Уруш қатнашчиси пенсиясига устама қўшиладими?

Газетада уруш қатнашчиларининг пенсиясига пул қўшилади, деб ўқиган эдим. Бунинг учун қаерга мурожаат қилиш керак?

А.Раҳматов.

- Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида пенсияларга устамалар бериш тартиби белгиланган.

Унга кўра, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг пенсия пулларига пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 50 фоизи миқдорида устама берилади. Бугунги кунда пенсиянинг базавий ҳисоблаш миқдори 372 минг сўм ва унинг 50 фоизи 186 минг сўмни ташкил қилади.

Устама олиш учун фуқаронинг уруш қатнашчиси ёки унга тенглаштирилган шахс эканлигини тасдиқловчи маълумот (гувоҳнома) билан Пенсия жамғармаси ҳудудий бўлимларига мурожаат қилиш мумкин.

Саволга Самарқанд шаҳар бюжетдан ташқари Пенсия жамғармаси бош мутахассиси Зебинисо Узоқова жавоб берди.