Ургутда кўпкарили тўй қандай ўтказилади? Нега суннат тўйларни қисқартиришни ўйламаймиз?

Кўпкарили суннат тўй деганим эҳҳе, сўраманг. Тушунарли бўлиши учун бу тўйни тадбирларини рўйхат қилиб ёзаман.

  1. Тўйдан камида ўн кун олдин "хат ёзар" бошланади. Бунда узоқ-яқиндаги қариндошлар, қўни-қўшни, таниш-билишлар чақирилади. Камида 30-40 киши йиғилади. Ош дамланади. "Хат ёзди" маъракачаси камида 2 кун, кўпкарилик тўйда эса 4-5 кунлаб давом этади.
  2. "Хат ёзди" тугагандан кейин то тўйгача ҳар кун 20-30 чоғлик меҳмонлар келаверишади. Ҳар куни 8-10 кг гуруч дамланади.
  3. Тўйдан 2 кун олдин "Маслаҳат оши" бўлади. Бунда қўни-қўшни, қариндош-уруғ, таниш-билишлар ва маҳалла аҳлидан камида 100 киши бўлади. 20-30 кг гуруч дамланади.
  4. Тўйдан 1 кун олдин "Сабзитўғрар" бўлади. Бунда бутун маҳалла чақирилади. Камида 60-70 кг гуруч дамланади.
  5. Тўй куни эрталаб наҳор оши берилади. Ҳозир энг оддий тўйларда 2-3 қозонда 50-60 кг гуруч солиб ош дамланади. Агар тўй қилаётган одамнинг таниш-билишлари кўп бўлса 4 қозон ош дамланади.
  6. Агар, тўй кўпкарили бўлмай, оддий бўлса наҳор ошидан кейин тушларда алоҳида базм бўлади. Бунда кимдир эркак ва аёлларни аралаш қилиб ўтказса, кимдир аёлларни ўзини чақириб ўтказади. Кимдир эса ана шу базмни эркаклар учун алоҳида, аёллар учун алоҳида қилиб беради.

Эшитишимга қараганда, бошқа жойларда бундай тўйлар бир кунда ўтиб кетаркан. Масалан, Тошкентда суннат тўйини енгилгина қилиб, кўпинча уйга озроқ одам чақириб ақиқа тарзида ўтказиб юборишади.

Ургут туманида нега одамлар суннат тўйни қисқартиришмайди? Халқимиз ўзгариши ва маъракабозликни камайтириб, уларга сарфлаётган пулларни болаларининг таълимига, оиланинг кам-кўстига ишлатиши керак. Агар маъракаларга бўлган муносабатимизни ўзгартирмасак, роса бойиб кетсак ҳам бор пулимизни маъракаларга сарфлаб, шу ҳолимизда ўтиб кетаверамиз.

Ғайрат Йўлдош.