Ургутдаги Халқ қабулхонасига тушган 8349 мурожаатдан 6 мингдан ортиғи ижобий ҳал этилган
Шу йилнинг ўтган 10 ойи давомида тумандаги Халқ қабулхонаси томонидан амалга оширилган ишлар, аҳоли мурожаатларининг ўрганилиши ва уларнинг амалдаги ижроси билан танишдик.
Халқ қабулхонаси мудири Абдуазиз Худойбердиевнинг таъкидлишича, ўтган давр мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан 8349 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 6101 таси ёки 78,9 фоизи қаноатлантирилган. 1357 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ва 615 таси ўрганишдаги мурожаатларни ташкил этмоқда.
- Халқнинг дардини, мурожаатларини эшитиш, уларга ечим топиш асосий вазифамиз, - дейди А.Худойбердиев. - Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида аҳоли томонидан қабулхонамизга асосан болалар нафақаси (654 та), алимент ундириш (475 та), электр энергияси таъминотидаги узилишлар (291 та), суюлтирилган газ билан таъминлаш (259 та), уй-жой (181 та), маҳалла ички йўлларини таъмирлаш (176 та), даволаниш ва жарроҳлик амалиёти учун моддий ёрдам (137 та) билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушди.
Халқ қабулхонасига туманнинг Чағизмон, Қуйи Торинжак, Чоштепа маҳаллаларидан энг кўп йўл, электр, суюлтирилган газ ва ичимлик суви таъминоти, алоқа (интернет) тармоғи ҳамда ижтимоий объектлардаги муаммолар юзасидан мурожаат келиб тушган.
Жорий йил март ойида маҳалламиздаги муаммолар юзасидан туман Халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдик, - дейди Чағизмон маҳалласи раиси Асқар Маҳмудов. – Туман ва вилоят Халқ қабулхоналари ҳамда вилоят ҳокимлигининг амалий ёрдами билан июль ойида маҳалламиз аҳолисига 50 дона маиший газ баллон берилди. 1 километр масофага алоқа тармоғи ҳамда 1 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортилди. Маҳалламиздаги иккита кўчада 6,4 километр масофада асфальт ётқизилди. Ҳозирги кунда 1978 йилда қурилган давлат мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ҳамда ички йўлларни таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
Қуйи Торинжак маҳалласида яшовчи М.Маҳмудов Халқ қабулхонасига ҳудуддаги аҳолининг электр энергияси таъминотини яхшилаш юзасидан мурожаат қилган. Мазкур мурожаат асосида маҳалла ҳудудига қўшимча 100 киловаттли янги трансформатор пункти ўрнатиш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 60 миллион сўм маблағ ажратиш бўйича халқ депутатлари туман Кенгашининг қарори қабул қилиниб, янги трансформатор ҳамда 8 та электр бетон устунлари ўрнатилган, 400 метр электр тармоғи тортилган. Натижада маҳалладаги 50 та хонадоннинг электр таъминоти яхшиланган.
Чоштепа маҳалласи туман марказидан 20 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Чоштепа, Қумбелсой ва Полвон қишлоқларидан иборат. Маҳаллада 3272 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Маҳалла раиси Умид Рўзиқуловнинг айтишича, ҳудудларни ободонлаштириш ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш тадбирлари давомида маҳалладаги қабристон ободонлаштирилган, аҳоли хонадонларига 150 тонна кўмир ва 80 та суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилган, 2 та ижтимоий соҳа объектларини иситиш тизимлари текширилиб, мўрилари тозланган. Шунингдек, тумандаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан Божхона қўмитаси, вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамкорлигида ҳамда тадбиркорларнинг ҳомийлик маблағлари хисобидан маҳаллада узунлиги 700 метр, кенглиги 4 метр бўлган тупроқ ва қум-шағал йўлларга асфальт ётқизилган.
Айтиш жоизки, ушбу маҳаллада ўтган йили “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида белгиланган режа асосида 1,885 километр асфальт ётқизиш, 10,3 километр тоза ичимлик суви тармоғи тортиш, 3 та янги артезиан қудуғи қазиш, 2 километр пиёдалар йўлаги ташкил этиш, 55 та симёғочларни алмаштириш, 50 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатиш, 1 километр алоқа тармоғи тортиш ҳамда аҳолига 53 дона маиший газ баллон билан таъминлаш ишлари тўлиқ бажарилган.
Сектор раҳбарларининг жойларда ўтказаётган сайёр қабулларида ҳам аҳолини қийнаётган масалаларга ечим топилмоқда. Жумладан, 3-сектор раҳбарининг шу йил 12 май куни Тўрткўл маҳалласида ўтказган сайёр қабулида Ғиждувон маҳалласида яшовчи Муҳаммади Раҳмонов маҳалланинг асосий ички йўлини шағаллаштиришда амалий ёрдам сўраган. Бу масала бўйича тегишли ташкилотлар томонидан амалий иш олиб борилиб, 1 километр ички кўчага шағал ётқизилган.
Тўртинчи сектор раҳбари ҳам Боғишамол маҳалласидаги сайёр қабулда қилинган мурожаат асосида Катта Торинжак маҳалласидаги яроқсиз ҳолга келган алоқа тармоғи бетон устунларини алмаштиришга ёрдам берган ва 150 метр алоқа тармоғи тортилган.
Тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилганлар орасида тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида субсидия асосида асбоб-ускуна ёки имтиёзли кредит сўраган ишсиз фуқаролар ҳам бор. Ҳозирда улар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиб, маҳалладошларини ҳам иш билан банд қилган. Ана шундай фуқаролардан бири Бешкапа маҳалласида яшовчи “Zarina sifat textil” МЧЖ раҳбари Зарина Расуловадир.
- Икки йил олдин “Аёллар дафтари”га киритилган эдим, - дейди З.Расулова. - Тадбиркорлик фаолиятимни бошлаш ва имтиёзли кредит олиш мақсадида тумандаги Халқ қабулхонасига мурожаат қилдим. Шундан кейин 15 миллион сўм имтиёзли кредит берилди. Туман ҳокимлиги томонидан ажратилган бинода тикувчилик цехи ташкил қилдим ва беш нафар хотин-қиз билан фаолиятимни бошладим.
Цехда миллий чопоннинг ярим тайёр маҳсулотини битириб, дастлаб савдогарларга сотган бўлсак, ишларимиз ривожланиб, кейинчалик ўзимиз бозорга сотдик ва заводларга етказиб беришни йўлга қўйдик. Айни пайтда Ургут, Оқдарё ва Нурободда 600 нафардан зиёд хотин-қизлар касаначилик билан шуғулланмоқда. Яқинда Нуробод туманининг олис қишлоқларидан бири - Жомда ҳам цех ташкил қилдик, тумандаги 3-мактабда, Улус ва Дўстлик маҳаллаларида ҳам хотин-қизларнинг касаначилик билан шуғулланиши учун шароитлар яратилди.
Фазлиддин Рўзибоев.