«Умримиз боқийдир, умримиз боқий...»
Бу йил филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Нуриддин Шукурович Шукуров тавалудига 90 йил тўлди.
Нуриддин Шукуров 1930 йил 16 майда Самарқанд туманидаги Туркманқишлоқда маърифатли оилада дунёга келди. Қуръонни яхши қироат қилганлари учун оталарини қори Абдушукур дейишган. Абдушукур Яхшиев араб, форс, турк тилларини яхши билган. “Ўзбекистони сурх” газетасида бир муддат мухбир сифатида ишлаган. Қатағон йиллари уйидан араб ёзувидаги китоблар чиққани учун 6 ойга қамалган. У киши «Алҳам» тахаллуси билан ғазаллар ёзган. Боболари ҳожи Яхши домла ҳам ўз даврининг маърифатли кишиси бўлиб, муаллимлик қилган. Нуриддин Шукуров туғилиб ўсган оилада адабиётга, айниқса, мумтоз адабиётга ихлос баланд бўлган, шеърхонликлар, сўзлар қатида яширинган нозик маъно товланишлари юзасидан баҳс-мунозаралар бўлиб турганки, бу бўлажак олимнинг ҳаёт йўлини белгилаб берган.
Нуриддин Шукуров 1945-1950 йилларда Самарқанд давлат университетининг филология факультетида ўқиган. Ўтган асрнинг 50-йилларида унинг фольклор ва замонавий шеъриятнинг долзарб масалаларига бағишланган қизғин мақолалари чоп этила бошлайди. 1956 йил собиқ иттифоқ Ёзувчилар уюшмасининг бюллетенида “Самарқандлик тадқиқотчининг қизиқарли мақоласи” сарлавҳали материал эълон қилинади. Унда Нуриддин Шукуровнинг “Ўзбек поэзияси ҳақида ўйлар” мақоласига катта баҳо берилади.
Адабиётшунос 1960 йил ёқланган “Ғафур Ғуломнинг поэтик маҳорати” номзодлик диссертациясида шоир ижодини комплекс ўрганган. Бу тадқиқотда бошқа адабиётшунослардан фарқли ўлароқ, Ғафур Ғуломнинг ютуқлари билан бирга илк ижодий изланишларидаги камчиликларни ҳам кўрсатиб ўтади. Жумладан, шоир асарларида бадиий мазмун, поэтик ғоя, композиция, вазн ва тилдан фойдаланишдаги маҳорати шундай нозик дид билан деталлаштириб ўрганилганлигини Ғафур Ғуломнинг ўзи ҳам катта қониқиш билан эътироф этади.
1973 йилда ёқланган “Ўзбек лирикасида метод бирлиги ва услублар ранг-баранглиги проблемаси” мавзусидаги докторлик диссертацияси адабиётшуноснинг замонавий шеъриятнинг билимдони эканлигини кўрсатди.
Ғафур Ғулом ўз шеърларида қандай сўзни ишлатмасин, қандай иборадан фойдаланмасин уларнинг ҳаммасини аниқлик ва конкретлик ҳосил қилишга хизмат қилдиришини таъкидлар экан, Нуриддин Шукуров “Вақт” шеъридаги икки мисрани қуйидагича таҳлил қилади:
”Йигит термилади қизнинг кўзига,
Киприк сузилиши, майин табассум…
Бу мисраларда йигитнинг қайси нуқтага қараши (“қизнинг кўзига”) ва қандай қараши, (“термулади”) қизнинг ўзини тутиши ва ҳолати (“киприк сузилиши, майин табассум”) жуда аниқ ва конкрет тасвирланган. Шунинг учун йигитнинг қизга бўлган оташин муҳаббати ва бу муҳаббатдан мамнун бўлган қизнинг бутун латофати аниқ сезилиб туради. Шоир поэзияси тилнинг образли ва эмоционал бўлиб чиқишида махсус ифода тасвир воситаларининг – ташбеҳларнинг роли ғоят каттадир’’.
