Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

«Умидбахш жараёнларга теран таҳлил ва тафаккур билан ёндашайлик»

Олий Мажлис Сенати аъзоси, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Фармон Тошев.

— Фармон Исҳоқович, сиз билан жамиятдаги энг катта байрамлардан бири – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни арафасида учрашиб турибмиз. Бу байрам эрк-ҳуқуқини қадрлаган, жамиятдаги ислоҳотлардан умидвор ҳар бир инсон учун азиз ва мўътабар ҳисобланади. Айтинг-чи, жамиятдаги оғир юкни гарданига олган, яъни тараққиёт чорраҳаларида бизни тўғри йўлга бошлайдиган, маънавиятдан огоҳ этадиган, камчилик-нуқсонларимиздан халос бўлишга ундайдиган матбуот бугун ўз вазифасини лозим даражада уддалаяптими? Дунёдаги глобал вазият, пандемия, карантин, одамлардаги эҳтиёткорлик газета ўқишни бир четга суриб қўймадими? Ёки муштарийга бугунгиси қолиб, кечаги гапни бир амаллаб етказиш матбуотнинг қадрини бироз хиралаштириб қўймадимикан?

— Матбуот ҳақида ижтимоий тармоқларда, расмий давраларда, телеканаллар, босма нашрларда ҳам қизғин мунозараларнинг бўлиши, авваламбор, унинг жамият учун кераклигини кўрсатиб турибди. Лекин бир нарсани унутмаслик керакки, жамиятнинг барча бўғинлари ҳам алоҳида-алоҳида ривожланмайди ва инқирозга юз тутмайди. Буни оддийгина халқ таълими мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Агар эътибор қилган бўлсангиз, шунча имтиёз ва енгилликлардан, ҳатто молия­вий қўллаб-қувватлашлардан кейин ҳам бу соҳани талаб даражасига олиб чиқиш қийин кечаяпти. Бориб-бориб асосий гап ота-онада ўз фарзанди келажаги учун масъулият ҳиссини, болада илм олишга иштиёқ, муаллимда эса ўз билимини ўғил-қизларга бера олиш маҳоратини шакллантиришга тақаляпти. Бошқа соҳаларни олсангиз ҳам муаммо ечимида масала шунга ўхшаш вазиятга келиб тўхтайди.

Энди бевосита саволингизга келсак, матбуотимизнинг бироз бўлса-да, қадрсизланишига нима сабаб? Буни ҳар ким ўзича шарҳлаяпти. Матбуотни айрим соҳаларга қиёслаб бўлмайди. Чунки у маънавиятимизни яратади, маънавият эса фақат ва фақат менталитет, миллийлик орқали шаклланади, акс ҳолда у миллатимизга хизмат қила олмайди.

Матбуот қадрсизланган эмас ва ҳеч қачон қадрсизланмайди. Дунёда битта муштарий қолса-да, газета чиқади, газета ўқилади. Жамиятнинг ҳар қандай босқичида ҳам газета ўқиш, аввало, тафаккурнинг ривожланишига хизмат қилган. Яъни мақола мутолаа қилган киши ундаги жараённи таҳлил қилади, ўзига нимадир олади, бу ҳақда бировга фикрини айтади. Мутолаа нуқтаи назарни бир нуқтага йиғиб беради.

Бизнинг авлод ана шу ҳолат таъсирида камолга етди. Минг афсуски, жамиятдаги бошбошдоқлик (мен маънавиятни назарда тутяпман) босма нашрлар фаолиятига ҳам таъсир ўтказа олди. Аввалига демократия баҳонасида нашрларни сунъий равишда кўпайтирдик. Илмий журнал, бюллетень, ташкилот ва идоралар нашрларини ҳам оммавий ахборот воситалари рўйхатига киритдик, хусусий газеталар ёмғирдан кейин чиққан қўзиқориндек кўпайиб кетди. Тўғри, биз мана, истаган киши нашрини очиши мумкин, истаган сўзини айтиши мумкин, дедик. Лекин бунча нашрларни, аввало, бошқарадиган ва уларни одамлар учун фойдали мақола билан тўлдирадиган мухбирлар етарли эмас эди. Натижада мусаҳҳиҳликни эплолмаганлар ҳам газета очиб, бошқотирмалар, санъаткорлар билан суҳбат, шов-шувли мақолалар бериб, одамларда матбуот ҳақидаги «янгича» тасаввур пайдо қилдилар.

