Устоз қадри – миллат тафаккурининг ўлчови

Жамият ҳаётида шундай соҳа борки, у ҳар қандай тараққиёт, ислоҳот ва ислоҳотчиларнинг муқаддимасига айланади. Бу – таълим соҳаси.

Зеро, фақат билим, тарбия ва маърифат билангина миллатнинг истиқболи таъминланади, давлатнинг келажаги мустаҳкамланади. Шу маънода, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бугун ўқитувчилар билан бўлиб ўтган самимий ва мазмунли учрашуви нафақат бир соҳанинг, балки бутун жамият тараққиётининг йўналишини белгилаб берувчи муҳим воқелик сифатида тарихга кирди.

Президентимиз ўз нутқида келтирган ҳар бир рақам — бу шунчаки статистика эмас. Бу узоқ йиллар давомида тўпланган муаммоларга аниқ, мантиқий ва қатъий ечимлар тақдим этувчи тизимли ёндашув  натижаси. Ўқитувчиларнинг моддий рағбатлантирилиши, таълим муассасалари тармоғининг кенгайиши ва замонавий мактаб концепциясининг амалиётга жорий этилиши — буларнинг барчаси ўзгариш эмас, балки тартибли эволюция, давлат таълим сиёсатининг янги босқичга кўтарилганини англатади.

Давлатимиз раҳбарининг “Сизлар мен учун энг яқин маслаҳатчиларсиз” деган сўзлари —  дилимдан чуқур жой олди. Чунки бу гаплар ортида фақат меҳр эмас, балки катта ишонч ва масъулият мужассам. Ўқитувчи энди шунчаки ижрочи эмас. У – фуқаролик жамиятининг фаол иштирокчиси, миллий тафаккурни шакллантирувчи, келажак авлоднинг руҳий меъмори.

Бу ишонч биздан фақат дарс ўтишни эмас, балки фидойилик, янгича фикрлаш, илмий ёндашув ва олийжанобликни талаб қилади. Ўқитувчи – билим берувчигина эмас, балки муҳит яратувчи. Унинг ички дунёсини, меҳнатига бериладиган муносабатни тўғри шакллантирмасдан туриб, таълим сифатини ошириш мумкин эмас. Шукрки, бугунги сиёсат — айнан шу руҳий эҳтиёжни теран ҳис этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан берилган баҳо, устозлар зиммасига юкланган масъулият ва уларга яратилган шарт-шароитлар — бу жисмоний ечимларгина эмас. Бу — руҳий қувват манбаи, ўқитувчининг ўзини жамиятда керакли, қадрли ва ифтихорли шахс сифатида ҳис этишига туртки десам муболаға бўлмайди. Бундай руҳий тикланиш эса нафақат педагогнинг шахсий ҳаётида, балки бутун таълим муҳитида ижобий акс этади.

Албатта, билим, кўникма ва тарбия — бугунги глобал рақобатда энг кучли "қурол" ҳисобланади. Ана шу қуролни ёш авлодга бериш — ўқитувчи орқали амалга ошади. Демак, ҳар бир ўқитувчи, унинг салоҳияти юрт тараққиёти, ёрқин келажагининг ажралмас қисмига айланмоқда.

Мен, халқ вакил сифатида ҳам, мактаб директори сифатида ҳам, биринчи навбатда оиласи, жамияти ва миллатини севувчи муаллим сифатида ҳам ишонч билан айтаман: бугун устозга нисбатан бутунлай янги ёндашув бошланди. Унинг фикри эшитиляпти, сўзи қадрланяпти, ҳақ-ҳуқуқи ҳимоя қилиняпти, меҳнати эътироф этиляпти.

Энди эса навбат бизда.

Энди устозлар ўз устида кўпроқ ишлаши, рақобатбардош бўлиши, узлуксиз ўрганиши ва энг муҳими — Ватан тақдири учун дахлдор шахсга айланиши шарт. Президентимиз айтганидек:

“Янги Ўзбекистон мактабдан бошланади”.

У ҳолда Янги Ўзбекистонни яратиш — аввало устозларнинг қўлида. Ва бу ишончни оқлаш – ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз.

Зебинисо ЮСУПОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати,

Пайариқ туманидаги 6-умумтаълим мактаби директори.