар тарқалди.

- Зеленский яна халқаро ҳамжамиятни Украина узра учиш тақиқланган ҳудуд жорий этишга чақирди. НАТО бу каби ҳаракатлар Ғарбни Россия билан уриштиришидан чўчиб, ҳали бунга рози бўлмади.

- Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги якшанба куни ўз қўшинларининг Украинадаги ҳаракатлари акс этган кадрларни эълон қилиб, “Украина Қуролли кучларининг деярли барча жанговар авиацияси йўқ қилинганини маълум қилди.

- Россия президенти Владимир Путин франциялик ҳамкасби Эммануэль Макрон билан телефон орқали суҳбатда Украина “Россиянинг барча маълум талабларини” бажарсагина, у билан мулоқотни давом эттириб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиши мумкинлигини билдирди.

- Япония Ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг бутун ҳудудига 4 та хавфдан 3- хавф даражасини белгилади. Ушбу хавф даражаси Россияга саёҳат қилмаслик тавсиясини билдиради. Ўтган ҳафтадан бошлаб, фуқароларига тарк этишни тавсия қилувчи 4-даража Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларига тайинланди.

- АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси Россиядан штатларга нефть ва энергетика ресурсларини олиб киришни тақиқловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш имкониятини ўрганмоқда, деди спикер Пелоси. Лойиҳа, шунингдек, Россия ва Беларус билан нормал савдо алоқаларини тўхтатиш, Москванинг жаҳон савдо ташкилотига киришини бекор қилишни назарда тутади.

- Бугун, 7 март куни 10:00 дан Макроннинг Путинга қилган илтимосига биноан Россия Федерацияси Қуролли кучлари сукут сақлаш режимини эълон қилади ва Киев, Мариуполь, Харьков, Сумидан гуманитар йўлакларни очади, дея хабар берди Россия гуманитар штаб-квартираси.