Уйимиз қулаб тушгунча масала ҳал бўлмайдими?
Самарқанд шаҳар, Лев Толстой кўчаси, 2-ёпиқ кўча, 92-уйда истиқомат қиламан. Тўғриси, шу йилнинг май ойидан бошлаб мурожаат қилмаган жойим қолмади. Яъни бизнинг муаммомиз ёмғир ёғиши билан бошланади. Шу йилнинг май ойида ёққан ёмғирлар сабабли уйимизнинг ертўласи сувга тўлди. Сабаби, ушбу кўчадаги барча сувлар бизнинг ҳовлимиз ёнида тўпланади. Ёз бўйи ертўлани қуритишга ҳаракат қилдик.
Мана, ҳадемай яна ёмғир мавсуми бошланади. Гарчи бир нечта тегишли жойларга муаммомизни айтсак-да, ҳеч қандай чора кўрилмаяпти. Кўчадаги ариқ суви шу ерда тўпланиб, барча сув ертўламизга тушаверганидан яқинда уй-жойимизга ҳам жиддий шикаст етади, деган ҳадигим бор. Турмуш ўртоғим ҳаёт бўлганларидаку, бу масалани ўзлари ҳал қиларди. Аммо аёл бошимга қаерга боришни билмаяпман.
Қолаверса, шу кўчада, 90-уйда истиқомат қилувчи қўшнимиз ҳам шу муаммога ечим тополмай овора. Бизларга ким ёрдам беради?
Билишимча, ободонлаштириш бошқармаси кўчалардаги ариқларга масъул. Лекин улар ҳар сафар келиб, елка қисиб кетишдан нарига ўтмаяпти. Уйимиз авария ҳолатига келгунча қараб ўтирайликми?
Мастура Ўсарова.
***
Таҳририятдан: Мурожаат эгасининг "қатор ташкилотларга мурожаат қилган бўлсак-да муаммомиз ҳал бўлмаяпти" деганига қараганда, тегишли ташкилотлар фуқаронинг дардини етарлича ҳис қилолмаган. Ўйлаймизки, тез орада керакли ташкилотлар ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказиб, ўз муносабатини билдиради.