Улуғбек ва Тиллакори мадрасалари реставрация қилиниб, янги экспозициялар билан бойитилди
ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарлик доирасида Регистон мажмуасидаги Улуғбек ва Тиллакори мадрасаларида доимий музей экспозицияларини янгилаш ҳамда ички қисмларини реставрация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар якунига етди.
Янгиланган экспозициялар Самарқанд ва темурийлар даврининг тарихий-маданий меросини замонавий асосда талқин этиб, ўша даврда Самарқанд илм-фан, таълим ва санъатнинг йирик марказларидан бири бўлганини кўрсатади.
Жумладан, Улуғбек мадрасасида Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби алломаларнинг 50 дан ортиқ ноёб қўлёзмалари, ХV асрнинг буюк астрономи ва маърифатпарвари Улуғбек фаолиятини ёритувчи илмий асбоб-ускуналар ва тарихий материаллар билан бойитилган.
Тиллакори мадрасасидаги экспозиция эса Регистон ансамблининг шаклланиш тарихи ва унинг меъморий гўзаллигини очиб беради. Экспозиция рақамли реконструкциялар ва интерактив элементлар билан бойитилиб, томошабинга тарихни янада жонли ҳис этиш имконини яратади.
Экспонатларнинг аксарияти француз ва ўзбекистонлик реставраторлар ҳамкорлигида қайта тикланган. Яъни, янгиланган музей маконининг дизайни французларнинг Wilmotte&Associés меъморий бюроси томонидан ишлаб чиқилиб, Шарқ анъаналарининг бетакрор руҳи замонавий музейшунослик талабларига уйғун тарзда мужассам этилган.