Улусликлар учун унутилмас кун

Самарқанд вилоятида “Ёшлар ойлиги” доирасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган объектларнинг биринчисининг очилиш тадбири ўтказилди.

Нуробод туманидаги Улус маҳалласида туман ҳокимлиги ва маҳалла фаоллари ташаббуси билан бунёд этилган “Иттифоқ” номли замонавий болалар ўйингоҳи ёшлар ихтиёрига тоширилди.
Бу ерда “Street workout” ва футбол майдонлари, болалар учун аттракционлар, югуриш йўлакчалари мавжуд. Ҳудудда оқшомлари ҳам аҳоли дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратилган, тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган.

- Бугун улусликлар учун унутилмас кун, - дейди маҳалла раиси Ўктам Улуғов. - “Ёшлар ойлиги” доирасида бу ўйингоҳнинг очилиши нафақат болаларимиз ва ёшларимизни, балки маҳалламизнинг бутун аҳолисини хурсанд қилди. Бунинг учун кўп маблағ сарфлангани йўқ. Туман ҳокими таклифи билан маҳалла фаоллари, нуронийлар, тадбиркорлар келишиб шу ўйингоҳни бунёд этдик. Шаҳардагидек замонавиймасдир, аммо ёшларимиз бўш вақтларини мазмунли ўтказиш учун имконият яратилди. Келгусида бу ердаги шароитни янада яхшилаб борамиз.
Тадбирда концерт дастурлари, кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари ҳам ташкил этилди.

Тўлқин Сиддиқов.