Университет тарихининг олтин саҳифалари
* 21 сентябр – Самарқанд давлат университети куни
X аср араб сайёҳи Абулқосим ибн Хавқал «Самарқанд Мовароуннаҳрнинг олиму фузало, адиблари йиғилган шаҳар бўлиб, уларнинг энг машҳури Самарқандда таълим ва тарбия олиб камолотга эришганлар», деб ёзган эди.
Айниқса, Амир Темур ва темурийлар даврида шаҳар илм-фан ва маданият маркази сифатида жаҳонга танилди. 1420 йилда Улуғбек асос солган мадраса илғор, мукаммал олий ўқув юрти, Шарқдаги биринчи дорилфунун ва кенг имкониятларга эга бўлган илмий муассаса сифатида шуҳрат қозонди.
Соҳибқирон ўз салтанатининг маърифий-маданий юксаклиги, илм-фан қудрати учун бошқа юртлардан олиму ҳунармандларни Самарқандга чорлаган. Бу анъана Мирзо Улуғбек даврида ҳам давом эттирилиб, Арабу Ажам, Руму Ҳиндистоннинг кўплаб иқтидорли инсонлари Самарқандга интилди.
Улуғбек мадрасаси пештоқига «Илм олишга интилиш барча муслим ва муслималарга фарздир» деб ёзиб қўйилган. Олий мадрасада Қозизода Румий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Али Қушчи, Мавлоно Муҳаммад Ҳанифий, Хожа Аҳрори Вали сингари буюк алломалар таҳсил олишди.
XV асрнинг 20-йилларида Самарқандда Улуғбек раҳбарлиги ва раҳнамолигида 70 дан ортиқ фанлар соҳасида олимлар «олий мадраса»да йиғилиб, “Дорул ҳикмат” (“Донишмандлар уйи”) номи билан ўз даврига хос академия – университет ташкил қилдилар. “Дорул ҳикмат” олимлари риёзиёт, илми ҳайъат, ҳандаса, жўғрофия, тарих, илму нужум, тиббиёт, мусиқа, мантиқ, аруз (шеърият), илми ҳисоб, теология, ҳадис, фиқҳ, адаб, илми ҳикмат, илми калом, араб тили каби фанларнинг турли соҳаларида асарлар яратди ва шу фанлар мадрасаи олияда ўқитилди.
Қозизода Румий яратган табиий фанлар соҳасидаги йўналиш, риёзиёт ва фалакиёт соҳасидаги Мирзо Улуғбек (1394-1449) мактаби, Али Қушчи, Ғиёсиддин Коший, Маҳмуд ибн Муҳаммад каби олимларнинг асарлари Самарқанд илмий мактабининг донғини дунёга таратди.
Ғиёсиддин Жамшид ал-Кошийнинг мактубидаги қуйидаги сатрлар Самарқанд шаҳрининг Шарқ оламидаги ўрнини эътироф этади: «Кошонда ва унинг атрофида бир-икки киши илм билан шуғулланиб, ўз яқинларини ишонтиришади. Айримлари ўз билимларига эга бўлсаларда, уларни ҳеч ким тан олмайди. Ҳақиқий аҳвол эса уларнинг ҳеч бирларига маълум эмасдир. Самарқандда эса аҳвол бутунлай бошқачадур. Чунки султоннинг ўзлари олимдур, беқиёс алломадир. Ва, ҳозирда Самарқандда энг машҳур алломалар тўпланишган. Бу алломалар дунёдаги мавжуд илмларнинг катта билимдонларидир. Тангри шоҳид мен бу гапларни илтифот юзасидан айтаётганим йўқдир».
Мамлакатимиз илм-фани тараққиётининг тарихий илдизларини ўрганар жараёнида “1917 йилги инқилобга қадар ўзбек халқининг асосий қисми саводсиз бўлганлиги, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ташкил этилган олий ўқув юртлари ҳам фақат ана шу даврдагина юзага келган ва олий таълим бу ерда XX асрдан бошлаб шакллангани» ҳақидаги гаплар ўта сафсата, ғайриилмий хулосалар эканлигига гувоҳ бўламиз.
