“Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод”, “Универсиада” спорт мусобақалари энди бошқача ўтади

Хўш, бу учлик спорт мусобақаси қандай босқичда ўтказилади? Аввалги йилларда бўлиб ўтган мусобақалардан нимаси билан фарқ қилади? Қайси спорт турлари қўшилди? Шу каби саволлар билан вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат РЎЗИЕВга мурожаат қилдик.
– “Умид ниҳоллари” спорт мусобақаси 7-18 ёшгача, яъни умумий ўрта таълим мактаблари ва академик лицейларнинг I-II курслари ўқувчилари ўртасида ўтказилади – дея гап бошлади Ш.Рўзиев. - Жумладан, 1-босқич сентябрь ойида бўлиб, ҳар бир синф ва курснинг спорт турлари бўйича жамоасини шакллантириш, сентябрь-октябрь ойларида синф ва курс жамоалари ўртасида мусобақанинг таълим муассасаси босқичини ўтказиш ҳамда ғолиб жамоалардан таълим муассасасининг спорт турлари бўйича терма жамоасини шакллантиришдан бошланади. Мусобақанинг қуйи босқичини ўтказишга таълим муассасаси директори ва туман, шаҳар халқ таълими бўлими, жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари масъул этиб белгиланган.
2-босқич ноябрь ойида ташкил этилиб, таълим муассасаларининг терма жамоалари ўртасида мусобақанинг туман, шаҳар, босқичини ўтказиш ва ғолиб жамоаларни аниқлаш ҳамда шаҳар ва туманларнинг спорт турлари бўйича терма жамоасини шакллантиришдан иборат.
3-босқич март-апрель ойларида ўтказилади. Унда мусобақанинг 2-босқичида ғолиб бўлган терма жамоалар ўртасида мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ўтказилади. Fолиб жамоалардан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг спорт турлари бўйича терма жамоаси шакллантирилади.
4-босқич май ойида бўлиб ўтади. Унда мусобақанинг 3-босқичида ғолиб бўлган терма жамоалар ўртасида мусобақанинг республика финал босқичи ўтказилади ва ғолиб жамоалар аниқланади.
“Баркамол авлод” спорт мусобақаси касб-ҳунар коллежларининг 17-20 ёшдаги ўқувчилари иштирокида ўтказилади. Бунда ҳам юқоридаги каби тўрт босқич бўлиб, ойлар кесимида эмас, йил давомида босқичма-босқич ҳар бир курснинг спорт турлари бўйича жамоалари шакллантирилади ва ҳудудий босқичлардан ғолиб бўлганлар терма жамоа сифатида вилоятда беллашади, ғолиб бўлганлар республика босқичининг финалида иштирок этади.
“Универсиада” спорт мусобақасида олий таълим муассасалари бакалавриат босқичининг I-VI курс ҳамда магистратура босқичининг I-III курс 17-28 ёшдаги талабалари қатнашади. Бу йўналишда ҳам йил давомида босқичма-босқич ҳар бир факультетнинг спорт турлари бўйича жамоалари шакллантирилади ва ғолиб бўлган жамоалар вилоят терма жамоаси сафида мусобақанинг республика босқичига боради.
Уч босқичли спорт мусобақасида ёшлар 28 спорт тури бўйича беллашади. Жумладан, футбол, гандбол, волейбол, мини-футбол, баскетбол, стритбол, дзюдо, ушу, бадминтон, теннис, енгил атлетика, велоспорт, сузиш, стол тенниси, спорт ва бадиий гимнастика, бокс, оғир атлетика, шахмат, армрестлинг, каратэ, таэквондо, кураш, турон ва белбоғли кураш, ўзбек жанг санъати, эркин ва юнон-рум курашлари турлари бўйича беллашувлар бўлиб ўтади.
Вилоятимиз 2019 йилда ўтказиладиган “Баркамол авлод” спорт мусобақасининг футбол ва гандбол спорт турларининг, “Универсиада” спорт мусобақасининг сузиш ва стол тенниси бўйича финалига мезбонлик қилади. 2020 йилда “Умид ниҳоллари” спорт мусобақасининг сузиш ва стол тенниси республика финал босқичи эса Самарқандда бўлиб ўтади.
Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган уч босқичли спорт мусобақасига мини-футбол, ушу, самбо, велоспорт, армрестлинг, ўзбек жанг санъати, каратэ, турон ва белбоғли кураш ҳамда бадминтон спорт турлари қўшилди. Аввалги йиллардан фарқли ўлароқ эндиги мусобақалар қуйи, вилоят ва республика босқичи билан якунланади. Олдин ёшлар минтақавий босқичдан ҳам ўтарди. Яна бир муҳим жиҳати, спорт турлари бўйича мусобақанинг финал ўйинлари энди ҳар йили вилоятларда ўтказилиши белгиланди, бу ўз навбатида спортчи ёшларнинг доимий шай ҳолатда туришига имконият яратади. Ёш тоифасидаги ўзгаришлар ҳам мусобақаларнинг нуфузини оширишга хизмат қилади.
2019 йилда бўлиб ўтадиган “Баркамол авлод” ва “Универсиада” спорт мусобақасининг футбол, гандбол, сузиш ҳамда стол тенниси финал босқичига вилоятимиздаги “Динамо” стадиони, СамДУ қошидаги академик лицей спорт зали, “Дельфин” сув спорт саройи ва енгил атлетикага ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби тайёр ҳолга келтирилмоқда.
Ҳусан ЭЛТОЕВ ёзиб олди.