Ургут тумани ҳокимлигининг собиқ ходимига суд ҳукми ўқилди
Шу йил 20 январь куни Самарқанд вилоят прокуратураси томонидан давлат хавфсизлиги хизмати вилоят бошқармаси ва Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Ургут тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Н.Ш. ва унинг шериги Н.И. ўз ваколатига кирмаса-да “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида мавжуд захира ерлардан 1 гектар ер майдони ажратиб беришни ваъда қилиб, эвазига фуқародан 30 минг АҚШ доллари миқдорида пул талаб қилиб, унинг 15 минг долларини олган вақтда ушланган. Мазкур ҳолат юзасидан жинояти иши қўзғатилган эди.
Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судининг яқинда ўтказилган очиқ суд мажлисида мазкур жинояти иши кўриб чиқилди.
Ф.Худойбердиев раислигида ўтган суд мажлисида судланувчи Н.Ш. Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28 ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилди ва унга базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз баравари миқдорида (89 миллион 200 минг сўм) жарима ва 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, уч йил муддатга давлат бошқарув тизимида, корхона, ташкилот ёки муассасаларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.
Жиноят кодексининг 25 ва 168-моддаси 4-қисми “а” банди ҳамда 28 ва 211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилган судланувчи Н.И.га эса базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз баравари миқдорида жарима (89 миллион 200 минг сўм) жарима ва 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.