Самарқандда қадимдан таълим-тарбиянинг ўзига хос тизими шаклланган. Академик Ботирхон Валихўжаев Самарқанддаги мадрасаларнинг таълим тизимини таҳлил қилиб, улардаги ўқиш-ўқитишнинг кўп жараёнлари ҳозирги университетлар таълим-тарбия фаолиятига ўхшашлигини эътироф этади: «Самарқанд давлат университети Мирзо Улуғбек 1420 йилда асос солган мадрасаи олиянинг бевосита ворисидир». Олим «Самарқандда олий таълим – олий мадраса – университет тарихидан лавҳалар» номли асарида ўтмишимиздаги таълим-тарбия тизими уч босқичдан иборат бўлганлигини кўрсатиб, бошланғич таълим – мадрасат ул-ибтидоия – бошланғич мадраса, умумий таълим – мадрасат ул-сановия – иккинчи босқич мадрасаси, олий таълим – мадрасайи олия – олий мадраса номлари билан юритилганлигини айтади. Олий мадрасанинг икки маънога эга бўлгани, «биринчиси мадраса ҳажмининг улуғлиги, меъморий уйғунлик, ҳаттотлик, кошинкорлик жиҳатдан санъаткорликнинг олий даражасида; иккинчиси, моҳиятан бошқа мадрасалардан фарқ қилувчи, яъни таълим босқичининг энг юқори олий даргоҳи эканлигини таъкидлайди.
Бошқа бир тадқиқотчи Н.Немцева XI-XII асрда Самарқанд шаҳрида 17 та мадраса мавжуд бўлганлиги ва мадрасалар шаҳарнинг ўзига хос «олий ўқув юртлар шаҳарчаси» - Роботи Ғозиёнда жойлашганлигини кўрсатади.
Туркистон халқлари таълим тизимидаги олтин аср, шубҳасиз, Мирзо Улуғбек даври (1409-1449) ҳисобланади. У ҳукмронлик қилган 40 йил давомида юртимиз дунё цивилизациясининг пешқадамлик ўрнини эгаллайди.
Амир Темур салтанати бўлиниб кетгандан сўнг ҳам юртимиз маданиятининг ривожи тўхтаб қолмади. Абдуллохон давридаги Бухоро, Амир Умархон давридаги Қўқон, Муҳаммад Феруз давридаги Хива хонликларида амалга оширилган фан ва маданият, таълим ва тарбия соҳасидаги ислоҳотлар бу соҳаларда жаҳон талабларидан орқада қолмаганлигимизнинг далилидир.
Шундай қилиб, Самарқандда IX-X асрларда 20 га яқин мадраса, XII асрда Тамғочхон, XIV асрда Муҳаммад Султон, Қутбиддин Садр, Фирузшоҳ, XV асрда Сароймулкхоним - Бибихоним, Амир Шоҳмалик, Хожа Фазлуллоҳ, Абу Лайс Самарқандий мадраса-хонақоҳи, Мирзо Улуғбекнинг олий мадраса мажмуаси, Хожа Аҳрор Вали, Аҳмад Ҳожибек, Мир Тархон, Амир Бурундуқ, XVI асрда Шайбонийхон, Садр Мавлоно Абдураҳим Туркистоний, Абу Саид, XVII асрда Шердор, Нодир Девонбеги, Тиллакори, Қози Ғафур, Қози Соқи, Аҳмад Ҳожи, Миржон Вафо, XIX асрнинг охирида Дўстбек бой мадрасалари фаолият юритган.
XX асрда совет ҳукумати Самарқанднинг қадимги илмий ва маданий салоҳиятини ва Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон каби зиёлиларининг матбуотда тўхтовсиз чиқишларини эътиборга олиб, ўша вақтда республика пойтахти бўлган Самарқандда 1924 йили икки йиллик педагогик йўналишдаги олий ўқув юртини очиш ҳақида қарор қабул қилди. Шундай қилиб, Самарқанд давлат университетининг шаклланишига дастлабки асос яратилди. 1927 йил бу ўқув муассасаси Самарқанд олий педагогика институтига айланди. 1930 йилда ушбу ўқув даргоҳи Самарқанд олий педагогика академияси, 1933 йил Самарқанд давлат университети деган ном олди. 1960 йил университетга Алишер Навоий номи берилди. 2022 йил 13 январдан Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан Самарқанд давлат университетига атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилиши белгиланди.