Иккинчи томондан хусусий газеталардаги бу ҳолат расмий нашр­ларга ўз-ўзидан одамларнинг қизиқишини сусайтирди. Чунки ишсизлик, сиёсатдан зерикиш ҳар қандай шахсни ҳам бу соҳадан бездиради. Бунинг устига таниқли, маҳоратли ижодкорлар даромаднинг паст­лиги туфайли хусусий нашрларга ўтиб кетишди. Айнан шу жараёнда почта хизматига ёки эътиборсизлик, ёки ҳужум бошланди. Ҳозиргача почтальоннинг маоши мактаб қоровулининг маошидан ҳам кам. Бу ташкилотнинг йирик қишлоқдаги биноларининг айримлари сотилиб кетди. Вилоят ва туманларда почта идорасининг раҳбарлари ҳар йили алмаштирилаверди. Бинобарин, айнан хусусий газеталар обунада бошлаб берган ўйинлар «мажбурий обуна» сифатида расмий нашрлар гарданига юкланди. Келинг, шу ерини сал аниқроқ айтайлик, битта мактабда 5 та расмий нашрга, 15 та хусусий нашрга обуна уюштирилди. Тўғри, хусусий нашрларники норасмий амалга оширилди, яъни обуна уюштирган мактаб ходими «рағбатлантирилди». Расмий нашрлар обунасига юзаки қаралганлиги учун ҳокимлик ва бош­қа идоралар мактаб раҳбарига берилган топшириқни, албатта, бажарасан, деган вазифа қўйишди.

Буниси ҳам етмаганидек, хусусий обуна уюштирувчиларга атайин рухсат берилди. Улар эса почтада доимо сиёсий, маънавий деб қаралган обуна мавсумини бир йилдаёқ тижорат, коррупция мавсумига айлантириб қўйишди. Баъзида ташкилот раҳбарини, агар ташкилот раҳбари иккиланса, бош ҳисобчи ёки шу ташкилотда доимий равишда обуна уюштирувчини «гапга олиб», марказлашган обуна уюштириш тизимини яратишди. Масалан, пул вилоят ташкилотидан кўчирилади ва кейин шаҳар ва туман бўлимларидан йиғиб олинади. Газеталар ҳам вилоят ташкилотига етказилади, йиғилишга келганда туман раҳбарлари олиб кетишади.

Бир-икки марта бонг урганимиздан кейин туман идораларига элтиб берадиган бўлишди. Аммо ҳеч ким қайси нашрга қанча обуна бўлганини билмайди, келтирилган нашрларни ҳеч ким санаб олмайди. Бир йиллик учун пул йиғилиб, ярим йил учун обуна қилиш авж олди. Обуна уюштирувчилар бу билан ҳам қаноатланишмади. Обунага тушган пулларни «оборот»га киритиб, таҳририятларни банкрот ҳолатига олиб келишди. Бизга ўхшаган битта-иккита нашрлар фақат судлашибгина ўзига тегишли маблағнинг бир қисмини олиб, маошга ишлатишди. Бу иш тўхтагани йўқ. Самарқандда ҳали ҳам ўнлаб обуна уюштирувчи ташкилотлар бор. Лекин бирортаси ҳам нашрни хонадонга элтиб беришмайди, чунки транспорт воситаси йўқ. Ташкилотларга ҳам газета энг камида ўн кунда элтиб берилади. Энг қизиғи, бундай МЧЖларни илгари ижтимоий соҳада раҳбар бўлиб ишлаган кишилар бошқаришади, чунки улар ташкилотларга юқоридан қандай таъсир ўтказишни яхши билишади.

