Урушда ғолиб бўлмайди
Ёшлигимиз кечган ўтган асрнинг иккинчи ярмида дунё халқларининг боши узра пайдо бўлган энг катта хатар атом уруши эди. Кунда бўлмаса, кунора матбуот, радио ва телевидение орқали водород ва нейтрон бомбалари ҳақидаги даҳшатли хабарлар тарқаларди. Улардан бирида айтилишича, агар бомбалар бирданига портлатилса, Ер курраси орбитасидан чиқиб кетиши ҳам мумкин экан.
Хайриятки, Михаил Горбачёв деган инсон совет ҳокимияти тепасига келгач, бу даҳшатли эҳтимолга барҳам берилди. Собиқ СССР ва АҚШ ўртасида ядро қуролини биринчи бўлиб ишлатмаслик ҳақида шартнома имзоланди. Аср охирларига келиб “совуқ уруш”га барҳам берилди. Инсоният, ниҳоят, енгил тин олди.
Афсуски, ХХI асрга келиб, башарият бошида янги, янада даҳшатлироқ қўшалоқ хавф вужудга келяпти. Булардан биринчиси: иқлимнинг глобал исиб бораётганлиги.
Олимларнинг фикрича, ер юзидаги умумий ҳароратнинг атиги бир даражага ўзгариши ҳам қайтарилмас жараёнларнинг бошланиб кетишига сабаб бўлар экан. Бугун биз бу ҳолатнинг дастлабки оқибатларини кўриб турибмиз. Арктика ва Антарктидадаги минг йиллардан буён сақланиб келаётган асрий музликлар эриб, океанлар сув сатҳини кўтармоқда. Бу биздан узоқдаги ҳодисалар бўлгани учун кўпчилик эътиборидан четда. Аммо ўзимиз сувидан баҳраманд бўлиб турган Помир тоғларидаги қадимий музликларнинг учдан бир қисми эриб битаётганини эшитиб, киши кўнглига ғулғула тушади.
Яқинда матбуотдан Тойлоқ туманидаги оби ҳаёт - доимий қайнаб турган булоқнинг қуриб қолгани ҳақида ўқиб, ўйланиб қолдим. Балки, бу булоқнинг қуришига иқлим ўзгаришларининг алоқаси йўқдир. Бироқ нега унинг асрлар давомида қуримаган кўзлари келиб-келиб бизнинг давримизда «юмилиб» қолди? Бу келажакда бўладиган нохуш ҳодисаларнинг дебочаси эмасмикан, деган ўйга боради киши.
Ер сайёрасидаги азалий яшил муҳитларнинг чўлланаётгани, об-ҳаво меъёри бузилиб, фасллар бир-бирига аралашиб кетаётгани, ғайриодатий табиий ҳодисалар рўй бераётганлигига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлиб турибмиз. Айтайлик, бизнинг мўътадил иқлимимизда апрель-май ойларида ҳароратнинг манфий даражага тушиб кетиши кейинги йилларда одатий ҳол бўлиб қолди. Натижада, мева-сабзавотларни совуқ уриб кетиши ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Бундан мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги зарар кўрмоқда. Олимларимиз Ер атмосфераси илиқлашиб бораётган бир пайтда содир бўлаётган бундай ғайритабиий ҳодисаларнинг тагига ета билмаяпти.
Инсониятга хавф солиб турган замонавий хатарнинг иккинчиси - биотерроризм. Ривожланган мамлакатлардаги минглаб лабораторияларда одамлар соғлиғини сақлаш борасида илмий тажрибалар олиб борилаётган бўлса, яна минглаб шундай биолабораторияларда биологик ажал қуролларини яратиш устида илмий изланишлар ўтказилаётир. Кейинги кунларда интернет тармоқлари орқали бу борада эътиборга молик иккита хабар тарқалди. Уларнинг бирида айтилишича, америкалик олимлар Стивен Куэя ва Ричард Мюллер SARS-CoV-2 вируси сунъий йўл билан яратилганлигига ишора қилувчи исботларни жамоат ҳукмига ҳавола қилган. Уларнинг бу ҳақдаги мақоласи «The Wall Street» нашрида чоп этилиб, коронавирус геномида унинг лабораторияда яратилганидан дарак берувчи белги мавжудлиги билдирилган. Ушбу белги геномлар кетма-кетлигида акс этган бўлиб, бундай ҳодиса табиий шароитда деярли вужудга келмас экан. Табиатдаги мавжуд коронавирусларнинг деярли барчасида бундай геномлар комбинацияси шу пайтгача аниқланмаган.