Бугун СамДУда 7 та институт, 7 та факультет, 66 та кафедра ва ўнлаб илмий-ўқув лабораториялар, 7 та ўқув ва илмий марказ, малака ошириш ва қайта тайёрлаш маркази, илмий кутубхона, нашр-матбаа маркази, 2 та академик лицей ва ихтисослашган физика-математика мактаби, 5 та музей, докторлик ва номзодлик диссертациялар ҳимоясини ўтказувчи 11 та ихтисослашган илмий кенгаш ишламоқда. Дунёнинг 200 дан ортиқ олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқалари олиб борилмоқда.
СамДУ жаҳондаги нуфузли илмий ва ўқув марказларидан бири сифатида тан олинган. Унинг бағрида кўплаб илмий мактаблар ва муаммовий илмий тадқиқот лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Ўзбек адабиётшунослиги ва тилшунослиги, фалсафа, тарих-археология, молекуляр оптика, ядро ва космик нурлар физикаси, дифференциал тенгламалар ва математик физика, ботаника, зоология, биокимё, органик ва аналитик кимё каби соҳаларни қамраб олган қатор илмий мактаблар ҳамда самарали ишлаб турган лабораториялар шулар жумласидандир.
Университет ўзининг «СамДУ илмий тадқиқотлар ахборотномаси»га эга. Илмий-ўқув кутубхонада жаҳоннинг 50 дан ортиқ тилида нашр этилган 3 миллиондан ортиқ китоб жамланган. Кутубхонанинг шарқ қўлёзмалари бўлимида 11 мингга яқин нодир қўлёзма ва тошбосма китоблар сақланмоқда.
Кейинги ўтган салкам бир асрлик вақт мобайнида университет халқ хўжалигининг турли соҳалари учун 200 мингга яқин малакали мутахассислар тайёрлаб берди. Улар орасида йирик давлат, фан ва маданиятимиз арбоблари бор.
СамДУнинг жаҳондаги нуфузли илмий ва ўқув марказлари орасида алоҳида мавқега эга бўлишида унинг бағрида шаклланган кўплаб илмий мактаблар ва муаммовий илмий тадқиқотлар лабораторияларининг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Булар ўзбек адабиётшунослиги ва тилшунослиги, фалсафа, тарих-археология, молекуляр оптика, ядро ва космик нурлар физикаси, дифференциал тенгламалар ва математик физика, ботаника, зоология, биокимё, органик ва аналитик кимё каби қатор илмий мактаблардир.
Университетнинг дастлабки илмий мактаблари орасида ўзбек тилшунослиги мактабига XX асрнинг 20-30-йилларида асос солинган бўлиб, унинг шаклланишида Абдурауф Фитрат, Абдураҳмон Саъдий, Садриддин Айний, академик Воҳид Абдуллаевларнинг ҳиссаси катта бўлди. Кейинчалик бу мактаб Раҳим Муқумов, Ориф Икромов, Нуриддин Шукуров, Ботурхон Валихўжаев, Сайдулла Мирзаев, Исроил Мирзаев, Ҳотам Умуровлар томонидан ривожлантирилди.
Ўзбек адабиётшунослиги мактабидаги энг муҳим йўналишлардан бири навоийшунослик йўналишидир. Воҳид Абдуллаев ва Ботурхон Валихўжаевларнинг ЎзФА академиги бўлиши СамДУ навоийшунослар мактабининг нафақат республикамизда, балки жаҳон миқёсидаги нуфузини оширди.