Босмахоналарнинг хусусийлашуви, қоғознинг қимматлашуви расмий нашрларнинг хусусий нашрлар билан рақобатлашишига йўл бермади. Чунки нақд пулга олинган қоғоз арзон. Натижада газета нархи қиммат, почтальон уни ҳафтада ёки ўн кунда обуначига етказадиган бўлди. Устига-устак босма нашр­лар мониторинг қилинди-ю, лекин ижтимоий ҳимоядан четда қолди. Йиллар давомида айрим шаҳар ва туман, ҳатто вилоят газеталарининг 5, 3, 2 минг, 700 нусхагача ададда чиқишига кўникиб қолдик. Ҳатто бир ойда бир чиқадиган газетани ҳам вақтли нашр, деб юритавердик.

Мен ижтимоий тармоқлардаги баҳсларни кузатяпман, айрим пайт­лари ўзим ҳам қўшилдим. Нима учундир асосий урғу газеталар савиясини кўтариш, уларнинг халққа маънавият беришига кўмаклашиш устида эмас, балки улардан воз кечиш устида бормоқда. Бу гапни айнан газетада қалами чархланган, тетапоя бўлган, танилиб улгурган ва бугунги кунда замона зайли билан электрон нашрларга ўтган ҳамкасбларимиз айтаётганлиги тўғриси, менга тушунарли эмас. Аммо бу борада улар билан баҳслашиш ниятим ҳам йўқ. Негаки, ижтимоий тармоқлар ривожланаётган, яхшигина даромад келтираётган бир пайтда уларнинг қулоғига бу гап кирмайди. Лекин бир ҳақиқатни унутмаслик керак — газета дунёда мўъжиза сифатида тан олинган. Бу мўъжизанинг асоси оммага ахборот беришдан ташқари мутолаа зав­қи ҳамдир. Инсон ўзи ёқтирган мақолани бир йил, икки йил, ҳатто ўн йил ўтиб ҳам тахламдан олиб ўқиши ва завқланиши мумкин.

— Демак ўз-ўзидан савол туғилади: хўш, матбуотнинг, хусусан, босма нашрларнинг мавқеини кўтариш учун нима қилмоқ керак?

— Келинг, яхшиси бу борада у ёки бу давлатлар тажрибасини олишга унчалик ҳам қизиқмайлик. Гарчи газета ўқилмайдиган бирорта ҳам давлат бўлмаса-да, маънавий тарғиботнинг бу воситасидан ҳар бир мамлакат, миллат ўз даражасида фойдаланади. Масалан, Хитойда ҳар битта инсонда икки-учталаб телефон бўлишига қарамасдан, деярли барча зиёли газета ўқийди. Яна бир ҳолатни айтиб ўтай. Хитойдаги нашрларда фельетон ва танқидий мақолалар деярли берилмайди, уларда халқаро шарҳ­лар устувор. Демак, биз ўз йўлимиздан боришимиз керак. Тўғриси, бу йўлдан бораяпмиз. Давлатимиз раҳбарининг парламентга қилган Мурожаатномалари нафақат жамиятда, балки оммавий ахборот воситалари фаолиятида ҳам янгича босқични бошлаб берди. Бу — ошкораликка, очиқликка асосланган мулоқот босқичи. Президентимизнинг вилоятларга ташрифи ва бошқа чиқишларида ҳам биз шу кунгача айтишни орзу қилган ўнлаб муаммолар ўртага ташланяпти. Биз эса давлатимиз раҳбарининг айтган ғояларини шарҳлаш билан оворамиз.

Яна қиёслашга ўтаман. АҚШда ҳукумат ижтимоий тарангликни ёки шу тарангликни келтириб чиқараётган воқеаларни аксарият ҳолларда матбуот орқали билиб ҳаракатга тушади, тузатиш чораларини кўради. Биз эса давлат раҳбарининг кечаги қарорига жўр бўлиб муносабат билдирамиз, қарорнинг пайдо бўлишига туртки берадиган фикр ва таклифларни билдиришга ҳар гал кечикамиз. Ёки жараённи мустақил журналистик позициядан туриб тезкор, ҳаққоний баҳолашга журъат тополмаймиз. Бунинг кўп сабаблари бор. Лекин энг катта сабаб — журналистнинг тайёргарлигига, касбий маҳоратига бориб тақалади.

— Матбуотнинг, хусусан, босма нашрларнинг бугунги аҳволига оид масала парламентда ўз муносабатини топаяптими? Чунки бугун бизга қандай газета кераклиги айтилаяп­ти-ю, аммо қўллаб-қувватлаш масаласида ҳануз умид қилишдан нарига ўта олмаяпмиз.

— Газетани миллионлар минбари дейишарди. Минг афсуски, биз бу ақидани унутиб қўйдик. Чунки миллион дегани, ҳамма ерда яшайди: қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам, Тошкентда ҳам, Бухорою Самар­қандда ҳам. Бироқ бизда нашрлар жўғрофияси жуда кичрайиб қолди. Марказий газеталар нуқул расмий ва марказдаги воқеалар ҳақида материал беришади. Айрим вилоятлардан ойлаб на хабар, на мақола чоп этилади. Бу эса айрим ҳудудларда у ёки бу газетанинг қадрини туширди.

Бугун фақат ўз ижодий жамоасига суяниб қолган муҳаррир ют­қазади. Жамоатчи муаллифлар кўпайсагина нашр оммабоп бўлади. «Даракчи», «Суғдиёна» ва шунга ўхшаш газеталар тажрибаси буни кўрга ҳассадек кўрсатиб қўйди. Лекин шу соҳанинг олимлари матбуотдаги аҳволни таҳлил қилиб, бундай камчиликлар тўғрисида бонг урмаётганига, ҳукумат олдига илмий-таҳлилий таклиф ва талаблар қўймаётганига ҳайронман.

Матбуотимиз ўзгаряпти, буни ҳамма сезяпти. Газеталаримиз кўпчилик учун қизиқарли материал беришда рақобатни вужудга келтиришяпти. Бундай жараёнда зўриқмаслик учун босма нашрларни малакали кадрлар билан таъминлаш — биринчи вазифамиз. Уларнинг ижтимоий ҳимояси — иккинчи долзарб вазифадир. Албатта, бу борада ҳам ишлар амалга ошириляпти, лекин тизимли эмас. Ҳали босма нашрларни обуначига етказишдаги камчиликлар барҳам топмаяпти, негаки, почта хизмати бутунлай издан чиққан. Тўғриси, бу муаммога ечим топиш масаласида Сенатнинг тегишли қўмитасига мурожаат қилишни ўйлаб юрибман.

Матбуот нашрини бошқариш бугунги кунда осон эмас. Замонавий ахборот технологияларини харид қилиш, босмахона харажати, ижтимоий ҳимоя, яхши иш шароити — буларнинг барчаси маблағ талаб қилади. Шунинг учун ички имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарур. Ҳокимликлар ўз нашрларидаги ходимлари учун идоравий уйлар ажратса, таҳририятларда пуллик хизматлар йўлга қўйилса, турли ижодий танловлар ўтказиб турилса, бу муаммолар ҳам босқичма-бочқич ҳал бўлиши мумкин.

— Матбуотнинг эртасидан ҳадик, хавотирингиз борми? Журналистнинг нони қаттиқ деган иборани кўп ишлатгансиз. Ўша қаттиқ нонга тоқат қилиб, миллат дардини ёритадиган журналистлар бугун камчил бўлиб қолишмадими? Журналистикада маънавий бўшлиқ пайдо бўлмаяптими?

— Мен бир нарсадан доим ҳадиксираб тураман: маънавий бўшлиқ доимо эътиборталаб, унга доимо кимлардир кўз тикиб туради. Уни тўлдиришда озгина хато ҳам жамиятнинг барча бўғинига салбий таъсир кўрсатади. Мактабдаги, коллеж-лицейдаги, олий ўқув юртларидаги — хуллас таълимдаги хатоларимиз оқибатида бугун жамият чекаётган азоб фикримизнинг ёрқин исботидир.

