Мен шикоятчиманми? Раис мени шундай деб ҳақорат қилди. Бу ҳақда ҳокимиятга, маҳаллаларнинг каттасига ёздим...
Саволни шундай қўйишга мажбурман! Аввало, мен газетанинг «штатсиз» мухбиридек бўлиб қолганимни бошқалар билмаса ҳам сизлар яхши биласизлар. Ҳар ойда ёзиб тураман. Тўғри, хатларим газетада чиқмайди-ю, унда кўтарилган «проблемалар» ҳал бўляпти-да.
Ўтган ой кўмир масаласида сизларга ёзганимдан сўнг тумандан ва маҳалладан одам келиб, беш халта кўмир ташлаб кетиш чоғида маҳалламиз раиси «аризабозликни бас қилинг энди, ҳадеб маҳалламиздан шикоят ёзаверасизми? Ҳар йиғилишда ҳоким мени уришяпти. Масалангиз бўлса, ўзимга айтинг, ҳал қилиб бераман» деди.
Ана, тўғри гап туққанингга ёқмайди, деганларича бор-да. Жаҳлим чиқди.
Шошма, дедим раисга. Ҳали мен аризабоз, шикоятчи бўлиб қолдимми? Ёзган бўлсам, ҳаққимни сўраб ёзганман. Ёки болаларнинг бир ойлик нафақа пулини олиб қолаётганингни, фермернинг хотини бўлган синглингни «Аёллар дафтари»га киритиб, тикув машинаси берганингни, Америкадаги укангни ишсиз, деб ҳовлисида давлат пулига иссиқхона қуриб берганингни ёздимми? Бекорчи ёшларга берилиши керак бўлган ерни қариндош-уруғинг билан бўлиб олганинг ҳақида ҳеч қаерга ёзмадимку ҳали, дедим. Тўғри айтибманми?
Ростини айтсам, шулар ҳақида ёзмоқчи бўлиб юрувдим, лекин ўзимнинг «проблемаларим» кўпайиб кетди-да. Эсларингда бўлса, уч ой олдин роддомга тушган қизимга дўхтирлар яхши қарамагани ҳақида ёзувдим. Шу хатдан кейин сўров бошланиб кетдими, қизимни уйига келиб кўришди, ул-бул бозорлик ҳам қилиб беришибди, қишлоғимиздаги ҚВП мудираси бўлса, ҳар икки-уч кунда қизимдан ва неварамдан хабар олиб туради ҳозир.
Йўлимиз нотекис, ўйдим-чуқурлиги сабабли «Дамас»имни ҳар ҳафта ремонт қилдираётганим ҳақида вилоят ҳокимига ёзганимдан сўнг, туман йўлчилари келиб, дарвозам олдигача тош тўкиб, текислаб беришди. Мен туфайли қишлоқдошларимнинг ҳам муаммоси ҳал бўлди-ку.
Лекин бир йилдан буён битта масалам ҳал бўлмаяпти. Ўғлимни армияга олишмаётгани ҳақида ёзгандимку, ҳеч шунинг охирига етолмаяпман. Сизлардан ташқари, ҳокимиятга, прокуратурага ҳам ёздим, жавоб бир хил – ўғлингизнинг саломатлиги ҳарбий хизматга олишга тўғри келмайди. Бу ҳарбийларга қайси ташкилотнинг гапи ўтишини билмаяпманда. Билганимда ўшаларга ёзардим. Мабодо сизлар билмайсизларми, қаерга мурожаат қилсам бўлади?
Ҳа, кўмир ҳақида ёзаётгандим. Хуллас, кўмир масаласи ён қўшним маҳалладан беряпти экан, деб дарвозаси олдида бир мошина кўмир тушириб, ака-укалари билан бўлиб олгач пайдо бўлди. Менам маҳаллага бориб, раисдан кўмир беришини сўрадим. Ҳар бир оилага 700 килодан арзон кўмир берилар экан, тўрт-беш қўшни келишинглар, бир мошин тушириб оласизлар, мен хат қилиб бераман, деди. Мен қариндош-уруғ билан келишолмайман-у, қўшнилар билан келишиб кўмир оламанми? Шартта ўтирдим-у, сизларга, «Халқ қабулхонаси» ва ҳокимликка ариза ёздим. Ана, хатнинг кучи билан текин кўмирли бўлиб қолдим.
Айтинглар, шунда мен шикоятчи бўлиб қоламанми?
Раис мени «шикоятчи» деб ҳақорат қилди. Бу ҳақда ҳокимиятга, маҳаллаларнинг каттасига ҳам ёздим. Лекин ҳеч нарса ўзгармаяпти. Раис ўз ўрнида ишлаб юрибди.
Яқинда эшитиб қолдим, ҳақорат қилганлик учун судга мурожаат қилиб, пул ундириш мумкин экан. Судга шундай мурожаат қилсам бўладими ёки уларда алоҳида тартиб борми? Иложи бўлса, шуни менга ёзиб юборинглар!
Ҳозир невараларимдан интернетда ишлаш, телефонда видеолар олишни ўрганяпман. Блогер бўлмоқчиман. Шикоят, ариза ёзиб юрмайман (ўзи кейинги пайтда кўзим ҳам хиралашиб қолган), видео қиламан, интернетга қўйиб юбораман. Шундан кейин ҳам мени биров шикоятчи деб кўрсин-чи?!
Ш.А.