Мустaқиллик йилларида ушбу мактаб вакиллари эришган энг йирик ютуқлар сифатида акад. Б.Валихўжаевнинг 1997 йилда Теҳронда нашр қилинган «Хўжа Аҳрори Вали» (2001 й.) ва «Самарқандда олий таълим - олий мадраса-университет тарихидан лавҳалар» (Самарқанд, 2001 йил) монографияларини ҳамда «Мирзо Улуғбек даври мадрасалари» (Самарқанд, 2001 йил) рисоласини кўрсатиш мумкин. Жумладан, олимнинг "Мирзо Улyғбек даври мадрасалари" китобида XIV-ХV асрдаги таълим муассасалари вазифасини бажарган мадрасалар ҳақидаги маълумотлар келтирилган.
Тарихчилар илмий мактабига Ўрта Осиё халқлари тарихининг чуқур билимдони профессор Пўлат Солиев ва XIX-XV аср темурийлар даври манбашунослигининг мутахассиси профессор И.Умняковлар асос солишган дейиш мумкин. Тарихшунослик мактабининг ривожланишида академик И.Мўминов ва профессорлар Ю.Алескеров, М.Аминов, М.Жўрақулов, М.Абрамов, М.Эгамбердиев, А.Тилавов, Ф.Ҳайдароваларнинг илмий ва илмий-педагогик фаолиятлари алоҳида ўрин тутади. Улар ўзларининг изланишлари ва етук мутахасислар тайёрлаш фаолиятлари билан олий таълим муассасамиз нуфузини кўтариб келдилар.
Археология мактаби - СамДУда археология бўйича илмий йўналишга 1944-1945 ўқув йилларида асос солинган бўлиб, унинг асосчилари сифатида академик Яҳё Fуломов ва профессор Д.Левл, М.Журавкуловларни таъкидлаш лозим.
Фалсафа мактаби - Самарқанд фалсафа мактаби 1930-1940 йилларда академик Иброҳим Мўминов раҳбарлигида шакллантирилган бўлиб, ҳозирда мактаб вакиллари Марказий Осиё маънавий тараққиётининг фалсафий муаммолари (умумбашарий ва минтақавий жиҳатлар), Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий тарақиётининг объектив ва субъектив омиллари, Ўзбекистонда демократик қуриш назарияси ва амалиёти муаммоларини ўрганишга қаратганлар.
Молекуляр оптика илмий мактаби - Санкт-Петербург университети профессори М.Вукснинг бевосита ташаббуси ва ёрдамида академик Акбар Отахўжаев томонидан 1960 йилларда яратилган.
Мактабнинг айни пайтдаги вакиллари ёруғликнинг молекуляр сочилиши ва ютилиши муаммолари, ёруғликнинг комбинацион сочилиши, инфрақизил спектроскопия, ночизиқли оптик жараёнлар, молекуляр люминесценция, газ ва суюқ аралашмаларнинг тебраниш спектрларини ўрганиш, лазер спектроскопияси соҳаларида изланишлар олиб бормоқда. Бу соҳадаги туркум ишлар учун академик А.Отахўжаев, проф.Л.Собиров Беруний давлат мукофотига сазовор бўлишган.
Ядро ва космик нурлар физикаси илмий мактаби - 1940 йилларда профессор Мусо Мўминов томонидан шакллантирилган бўлиб, ҳозирда илмий йўналишлар акад. Т.Мўминов рахбарлигида олиб борилмоқда. Илмий мактабда ЎзФА Ядро физикаси институти, ЎзМУ қошидаги Амалий физика илмий тадқиқотлар институти, Дубна шаҳридаги Бирлашган ядро тадқиқотлари институти олим-мутахассилари билан ўзаро қамкорликда радиоактив нурланишларнинг моддалар билан таъсирлашуви, радиоактив нурланишларнинг ўсимликларга таъсири, ядро ва элементар зарралар физикаси, тезлатгичлар техникаси, космик нурлар ва астрофизика, квант майдонлар назарияси соҳаларида илмий тадқиқотлар ривожлантирилмоқда.