20 май куни АҚШ Конгресси вакиллар палатасининг разведка бўйича қўмитаси ҳам коронавирус Хитойнинг Ухан шаҳридаги вирусология институтидан ташқарига чиққанига ишора қилувчи исботлар борлигини маълум қилган.
Бу борадаги яна бир хабар Daily Beast нашрида эълон қилинди. Унда ёзилишича, Хитой давлат хавфсизлик вазири ўринбосари Дун Цзинвэй АҚШ билан ҳамкорлик қилишда гумонланмоқда. Нашр маълумотларига кўра, амалдор АҚШ ҳукуматига COVID-19 вирусининг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотларни бериш учун Гонконгдан қизи билан Америкага қочиб кетган. Гумон қилинишича, Дун АҚШ президенти маъмуриятига Ухан вирусология институти тўғрисида маълумот берган.
Манбаларда айтилишича, Хитой маъмурлари қочоқ амалдорни қайтариб беришни америкаликлардан талаб қилган.
Бироқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен буни рад этган. Кўриниб турибдики, шамол бўлмаса, дарахт шохи қимирламайди, деганларидек коронавирус пандемияси ҳақидаги барча маълумотлар Ухандаги лабораторияга олиб бормоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари бу ҳақдаги хабарларни текшириш учун Хитойга сафар қилишганда уларни хушмуомалалик билан қабул қилган бўлсалар-да, лабораторияларга кириш ва ишни ўрганишга рухсат беришмади.
Ковид касаллигини ўз бошидан кечирган киши сифатида айтишим мумкинки, у касалликдан кўра, кўпроқ заҳарланиш ҳолатига ўхшаб кетар экан. Бундан ташқари, табиий хасталиклар одам танасида у қадар оғир асоратларни деярли қолдирмайди. Мен эса, мана, қарийб бир йилдирки, тамоман тузалиб кетганимча йўқ. Аксинча мадорсизлик, қон босими, қоннинг қуюқлашиши каби янги дардларни ҳам орттириб олдим. Шу маънода, оммавий қирғинга сабаб бўлаётган биологик тадқиқотларга чек қўйиш худди атом қуролидек тақиқлаб қўйилиши зарур.
Яқинда Женева шаҳрида АҚШ ва Россия Федерацияси президентлари ўртасида бўлиб ўтган учрашув жаҳон ҳамжамияти орасида янги умидларни пайдо қилди. Маълумки, шу пайтгача бу икки давлат орасига тушган совуқчилик жаҳон афкор оммасини безовта қилиб келаётган эди. Учрашув деярли катта самара бермаган бўлса-да, томонлар ядро уруши хатарининг олдини олиш, халқаро терроризмни жиловлаш, қуролланиш пойгасига барҳам бериш сингари долзарб масалаларни муҳокама қилишганининг ўзи диққатга сазовор. Бу борада фикрлар бир жойдан чиқмаган масалалар ҳам бўлдики, ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун ҳали анча-мунча ҳаракат қилишга тўғри келади. Кишида шундай тасаввур пайдо бўладики, АҚШ президенти Байден Россия президенти Путин билан эмас, унинг ортида турган ядро каллакли ракеталар билан музокара қилаётгандек. Нега десангиз, рус маъмурлари томонидан зарур бўлган тақдирда, атом қуролларини қўллаш ҳақидаги дўқ-пўписалар ҳамон янграб турибди.
Бир пайтлар совет пропагандаси бизга дунёдаги барча муаммоларнинг манбаи империалистик ғарб дунёси эканлигини иддао қиларди. Унинг чириб, тўкилиб бораётгани ва саноқли умри қолганини айтарди. Маълум бўляптики, бу гапларнинг бари тескари экан. Эндиликда барча иллатларнинг уяси авторитар диктатуралар ҳукмронлиги остидаги мамлакатларда экани аён бўлиб қоляпти. Ҳеч бир урушда ғолиб бўлмайди. Бунга тарихдан истаганча мисоллар келтириш мумкин. СССР Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қилган эди. Аммо тарих ҳукми билан дунё харитасидан ўчиб кетди. Германия, Италия ва Япония мағлуб бўлганди. Кўз ўнгимизда улар дунёнинг энг ривожланган мамлакатларига айланди. Хулоса шуки, уруш гарчанд, у ғолибона бўлса ҳам, аслида, мағлубият. Чунки у емирувчи куч. Тинчлик эса мағлуб бўлиб кўринса-да, ҳамиша ғолиб, бунёдкор!
Худойберди Комилов,
“Зарафшон”нинг сиёсий шарҳловчиси.