Ургутда маст ҳолатда транспорт воситасини бошқарган маҳалла раисига жазо тайинланди

Ургут тумани Бешёғоч МФЙ раиси лавозимида ишлаб келаётган М.Ф. 2017 йил 28 март куни жиноят ишлар бўйича туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 131-моддаси 1-қисми ва 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 37-моддасига асосан М.Ф. маъмурий жазога тортилмаган ҳисобланса-да, ушбу содир этган ҳуқуқбузарлиги учун жазоланганлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, айнан шу турдаги ҳуқуқбузарликларни яна содир қилган.

Жорий йилнинг 9 январь куни соат 22:35 ларда М.Ф. бошқарувида бўлган “ВАЗ-21063” русумли, 30 G 334 FA давлат рақамли автомашинада амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 7, 12-бандлари талабларини қўпол равишда бузиб, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари ёнида бўлмасдан, спиртли ичимлик истеъмол қилган, мастлик ҳолатида Ургут ва Тойлоқ туманларини бирлаштирувчи А-377 автомобиль йўлининг 32-километрида бошқариб кетаётган вақтида Самарқанд вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, тиббий текширувдан ўтказилган ва ушбу фуқаронинг транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариб келганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган. 

Туман маъмурий суди томонидан М.Ф.га нисбатан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиши жараёнида, у томонидан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир қилинганлиги сабабли 2019 йил 18 октябрь куни туман маъмурий суди томонидан унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари миқдори жарима жазоси тайинланганлиги аниқланди.

Маъмурий суднинг 2020 йил 11 май кунги қарори билан М.Ф. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 131-моддаси 1-қисми ва 135-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир қилганликда айбли деб топилиб, шу кодекснинг 34-моддасига асосан унга нисбатан 2 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари, яъни 5.575.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Акмал АЛИМОВ,

Ургут тумани маъмурий суди раиси.