Кимгадир эриш туюлса-да, бир таклиф айтмоқчиман. Биз деярли барча соҳа ходимларини қайта тайёрлаймиз, уларнинг малакасини оширамиз. Албатта, харажат эвазига. Хўш, биз маънавиятимизни (ҳеч бўлмаганда оддий ахборот олиш ва мутолаа маданиятини) бойит­иш учун дастлаб оддий фуқароларга бепул тарзда, зиёлиларга эса ярим нархида расмий нашрларни етказиб берсак давлат манфаат кўрмайдими?! Ахир давлатнинг бош мақсади — ўз фуқароларининг ҳуқуқий, сиёсий, ижтимоий савиясини ошириш эмасми?!

Дарвоқе, Ҳукумат олдига қўядиган масалалар ҳам йўқ эмас. Биринчидан, ОАВлар тизимидаги атамаларни аниқлаштириш керак. Мисол учун “газета”, “журнал”, “бюллетень”, “тармоқ газетаси”,  муассис билан нашр жамоаси шартномаси, хусусий нашрларнинг бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши, жойини ўзгартириши, ижодий танловларда марказий, вилоят ва туман газеталарига алоҳида( чунки уларнинг имконияти ва савияси ҳар хил) ёндашиш янги талаблар асосида изоҳланиши шарт. Ўн беш  кунда бир чиқадиган нашр газета бўладими? Муассис билан нашр раҳбари шартнома тузиши керакми ёки жамоа? Муассисликка ижодий жамоа ақлий мулк билан кириши мумкинми?

Иккинчидан, муассис билан шартномада таҳририят  ходимлари ижтимоий ҳимояси аниқ кўрсатилиши лозим. Масалан, узоқдан қатнайдиганлар ва ёш ходимлар учун идоравий уйлар ажратилиши, сиҳатгоҳларга йўлланма берилиши таҳририят молиясидан ташқарида амалга оширилиши зарур. Веб сайтга эга нашрларда таҳририятни бошқариш низомлари ишлаб чиқилмаган. Расмий нашрларнинг хусусий босмахоналар билан муносабатлари, қоғоз хомашёси келтиришдаги бюрократик тўсиқлар, монополистик ҳолатлар очиқланиши керак.

Бундан ташқари обуна уюштирувчилар билан таҳририят ўртасидаги шартнома ҳам бир томон манфаати учун тузилаяпти. Почтанинг нашрни обуначига етказишдаги масьулияти тўла очиқланмаган.

Кимнингдир хатоси билан кўплаб нашрлар МЧЖ бўлсада, давлат унитар корхонаси сифатида мажбуран ва тушунилмасдан рўйхатдан ўтказилган. Энди эса давлат улушини сотиш рўйхатига киритилаяпти. Ахир давлатнинг ўзи базўр эплаётган газеталарнинг биносини ким сотиб оладию, ким газетани чиқаради? Чунки ҳозирча барча таҳририятлар биноси ва мулки юз фоиз давлатники ҳисобланади. Хусусийлаштирилган таҳририятнинг муассис(мулк сотилса, муассислик ҳам бекор бўлади) билан шартномаси қандай мазмунда бўлади? Хуллас, саволлар кўп, лекин бу саволларга ҳозирча жавоблар қонунларда норма сифатида киритилмаган.

Хуллас, байрам арафасида матбуот ҳақида ҳар қалай, кўнгилга таскин берадиган гап айта оламиз. Матбуотимиз ўзгаряпти. Бу ўзгариш одамларни янгича фикрлашга, ўз тақдири хусусида жон куйдиришга ўргатиши табиий. Фақат бундай кишиларнинг кўпроқ бўлишини истаймиз.

— Самимий фикр ва тилакларингиз учун ташаккур!

Суҳбатдош:
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири