Ургутда “опий” ва “героин” гиёҳванд моддаларини олиб юрган шахс ушланди

Самарқанд вилоят ИИБ жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ходимлари томонидан Ургут туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида “Сариқтепа” маҳалласида ҳаракатланаётган “Кобальт” русумли автомашина ходимларда шубҳа уйғотган...

Туман ИИБ биносига олиб келинган ҳайдовчи, 1975 йилда туғилган фуқаро Б.М. тинтув қилинган вақтда, эгнидаги қора рангли спорт кийимининг ўнг чўнтагидан 3 дона целлофан пакетга солинган оқ рангли, “героин” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш моддалар ва чап чўнтагидан 10 дона целлофан пакетга алоҳида-алоҳида қилиб қадоқланган қора рангли “опий” гиёҳвандлик моддасига ўхшаш модда ва 1 дона электрон тарози борлиги аниқланган. Ушбу ҳолат холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.

Вилоят ИИБ эксперт-криминалистик бўлимининг маълумотномаларида Б.М.дан далилий ашё сифатида олинган 3 дона целлофан бўлакларига “героин” гиёҳвандлик моддаси турига кириши, уни соф оғирлиги 2,96 граммга тенглиги, 10 дона целлофан бўлакларига қадоқланган модда “опий” гуруҳига мансуб бўлган гиёҳванд алкалоидлар-морфин, кодеин, тебаин мавжудлиги, бу модда “опий” гиёҳвандлик моддаси турига кириши, уни соф оғирлиги 8,69 граммга тенг эканлиги кўрсатилган.

ИИВ Тезкор-қидирув департаменти хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.