Нуриддин Шукуров адабий жараёнда фаол иштирок этиб, 200 дан ортиқ мақолалар эълон қилди. Ҳозирги шеърият поэтикасига бағишлаб ёзилган туркум мақолалари қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. “Ўзбек адабиёти қирқ йил ичида”, “Ғафур Ғуломнинг лирик поэзиядаги маҳорати”, “Асрлар поэзиясида Самарқанд”, “Услублар ва жанрлар”, “Бу олам саҳнида”, “Ўзбек лирик поэзиясида традицион жанрлар”, “Шоирнинг юлдузи”, “Сўз сеҳри, шеър меҳри” каби китобларига кирган адабий-танқидий, илмий-назарий кузатишлари, таҳлилнинг холислиги, хулосаларнинг теранлиги билан эътиборни тортади. Муҳими шундаки, бу асарлардан айримларининг чоп этилганига 70 йилга яқин бўлган бўлса-да, бугунги кунда ҳам ўз илмий-назарий қимматини сақлаб қолмоқда, ўша даврларда яратилган кўплаб илмий ишлардан фарқли ўлароқ, тарихнинг “архиви”дан жой олмади. Бугунги кунда ҳам уларни филология йўналишида таҳсил олаётган талабаларга илмий назарий қўлланма сифатида бемалол тавсия этиш мумкин. Бу эса икки тузумни бошдан кечирган гуманитар соҳалар учун жуда катта ютуқдир. Чунки орада кўп сувлар оқди, замон ўзгарди, адабиётшуносликда тадқиқ усуллари ўзгарди, адабий жараён янгиланиб бормоқда, лекин адабиётшунос ўзбек адабиёти тадқиқи орқали баён этган илмий концепция бугун ҳам ўз долзарблигини сақлаб келиши чиндан ҳам муаллифнинг катта иқтидор соҳиби бўлганлигини далиллайди.
Эътибор қилинса, кўплаб олимларнинг ютуғи улар тадқиқот олиб борган тор ихтисосликлар ҳисобига тўғри келади. Нуриддин Шукуров илмий ишларининг қамров доираси эса ниҳоятда кенг эди: шеърият, наср, драматургия, адабиёт тарихи, назарияси, танқиди, таржимонлик, журналистика…
Нуриддин Шукуров истеъдодининг яна бир қиррасини камтарлиги боис тириклигида чоп этмаган шеърияти ташкил этади. “Хушнуд” тахаллуси билан ижод қилиб, саноқли шеърларигина вақтли матбуотда чоп этилган. Нуриддин Шукуров шеърларида масаланинг моҳиятига фалсафий ёндашиш, бугун ва кечани параллел идрок этиш орқали эрта хусусида фикр юритиш, арзимасдек туюлган кундалик, ҳаётий ҳодисалардан кучли умумлашма чиқариш жиҳатлари билан файласуф шоир Ғафур Ғулом поэтик услубига яқинлик сезилади.
Нуриддин Шукуровнинг Ш.Воҳидов, М.Жўрақулов, Б.Валихўжаев, Р.Қўнғуров каби қатор тенгдош ва сафдошларига атаб ёзган мувашшаҳ шеърларида дўстлар қувончини ўз шодлигидек қабул қилган лирик шахснинг хушнудлик кайфиятлари кўринса, Улуғ Турсун, Воҳид Абдулла, Мухтор Вали, Ҳусайн Ризо, Худойберди Дониёров, Ҳамдам Бердиёров, Илҳом Ҳасанлар фироқи лирик “мен” қалбидан аламнок мисралар ила силқиб чиқади. Шоир ўйларини поёнсиз фарёд, интиҳосиз ҳасрат чулғайди. Ҳар бир сўз, ҳар бир мисра жудолик жабридан бўзлаётгандек, айрилиқ аламларидан сўзлаётгандек бўлади:
Таянчим эрди Илҳомим, таянчимдан жудо бўлдим,
Қувончим эрди Илҳомим, қувончимдан жудо бўлдим.
Жаҳондин ўтса устозлар, қолур шогирди мумтозлар,
Юпанчим эрди шу сўзлар, юпанчимдан жудо бўлдим.
Дилимни бу ўлим доғлар, алам тиғи билан тиғлар,
Кўзим бўзлар, кўнглим йиғлар, ки тинчимдан жудо бўлдим.