Магнит ҳодисалари физикаси илмий мактабининг шаклланиши ва бугунги кундаги нуфузи профессор, физика-математика фанлари доктори, Облоқул Қувондиқовнинг фаолияти билан бевосита боғлиқдир. Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб, (нодир) сийрак ер элементларининг электр, магнит ва гальваномагнит хусусиятлари, шунингдек Ni-Cu системасига кирувчи қотишмаларнинг магнит қабул қилувчанлиги ва Холл эффекти лаборатория шароитида тадқиқ этишмоқда.
Дифференциал тенгламалар ва математик физика илмий мактаби - 1940-1950 йилларда СамДУ профессори, ЎзФА аъзоси И.Куклес, академиклар М.Евграфов ва М.Лавреньтевлар томонидан асос солинган.Мактаб вакиллари томонидан физиканинг классик тенгламаси учун Коши масаласини ечишнинг янги усули ишлаб чиқилди, бу усул эластиклик назариясида ва ядро физикаси экспериментларини тушунтиришда ўз тадбиғини топди. Панжарадаги икки, уч ва тўрт даражали Шредингер операторларининг спектрал хоссалари тадқиқ қилинмоқда.
Алгебра ва сонлар назарияси илмий мактаби - профессор Н.Романов ва доцент Р.Искандаровлар томонидан 1940-1950 йилларда асос солинган бўлиб, илмий мактаб вакиллари алгебра ва сонлар назарияси муаммолари билан шуғиланаган.
Ботаника илмий мактаби - профессорлар Е.Проскоряков, Ж.Қабулов, М.Икрамовлар томонидан 1960 йилларда шакллантирилган бўлиб, мактаб вакиллари ботаниканинг назарий ва амалий муаммолари, ем-хашак, доривор ўсимликлар етиштиришнинг баъзи муаммолари ҳамда ўсимликлар физиологияси йўналишларида илмий-тадқиқотлар олиб боришган.
Зоология илмий мактаби - профессорлар И.Туркевич, А.Сагитовлар томонидан 1940 йилларда ташкил қилинган. Унинг асосий илмий-тадқиқотлари соҳаси орнитология бўлиб, ҳозирги пайтда мактаб намоёндаларининг изланишлари Ўзбекистоннинг қуруқликда яшовчи умуртқали ва умуртқасиз ҳайвонлар фаунаси, уларнинг айрим гуруҳларининг экологияси ва муҳофазаси мавзуси ҳамда Ўзбекистон тереофаунасининг шаклланиши ва сут эмизувчиларнинг экологиясини ўрганиш мавзуларига қаратилгандир.
Органик ва аналитик химия мактаби - фаолияти доц. Н.Зокиров, проф. Ю.Курбатов томонидан 1950-1960 йилларда янги моддаларни синтез қилиш ва моддалар таркибини аналитик назорат қилиш усулларини ишлаб чиқишдан бошланган. 1987 йилда ушбу мактаб вакиллари профессорлар Т.Ҳамроқулов, А.Насимов ва доц. А.Абдураҳмоновлар «Табиий хом-ашёларни, баъзи саноат ва озиқ-овқат чиқиндиларини аналитик назорат қилиш услубларини ишлаб чиқиш» туркум тадқиқотлари учун Беруний номидаги давлат мукофотига сазовор бўлдилар.
Табиий география ва геоэкология мактаби - 1960 йилларда шакллана бошлаган бўлиб, унинг ривожланишида профессорлар М.Умаров, А.Абулқосимов, Л.Алибековларнинг ҳиссалари каттадир. Бугунги кунда мазкур илмий мактаб вакиллари Марказий Осиё ва Заравшон воҳасининг табиий географияси, ландшафтшунослиги, йўлланиш муаммолари ва геоэкологияга оид тадқиқотлар билан шуғулланмоқдалар. Шунингдек, география факультетида Италия ва Бельгиялик олимлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ўқув-илмий тадқиқот маркази - «Урбалайф» лабораторияси фаолият кўрсатмоқда.
Б.ЭРГАШЕВ,
Шароф Рашидов номидаги СамДУ тарихшунослик ва манбашунослик кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор.