Ватан тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди
Шу йилнинг 19 февраль куни давлатимиз раҳбари “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармон ва “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 80 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарорни имзолаганди.
Фармонда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг ҳар бирига 10 минг АҚШ долларидан, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларнинг ҳар бирига 25 миллион сўмдан, 1941–1945 йиллардаги уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларининг ҳар бирига эса 3 миллион сўмдан пул мукофотлари берилиши белгиланди.
Бир неча кундан сўнг эса Президент фармони билан “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медали таъсис этилди.
Ўша пайтда вилоятимизда 4 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва 263 нафар фронторти меҳнат фахрийси ҳаёт кечираётганди.
Афсуски, орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтиб, уруш қатнашчилари сони яна икки нафарга, фронторти меҳнат фахрийлари 11 нафарга камайди. “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлимидан шу маълумотларни олар эканман, бу фахрийларимиз умрига умр қўшиш учун уларга ҳар лаҳзада эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш кераклиги бежиз айтилмаслигига яна бир бор амин бўлдим.
Бўрон Гадоев ва Аҳад Очилов – бугун Иккинчи жаҳон урушининг Самарқанддаги тирик гувоҳлари, ўша олис ва оғир йилларни ўз тақдирида, танасида ҳис қилган инсонлар, икки асрни кўрган ва асрга тенгдош отахонлар.
Бўрон Гадоев 1925 йилда Ургут туманидаги Испанза маҳалласида туғилган. Урушга 1943 йилда 18 ёшида юборилган. 7-Белоруссия фронтида хизмат қилган. 3 йил давомида 91-инженерлик қўшинида бўлим бошлиғи бўлган.
1946 йилда хизматдан қайтиб, ҳаётини педагогика соҳасига бағишлаган. 5 нафар фарзандни вояга етказган. Ҳозирда юздан ортиқ невара, эвара, чевараларнинг дуогўй бобоси. Бир неча йил олдин отахоннинг хонадонида бўлиб, у киши билан суҳбатлашганимизда айтган гаплари ҳеч ёдимдан чиқмайди.
– Қарийб эллик йил муаллимлик қилдим, мактабни бошқардим, ёшларга таълим-тарбия бердим, – деганди Бўрон бобо. – Худога шукр, барча соҳаларда ишлайдиган шогирдларим кўп. Йўқлаб туришади, хурсанд бўламан. Шогирдларимга, бугунги ёшларга кўп айтаман-да: бундай тинч-хотиржам замон ҳеч қачон бўлмаган. Ўзим ҳам ҳар куни Яратгандан тани сиҳатлик, хотиржамлик сўрайман. Бошқа нарсаларга меҳнат билан эришиш мумкин. Лекин танингиз соғ бўлмаса, уйда, юртда хотиржамлик бўлмаса кўнгилга ҳеч нарса сиғмайди-да. Хотиржамлик учун бугун ҳамма ҳамжиҳат бўлиши керак.
Аҳад Очилов 1925 йилда Самарқанд туманидаги Саховат маҳалласида туғилган. 1942 йилда урушга кетган. 2-Украина фронтида жангларда қатнашган. Урушдан кейин Аҳад Очилов ҳам таълим соҳасида меҳнат қилган. 1949 йилдан 2006 йилгача Самарқанд туманидаги 3-ўрта мактабда ўқитувчи, илмий бўлим мудири сифатида фаолият кўрсатган. Умр йўлдоши Зубайда Очилова билан уч ўғил, уч қизни камолга етказган.
– Танкчилар дивизияси билан Днепр, Украина, Молдавия, Венгрия, Чехословакияни озод қилишда иштирок этдим, – деб уруш йилларини хотирлади шу йилнинг 10 март куни 100 ёшга тўлган Аҳад Очилов. – Германияда бўлдим. Бу қирғинбаротда ёш бошим билан омон қолганимнинг ўзи мўъжиза. Қайтиб келганимда юртимизда турмуш тарзи, одамларнинг ҳаёти жуда оғир эди. Ҳамма нарса фронтга юборилган, йўқчилик, очарчиликни бошдан ўтказдик. Мен кўрган нарсаларни ҳеч бир авлодим кўришини истамайман...
Ҳа, урушни кўрганлар, ўша давр қийинчиликларини бошидан ўтказганлар ҳеч кимга ўша қийинчиликларни раво кўрмайди, у кунларни хотирлашни ҳам исташмайди. Фақат бугунги авлод тинчликнинг, хотиржамликнинг қадрига етиши учун ўзлари бошидан ўтказган кунларни кўзда ёш билан хотирлаб, айтиб беришади.
– Шу кунларда вилоятимиздаги таълим муассасалари, маҳаллалар, корхона ва ташкилотларда “Ватан равнақи, тинчлиги ва ҳимояси йўлидаги қаҳрамонлик унутилмайди!” шиори остида Хотира ва қадрлаш куни ва Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги нишонланмоқда, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Шуҳрат Негматов. – Сана муносабати билан жойларда кекса авлод вакиллари билан учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Фахрийларга алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилмоқда. Албатта, бугун икки нафар уруш қатнашчиси ва 252 нафар фронторти меҳнат фахрийларини бу тадбирларга таклиф этиш қийин, уларнинг энг ёши ҳам 90 дан ошган. Шунинг учун бу фахрийларимизни кўп безовта қилмаган, уринтирмаган ҳолда уларни хонадонига бориб, йўқлаяпмиз, ҳол-аҳвол сўраяпмиз. Тегишли ташкилотлар томонидан зарур тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда, уй-жойларини таъмирлаш, саломатлигини тиклашга кўмаклашилмоқда. Фахрийларимизга Президент фармони асосида пул мукофотлари ва “Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 80 йиллиги” эсдалик юбилей медалини, давлатимиз раҳбарининг табрикномалари ва қимматли совғаларини топширяпмиз.
Ғолиб Ҳасанов.