USAID ҳуқуқшунос ўқитувчилар учун гендер тенглик бўйича тренинг ташкил этди

USAIDнинг Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури томонидан Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги 14 та юридик коллежда ўтказилган “Гендер тенглиги ва таълимда гендер ёндашувини қўллаш” мавзусидаги тренингда ўқитувчилар фанларни ўқитишда гендер тенглиги ёндашувини жорий этиш бўйича саводхонликларини оширди.

- Тренинг иштирокчилари мамлакатимизда гендер тенглигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари, гендер таълимнинг долзарблиги ва бу борадаги илғор халқаро тажрибага оид билим ва кўникмаларини оширдилар, - дейди Самарқанд юридик коллежида ташкил этилган семинар-тренингда коллеж директори ўринбосари Жамшид Отақулов. - Шунингдек, ўқитувчилар гендер стереотиплари, аёлларни камситиш ва уларнинг ҳуқуқлари бузилишига қарши кураш усуллари билан яқиндан танишиб, фанларни ўқитишда гендер нуқтаи назаридан ёндашув ва стратегияларни биргаликда муҳокама қилиш ва ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлди.

USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантириш, ҳуқуқшунос мутахассислар ва ўқув муассасаларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, гендер тенгликни рағбатлантириш борасидаги саъй-харакатларини қўллаб-қувватлайди.