Қадди қоматлари зебо, йигитлар ичра бир барно,
Ақлу идрокда ҳам якто, шу ганжимдан жудо бўлдим.
Ўтиндимки сўзинг асра, кўз тегишдан кўзинг асра,
Фалокатдан ўзинг асра, ўтинчимдан жудо бўлдим.
Жаҳонда бунча офат кўп, тасодиф кўп, фалокат кўп
Ёвуз, машъум ҳалокат кўп, ишончимдан жудо бўлдим.
Жаҳондин ўтса устозлар, қолур шогирду мумтозлар,
Юпанчим эрди шу сўзлар, юпанчимдан жудо бўлдим.
Нуриддин Шукуров асос солиб кўп йиллар раҳбарлик қилган “Шалола” ижодий тўгараги турли йилларда Омон Матжон, Тошпўлат Аҳмад, Дилбар Саидова, Асад Дилмурод, Ўткир Раҳмат, Фармон Тошев, Илҳом Ҳасан, Карим Баҳриев, Фахриёр, Нодир Жонузоқ, Ориф Тўхташ каби шоир ва ёзувчиларни кашф қилган эди. Таржимонлик фаолияти туфайли эса ўзбек китобхонлари Р.Ҳамзатов, А.Баҳорий, М.Қаноат асарларини ўз тилларида ўқийдилар.
Нуриддин Шукуров 1968-1973 йилларда “Ленин йўли” (ҳозирги “Зарафшон”) газетасида муҳаррирлик қилган. Фармон Тошевнинг таъбири билан айтганда, журналистнинг нони қаттиқ, ҳар ким ҳам бунга чидаш беролмайди. Бунга бир мисол. “Муҳаррир бўлган пайтлар бир кун амакимникида тунаб қолдим, – деб эслайди Нуриддин аканинг жияни Илҳом Шукуров. – Чамаси соат 2.00 да редакциядан телефон бўлди. Амаким апил-тапил кийиниб, ишга кетиб, эрталаб соат 6.00 ларда уйга қайтдилар. Бизнинг нигоҳ тўла саволимизга “Корректорнинг хатоси билан “коммунистик қурилиш”даги қурилишнинг “у” ҳарфи “и” бўлиб кетган экан, шуни тузатдик, дедилар”. Агар шу ҳарф ўзгариши вақтида бартараф этилмаганида нафақат муҳаррир, бошқа журналистларнинг бошига не кўргуликлар тушиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас…
Ҳар қандай илм кишисининг хизматлари унинг камолга етказган муносиб шогирдлари билан баҳоланади. Бу борада ҳам Нуриддин Шукуровнинг ҳавас қилса арзигулик хизматлари бор. Ўнлаб номзодлик ва докторлик тадқиқотларига раҳбарлик, оппонентлик, юзлаб ёшларнинг униб-ўсишида бевосита ғамхўрлик қилди. Монография, ўқув қўлланма, дарсликлари эса минглаб илм-маърифатга ташна қалбларга оламда адабиёт деган мўъжиза борлигини кўрсатиб берди.
Ҳеч бир алломаю унвондор раҳбарларни камситмаган ҳолда устоз табиатида муқим бўлган айрим фазилатларини эътироф этиш зарур. Нуриддин Шукуров талабчан эди – бу талабчанлиги замирида инсонга ғамхўрлик ётарди, миллатпарвар эди – бу миллатсеварлиги ўзга миллатларни ҳурмат қилиш туйғусига пайваст эди, илмда, ижодда, кундалик ҳаётда баркамолликка интиларди – бу баркамоллик Шарқ шеърияти асрлар давомида куйлаб келган комил инсон тўғрисидаги орзуларга ҳамоҳанг эди. Табиатида эзгу ният, эзгу сўз, эзгу амал устувор эди. Юриш-туриши, кийиниши, муомаласи, ички ва ташқи маданияти билан кўпларга ибрат бўлди, одамийлик илмидан сабоқ бериб келди. Ва шу хислатлари билан устозликнинг, олимликнинг, одамийликнинг тимсоли бўлиб хотирамизда сақланиб қолди.
Шавкат Ҳасанов,
филология фанлари доктори.