Чекка ҳудуд деган гап эскирди

Самарқанд – Нурота йўлидан ўтган киши борки “Оқтепасой деҳқон бозори”даги дилни хира қиладиган манзарага рўбарў бўлмай иложи йўқ.
Росмана чиқиндига тўлган, на сотувчи ва на харидорга шароит бўлган бу бозор ташландиқ бир жойга айланиб қолган. Бозор талабининг энг муҳим жиҳати – санитария ҳақида гапиришнинг ўзи ноўрин.
Очиғини айтганда, бу ушбу бозорга ташкил қилинган пресс-тургача бўлган тасаввуримиз эди...
- Бундан икки йилча аввал ҳолат ўрганилганда “Оқтепасой деҳқон бозори” тўлиқ банкротлик ёқасига келиб қолгани ойдинлашди, - дейди вилоят бозорлар уюшмаси раиси ўринбосари Акмал Қудратов пресс-тур иштирокчиларини ҳозирда тўлиқ реконструкция қилинган бозордаги шароитлар билан таништирар экан. - Қўшработ туманидаги йирик бозорлардан бири бўлгани ҳолда унинг атрофидаги ва ички йўллар талабга жавоб бермай қолган, тоза ичимлик суви тармоғи йўқ, ҳудуддаги трансформатор пункти ва электр тармоқлари авария ҳолатида эди. Оқибатда санитария ҳолати ўз-ўзидан салбий бир аҳволга келиб қолганди. Бозор фаолияти тўлиқ тўхтатилиб, соҳага масъул идора ва ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳ ташкил қилинди. Тумандаги тадбиркорлар жалб қилиниб, улушдорлик ҳисобига, ҳомийлик ва ҳашар йўли билан 1,8 гектар ер майдонида тўлиқ реконструкция ишлари бошланди.
Бугунги кунда бозор ҳудуди кенгайтирилиши ҳисобидан озиқ-овқат, кийим-кечак, чорва моллари ва майиз бозори алоҳида жойларда зарур шароитлар билан таъминланган. Хусусан, 16 та турғун савдо шохобчаси, 17 та савдо павильони қурилиб, 638 та усти ёпиқ савдо ўрни яратилди, бозор ҳудудига 4 та кириш дарвозаси ўрнатилди. Аҳамиятлиси, 8 киловаттлик қуёш панели ўрнатилиб, бозор ҳудуди тўлиқ электр энергияси билан таъминланган. 1,6 километр тармоқ тортилиб, 7 та темир бетон устун билан тунги ёритиш чироқлари ўрнатилган, тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 0,9 километр тармоқ тортилиб, 4 та ичимлик суви нуқталари ташкил қилинган, чекка тумандаги ушбу бозорда ветеринария лабораторияси хизмати йўлга қўйилган.
- Чекка ҳудуд деган гаплар эскирди, - дейди “Оқтепасой деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари Шокир Валихонов. – Қаерки обод бўлса, одамлар ўша жойда гавжум. Мана, бизнинг бозор ҳам тўлиқ реконструкция қилинганидан сўнг нафақат Оқтепа маҳалламиз, тумандаги ўнга яқин маҳалла, шунингдек, Иштихон ва Пайарқ туманлари, Жиззах ва Навоий вилоятларидан сотувчи ва харидорлар келяпти. Бозор одатдагидек ҳафтанинг шанба куни бўлади. Аммо эндиликда шароитлардан унумли фойдаланиб, домий савдо фаолиятини ташкил этиш ва тушумларни оширишга эътибор қаратяпмиз. Пишиқчилик мавсуми яқин. Майиз ҳосили йиғилганидан сўнг бунинг имкони бор, албатта. Тўлиқ фаолият бошлашимиз билан 17 та савдо павильони ва 638 та янги ва қулай савдо ўринлари яратилиши натижасида бир бозорда ўртача 5 миллион сўм, бир ойда 20-25 миллион сўм, бир йилда 265 миллион сўмгача тушумлар туширишни мақсад қилганмиз.
Товар айирбошланадиган жойда хавфсизлик муҳим. Бозор маъмурияти биносига Миллий гвардиянинг ташвиш тугмаси ўрнатилиб, бозор ҳудуди тўлиқ камера назоратига олинган ва туман ички ишлар бўлимига интеграция қилинган. Бозорнинг 455 метр ҳудуди девор тўсиқлар билан ўралган, янги автотураргоҳ ташкил қилиниб, асфальтланган, ҳудуд кўкаламзорлаштирилиб, 200 туп арча ниҳоллари экилган.
...Бугун Самарқанд – Нурота йўлидан ўтган киши борки Оқтепа маҳалласида жойлашган ушбу обод маскан – “Оқтепасой деҳқон бозори”нинг ободлигидан кўнглига ёруғлик инади.
Сулаймон Мардиев.